• eye Специальные возможности
Сайлов кампанияси: бахс қизғин бўлади
17.10.2019
3631
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Маҳмуд ИСТАМОВ билан суҳбат.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Маҳмуд ИСТАМОВ билан суҳбат.

 

- Сайлов ўтказишнинг асосий принципларидан бири   очиқлик ва ошкораликнинг таъминланиши билан боғлиқ. Бу йилги сайловларда мазкур тамойил қандай таъминланади?

 

- 2019 йил 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлигига   бўладиган сайловлар аввалгиларидан тубдан фарқ қилади. Чунки, давлатимизнинг ички ва ташқи сиёсатида нақадар улкан ижобий ўзгаришлар ва юксалишлар рўй бераётганини, нафақат халқимиз, балки олам аҳли ҳам кўриб, ҳайрат ва ҳавас билан кузатиб, хайрихоҳ бўлиб турибди. Мамлакатимиз, халқимиз, жамиятимиз, одамларнинг онгу тафаккури ўзгармоқда. Бундан уч-тўрт олдинги Ўзбекистон билан бугунги ўзбек диёрини тенглаштириш қийин. Мамлакатимиз фуқароларининг сиёсий онги ва маданияти ўсиб бораётгани,  жамиятда демократия, очиқлик ва ошкоралик таъминланаётгани бўлиб ўтадиган сайловларда яна бир бор намоён бўлиши шубҳасиз.

 

Бундан ташқари, жорий йилги сайловлар янги қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси асосида ўтказилади. Ушбу ҳужжатда сайловларни умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва принциплар асосида демократик, очиқ-ошкора  ўтказишга хизмат қиладиган ўттиздан ортиқ янги нормалар ва қоидалар жой олгани, илгари амалда бўлган кўплаб чекловлар чиқариб ташлангани мамлакатимизда сайловлар соҳасидаги ислоҳотлар бераётган юксак самаралардандир. Шуниси эътиборга моликки, сайлов қонунчилигини такомиллаштириш сайлов амалиётидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилди, ўз навбатида, энди сайлов қонунчилиги ҳам сайлов амалиётининг ривожланишида катта омил бўлмоқда.

 

Эндиги сайловлардаги ҳар бир овоз эътиборга олинади ва ҳар бир фуқаро давлат ҳокимияти вакиллик органларини шакллантиришда бевосита иштирок этади. Сайловларда очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик амалда кенг таъминланади.  Бу - участка сайлов комиссияларидан то Марказий сайлов комиссиясигача – барча даражадаги сайлов комиссиялари ўз ишини юксак масъулият ва энг юксак демократик принциплар асосида амалга оширишида ўз ифодасини топади. Декабрда бўлиб ўтадиган сайловларга “Янги Ўзбекистон. Янги сайловлар деган ҳаётий сўзлар шиор сифатида танлангани бежиз эмас. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимиз сиёсий тизимини янада демократлаштириш ва сиёсий модернизация жараёнини чуқурлаштиришга хизмат қилади.

    

- Халқаро кузатувчилар аввалги сайловлардагидан кўра кўпроқ бўлиши, хусусан ЕХҲТ вакиллари сайловга тайёргарликдан то овоз беришгача бўлган барча жараёнларни кузатиши айтилмоқда. Бу қанчалик асосли ва амалда қандай натижалар беради?  

 

- Сайловларнинг халқаро кузатуви - дунёда тан олинган амалиёт. Чунки хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар кузатувчиларининг иштироки демократик сайловларни очиқ ва ошкора ўтказишнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Айни шу мақсадда Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси томонидан ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросига (ЕХҲТ/ДИИҲБ) Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловларига тайёргарликнинг боришини баҳолаш учун таклифнома юборилган эди.

 

Эҳтиёжларни баҳолаш бўйича миссия (ЭБМ) сайловолди муҳити ва уларга тайёргарлик жараёнини, мамлакатимизда эркин ва демократик сайловлар ўтказилишини таъминлаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирларни ижобий баҳолади. ЕХҲТ Доимий Кенгаши томонидан мамлакатимизда жорий йилда бўлиб ўтадиган сайловларга тўлақонли кузатув миссиясини юборишни мақсадга мувофиқ деб топилди.

 

Сайлов кодексининг қабул қилиниши ва унинг ЕХҲТ/ДИИҲБ ва Венеция Комиссияси экспертизасидан ўтказилгани тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда. ЭБМ томонидан тақдим этилган ҳисоботда муҳим ижобий ўзгаришлар санаб ўтилган. Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг аҳолини бўлажак сайловлар борасида кенг хабардор қилиш режалари, округ ва участка сайлов комиссияларининг аъзоларини сайловларни ўтказишнинг барча жиҳатлари бўйича сифатли ўқитишга йўналтирилган каскад услубидаги тренингларни бутун мамлакат бўйлаб ташкил этиш, “оилавий овоз беришлар”нинг олдини олиш бўйича тизимли иш олиб бориш, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини амалиётга жорий этиш, имконияти чекланган фуқароларнинг овоз беришда иштирок этиши учун зарур шароит яратиш шулар жумласидандир.

