- Мирзо Улуғбек Элчиевич! Аввало, Марказий сайлов комиссиясининг иши “қайнагандан қайнаб” бораётган бир пайтда суҳбат учун вақт ажратганингиз учун Сиздан миннатдормиз!
- Ишимиз кундан кунга “қайнаб” бораётгани тўғри. Бу – табиий. Чунки, мамлакатимизда катта сиёсий тадбир - жорий йилнинг 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига бўладиган сайловлар кампанияси тобора қизиғин паллага кириб бормоқда.
Мен журналистлар мулоқотга чорлаганида ҳар доим хайрихоҳлик билан жавоб беришга уринаман. Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан доимий мулоқот, нафақат Марказий сайлов комиссияси Раисининг, балки барча даражадаги сайлов комиссиялари раҳбарлари ва аъзоларининг бурчи, вазифаси. Сайловларни очиқ, ошкора ва умумэътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида ўтказишнинг муҳим шартларидан бири ҳам шу.
Эътибор берган бўлсангиз, Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов кампанияси бошлангани эълон қилинган кун – 20 сентябрда бир йўла учта тадбир – МСКнинг мажлиси, Халқаро матбуот марказининг очилиши ва кенг кўламли матбуот анжумани – ўтказилди. Уларнинг учаласи ҳам журналистларнинг фаол иштирокида ўтди. Кўплаб саволлар берилди. Телевидение ўша кунги тадбирларни тўғридан-тўғри эфирга узатди.
- Аввалги сайловларда Марказий сайлов комиссиясининг журналистлар билан мулоқот майдони сал соддароқ – “Матбуот маркази” деб аталар эди. Бу гал унинг номига “халқаро” атамаси қўшилибди. Сабаби нимада?
- Бу, аввало, сўнгги йилларда мамлакатимизнинг дунёга бағрини янада кенгроқ очаётгани, давлат ва жамият қурилиши соҳасида амалга оширилаётган тизимли, изчил, айни пайтда, жадал ислоҳотларнинг самараларидан. Мамлакатимизда демократик давлат ва адолатли жамият барпо этиш босқичига дадил қадам қўйгани, очиқлик ва ошкоралик ҳаётимиздан тобора кенг ва мустаҳкам ўрин олаётгани, давлатимизнинг дунёда нуфузи ошаётгани ҳамда барча йўналишларда халқаро алоқалари кенгайиб бораётгани билан боғлиқ.
Халқаро матбуот маракази таркибида олтита гуруҳ фаолият юритади. Булар – электрон, босма, хорижий оммавий ахборот воситалари, интернетдаги ижтимоий тармоқлар билан ишлайдиган ҳамда ҳудудий матбуот марказларининг фаолиятини мувофиқлаштириб борадиган гуруҳлар. Айни пайтда, Қонунчилик палатаси депутатлигига сайлов ўтказадиган округ сайлов комиссияларининг ҳам ўз матбуот марказлари бор. Уларга ҳам мамлакатимизнинг энг юксак салоҳиятли ва тажрибали журналистлари жалб этилган.
- Марказий сайлов комиссияси бўлажак сайловларга қандай тайёргарлик кўрди? Сиздан жорий йилдаги сайловларнинг аввалгилардан фарқли жиҳатлари ҳақида сўралса, қандай жавоб берган бўлар эдингиз?
- Ҳар қандай демократик давлатда сайловлар муҳим сиёсий воқеа ҳисобланади. Давлат ҳокимияти органларини сайлов орқали шакллантириш - мамлакатдаги конституциявий тузумнинг демократия тамойилларига асосланганлигини намоён этувчи кўрсаткичларидан биридир.
Сайловга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш - моҳиятан жуда кўп йўналишли иш. Бу ишни тизимли ва самарали амалга ошириш усулларини топиш ва йўлга қўйиш мақсадида, Ўзбекистонда сайлов қонунчилиги мунтазам равишда такомиллаштирилиб келинмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан 2019 йилнинг 25 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексини амалиётга жорий этишга оид қонуннинг имзоланиши мамлакатимиз миллий сайлов тизимидаги янги даврни бошлаб берди.