 

- Яқинда Сиз Туркиянинг Анқара шаҳрида “Сайловларни ўтказишда ахборот коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш: Очиқлик ва аудит имкониятлари” мавзуидаги  халқаро симпозимда иштирок этдингиз. Мазкур йўналишдаги қайси илғор тажрибани мамлакатимиз сайлов тизимига жорий этиш зарур, деб ўйлайсиз?

 

- Бугунги кунда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кириб бормаган соҳанинг ўзи қолмади. Сайлов тизими ҳам бундан мустасно эмас. Электрон тизимнинг сайлов жараёнларида қўлланиши нафақат сайлов ташкилотчилари ишини осонлаштиради, балки  сайловларнинг шаффофлигини янада кенгроқ таъминланашга хизмат қилади.

 

Бу борада мамлакатимизда муайян ютуқларга эришилаётирки,  буни жорий йилда Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини (СЯЭР) шакллантириш ишлари жадал давом этаётганидан ҳам билса бўлади. Ушбу тизим илк бор 2017 йилда декабр ойида Тошкент шаҳар Халқ депутатлари туман кенгашларига сайлов давомида синовдан ўтказилди. Тизимнинг синов жараёнда юзага келган айрим камчиликларини бартараф этиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2018 йилдаги “Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарорга асосан ҳозир тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда СЯЭРни тўла шакллантириш ишлари якунига етказилмоқда.

 

СЯЭР асосида Сайлов жараёнини бошқариш бўйича ахборот тизими (СЖБАТ) шакллантирилди. У ўз ичига бир қанча вазифаларни олади ва фуқароларни сайлов участка комиссияларига тақсимлаш, сайловчини ўзи яшаб турган жойга алоқадор участка ҳақида маълумот олиш ҳамда округ сайлов комиссиялари ва участка сайлов комиссиялари фаолиятини осонлаштириш имкониятини беради. Сайлов куни овоз бериш учун келган юртдошларимиз СЖБАТ операторларига мурожаат қилади ва сайлов бюллетенини олиб, овоз бериш кабинасида ўз номзодини қўллаб-қувватлайди. Натижада бир вақтнинг ўзида, сайловда иштирок этганларнинг тўлиқ рўйхати автомат тарзда шакллантирилади. Бу бир шахснинг бир неча маротаба овоз бериши ёки бир кишининг бутун оила аъзолари учун овоз беришининг олдини олиш имкоини беради.

 

Шуни билан бирга, Марказий сайлов комиссиясининг сайлов жараёнларидаги фаолиятини осонлаштириш ва  қўшимча қулайлик ва имкониятлар яратиш мақсадида, “Сайлов-2019” мобил иловаси ишлаб чиқилди. Ундан сайловга оид қонун ҳужжатлари, сайлов комиссиялари фаоллари ҳақида маълумотлар, сайловчилар, комиссия аъзолари, сиёсий партиялар ва номзодлар ҳамда кузатувчилар учун услубий тавсиялар, сайлов фаолларининг билимини оширишга доир ўқув материаллари, китоблар ва мақолалар, сайлов мавзуси бўйича савол-жавоблар ўрин олади. Шунингдек, сайловчиларга ўз сайлов участкасини топишида кўмаклашиш учун махсус ҳавола ҳам жойлаштирилади.

 

Анқарада 15-17 сентябрь кунлари ўтган халқаро симпозим ҳақида гап кетар экан, бир гапни алоҳида таъкидлашим даркор. Турли  давлатлардан келган ҳамкасбларимиз билан учрашувларимиз чоғида яққол аён бўлдики, хорижда Ўзбекистонга, мамлакатимизда амалга оширилаётган жадал ислоҳотларга, шу йил бўладиган сайловларга қизиқиш ғоят катта. Ким билан суҳбатлашманг, юртимизга келиб, илғор демократик стандартлар асосида ўтажак сайловларимизни кузатиш ва Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш иштиёқи борлигини сезиб турдик.  

 

- Ижтимоий тармоқларни кузатсангиз, айрим юрдошларимизда сайловларга нисбатан ишончсизлик борлигига гувоҳ бўласиз. Баъзилар сайлов ҳаққоний ва адолатли ўтмаслигини, баъзилар сиёсий партиялар фақат сайлов олдидан пайдо бўлиб, ваъдалар беришини, сўнг берган ваъдаларини амалда бажармаслигини ошкора танқид қилмоқда... Бундай фикрларга қандай жавоб берган бўлардингиз?