Жорий сайловларнинг аввалгилардан энг муҳим фарқли жиҳатларидан бири ҳам шунда – сайловларнинг илк бор янги Сайлов кодекси асосида ўтказилишида.
Шу ўринда алоҳида таъкидлашим керакки, сайлов қонунчилиги бўйича экспертлар, жумладан, хорижий ва халқаро экспертлар мамлакатимизнинг Сайлов кодексидан ғоят муҳим ва замонавий ўзгаришлар жой олганини кенг эътироф этмоқда. Уларнинг фикрича, Ўзбекистоннинг Сайлов кодекси сайловчилар учун ҳам, сайланувчилар учун ҳам, сайлов ташкилотчилари учун ҳам кўплаб янги имконият ва қулайликлар яратади.
Кодексдан сайловларни умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва принциплар асосида демократик, очиқ-ошкора ва шаффоф ўтказишга хизмат қиладиган ўттиздан ортиқ янги нормалар ва қоидалар жой олган. Амалда бўлган кўплаб чекловлар чиқариб ташланган.
Шу боис сайлов қонунчилигидаги бу янги нормалар ва қоидаларни жойларда сайловларни ўтказишда бош-қош бўладиган ташкилотчилар, энг аввало, округ ва участка сайлов комиссиялари раҳбарлари ва аъзоларига, сайловчиларга кенг тушунтириш лозим.
Яна бир муҳим янгилик – “Бир сайловчи – битта овозга эга” тамойилини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистоннинг миллий сайлов тизимига Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими ва Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати жорий этилмоқда. Сайлов органлари бўйича кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ишлари ҳам замон талаблари даражасида такомиллаштирилмоқда.
Сайлов кодекси қабул қилиниши муносабати билан Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари сайловларига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастури лойиҳаси ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Дастурда амалга оширилиши зарур бўлган ишлар қадам-бақадам, кунма-кун белгилаб чиқилди ва унинг ижросига ҳар қачонгидан эрта – июнь ойиданоқ киришилди. Авваллари бу ишлар сайлов кампанияси бошланганидан кейин бошланар эди. Барча даражадаги сайлов комиссиялари аъзолигига номзодларнинг сайлов қонунчилигдаги янгиликлар, сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишга оид билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган семинар-тренинглар одатдагидан уч ой аввал - 3 августдан бошланди.
Таъкидлашим лозимки, ўқитишнинг юқоридан қуйига қараб кенгайиб, такомиллашиб борадиган кўп босқичли бу усули ўзининг юксак самараларини бермоқда. Якунига етган икки босқичда сайлов комиссияларининг 51 мингга яқин раис, раис ўринбосари ва котиблигига номзодлар ўқитилди. 3 октябрдан семинар-тренингларнинг учинчи босқичи бошланди.
- Дарвоқе, ўтган ҳафта журналистлар учун ҳам Тошкентда шундай семинар-тренинг ўтказилди. Унда “Hurriyat” мустақил газетасининг вакили ҳам иштирок этди. Икки кун давом этган машғулотларда сайлов қонунчилиги бўйича кўзга кўринган олимлар ва экспертларнинг маърузалари тингланди. Қизиқарли ва жуда фойдали баҳс-мунозаралар бўлди.
- Журналистлардан бундай эътирофларни эшитиш бизга мамнуният бағишлайди, албатта. Бу йилги сайловларда 16 мингдан зиёд сайлов округлари ва сайлов участкалари тузилади. Семинар-тренингларнинг аввалида 70 нафар республика тренерлари ва ҳудудларда 748 нафар “туман тренерлари” гуруҳи шакллантирилди. Сайловларни ташкил қилиш ва ўтказиш бўйича семинар-тренингларда жами 170 минг нафарга яқин сайлов комиссиялари аъзолари ўз билими ва кўникмаларини оширади.
Машғулотларни мамлакатимизнинг сайлов қонунчилиги бўйича таниқли олимлари, экспертлари ва амалиётчилари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг етакчи мутахассислари олиб бормоқда.