 

– Жавобим аниқ: одамларимиз  ўтмишдаги сайловлардан қолган бундай шубҳа-гумонларни дилидан бутунлай чиқариб ташлайдиган пайт келди. Нега? 

 

Аввало, мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида, хусусан, электрон нашрларда, ижтимоий тармоқларда юртдошларимизнинг ўз фикрларини очиқ-ошкора, дадил айтаётганининг ўзи жуда қувонарли. Айни пайтда бу - сайловларимизнинг демократия тамойиларига асосида, ҳалол ва адолатли ўтишининг ўзига хос кафолати,  жамоатчилик назоратининг ўзига хос шакли ҳамдир. Қаердаки жамоатчилик назорат кучли бўлса, ўша ерда одамларда ишончсизлик, шубҳа-гумон ўйғотадиган қаллобликларнинг олди олинади. Жумладан, сайловлар жараёнида ҳам. Ўзбекистонда тобора мустаҳкам қарор топиб бораётган сўз ва матбуот эркинлиги, оммавий ахборот воситаларидаги, ижтимоий тармоқлардаги кескин жонланиш, юқорида таъкидлаганимиздек, мамлакатимизнинг замонавий демократик давлат сифатида дунёга дадил бўй кўрсатаётганининг ёрқин далилидир.

   

Шуларнинг ўзи сайловларнинг умумэтироф этган демократик тамойиллар асосида ўтишига хизмат қиладиган муҳим омил эмасми?  Бир ҳол аниқ: бу галги сайлов кампаниясида бахс, рақобат ҳар қачонгидан кучли ва қизиқарли бўлади. Эътибор беринг, битта депутатлик мандати учун бешта сиёсий партиянинг номзодлари бахсга киришади. Ҳар бир сиёсий партия ҳар бир сайлов участкасига сайлов куни бир нафардан ўз кузатувчисини қўйса, бунинг устига, у ерда  маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларидан, номзодларнинг ишончли вакиллари,  хорижий давлатлар ва  халқаро ташкилотлардан кузатувчилар, хорижлик ва маҳаллий журналистлару  блоггерлар ҳам ҳозир бўлса, уларнинг барчаси (камида етти саккиз киши!) овоз бериш жараёнини бошдан-охир синчковлик билан кузатиб борса,  сайловларнинг натижаларини сохталаштиришнинг имкони қолармикин? Йўқ, қолмайди! Бундай очиқ-ошкоралик, шаффофлик, кенг кўламли кузатув мамлакатимизда ўтказилган илгариги сайловларда кузатилмаган ҳол.  

       

Қайси партия, қайси номзод ўз сайловолди дастурларида электоратнинг дарду ташвишларини, орзу-ниятлари, қизиқишларини кўпроқ ифодаласа, сайловчилар ўшани қўллаб-қувватлайди. Ўша партиянинг номзоди депутатлик мартабасига мушарраф бўлади. Бу – ҳам қонуний, ҳам табиий.

              

Демократик плюрализм шароитида халқимизга хос бағрикенглик ва олижаноблик, меҳр-оқибат, иззат-ҳурмат, юксак сиёсий-ҳуқуқий маданият  ҳам кенг намоён бўлишига шубҳа йўқ. Сайлов кампанияси даврида партиялар ва номзодлар ўзаро рақобатга ва бахсга киришиш асносида ана шу қадимий анъаналаримизни, фазилатларимизни унутмасликлари керак. Баъзи мамлакатларда бўлгани каби, бир-бирини ёмон отлиқ қилишга, бир-бирининг устига мағзава ағдариш, на демократия тамойилларига, на одоб-ахлоқ нормаларига ва на инсон маънавиятига тўғри келади.             

 

Яна бир ҳақиқат шундаки, сайловларнинг кўппартиявийлик ва муқобиллик, ошкоралик ва транспарентлик тамойиллари асосида, дунёда умумэътироф этилган демократик стандартларга мос ўтиши – кўп жиҳатдан сиёсий партияларнинг ушбу жараёнга пухта тайёргарлик кўриши ҳамда чуқур ўйланган янги ғоя ва мақсадлар, дастурлар билан фаол иштирок этишига боғлиқ. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “қайси партияга мансублигидан қатъи назар, барча юртдошларимизни бирлаштирадиган ягона ва муштарак мақсад – бу жонажон Ўзбекистонимиз, унинг буюк келажагидир. Айни шу мақсад ҳаммамизни она юртимизга садоқат билан хизмат қилишга даъват этади”.

        ЎзА мухбири

Норгул АБДУРАИМОВА

суҳбатлашди.