Айни пайтда, Сайлов кодекси бўйича сайловларни ташкил қилиш ва ўтказишга доир янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар - йўриқнома, регламент ва низомларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ҳам Марказий сайлов комиссияси томонидан тизимли равишда амалга оширилаётган ишларнинг энг муҳим йўналишларидандир. Сайлов кампанияси бошлангунича бу борада ўндан ортиқ ҳужжат қабул қилинди.
- Сайлов кодексига биноан кимлар депутат бўла олади-ю, кимлар бундай шарафли ҳуқуқдан фойдаланиш имкониятига эга эмас? Депутатликка номзодларни кимлар ва қандай тартибда кўрсатиши мумкин?
- Бугун кўпчиликни қизиқтираётган бундай саволларга ишончли жавоб топиш учун Сайлов кодексини варақалашдан аввал, бизнинг барча фуқаролик ҳақ-ҳуқуқларимиз, мажбуриятларимиз ва бурчларимиз ўз ифодасини топган мўътабар ҳужжат – мамлакатимиз Конституциясига мурожаат қилишимиз тўғри бўлади.
Бош Қомусимизнинг 117- моддасида “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади” деб мустаҳкамлаб қўйилган.
Бошқача айтганда, бўлажак сайловларда овоз бериб, ўз хоҳиш иродамизни эркин билдириш – ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.
Сайлов кодексининг 67-моддасида қайд этилганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси беш йил муддатга сайланадиган бир юз эллик депутатдан иборатдир. Парламентимизнинг қуйи палатаси депутатлари ҳудудий бир мандатли сайлов округлари бўйича кўппартиявийлик асосида сайланади. Яъни, Кодекснинг 37-моддасида қайд этилганидек, Қонунчилик палатаси депутатлигига ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқига фақат сиёсий партиялар эга.
Бу йилги сайлов кампанияси бошлангани эълон қилинганидан кейин мамлакатимизда фаолият олиб бораётган ана шундай бешта сиёсий партия - Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Экологик партиясининг ваколатли вакиллари Марказий сайлов комиссияси томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда рўйхатга олиниб, уларга сайловчиларнинг имзоларини тўплаши учун тегишли имзо варақаларининг бланкалари топширилди.
Сайлов кодексига асосан, энди ҳар бир сиёсий партия ўзининг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи камида 40 минг сайловчининг имзосини тўплаши зарур. Шундагина сиёсий партия депутатликка номзодлар кўрсатиши мумкин бўлади.
Айни кунларда имзо варақалари берилган барча сиёсий партиялар жойларда сайловчилар имзосини йиғишга киришган.
- Сиёсий партияларнинг фаоллари имзоларни аввалдан “ғарамлаб қўйишган” бўлса-чи? Ўтаверадими?
- Имзоларни олдиндан “ғарамлаб қўйиш”нинг ҳеч иложи йўқ. Чунки, Кодексда имзоларни тўплаш тартиби батафсил баён этилган. “Сиёсий партия ўзининг ваколатли вакили рўйхатга олинганлик гувоҳномасини олганидан кейингина сайловчилар имзосини тўплашга ҳақли. Бу санага қадар тўпланган имзолар ҳисобга олинмайди”.
Бу – биринчидан.
Иккинчидан, таъкидланганидек, сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинганидан кейингина уларга имзо варақаларининг бланкалари топширилади.
Сиёсий партиялар тўплаган сайловчиларнинг имзоларининг “ўтиш-ўтмаслиги”га келсак, Марказий сайлов комиссияси имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширувчи Экспертлар гуруҳи тузади. Экспертлар гуруҳи таркибига ички ишлар, адлия органларининг хатшунослик бўйича мутахассислари, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари жалб этилади. Имзо варақаларини текширишда сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари иштирок этади.
- Сиз, депутатликка номзод кўрсатиш ҳуқуқига фақат сиёсий партиялар эга, дедингиз. Демак, фуқаро депутатлик мандати учун курашга киришиши учун аввал бирор сиёсий партиянинг “этагидан тутиш” шарт. Талабнинг бундай қўйилиши оқибатида бирорта ҳам фирқага аъзо бўлмаганларнинг ҳуқуқлари чекланиб қолмайдими?
- Асло! Сайлов кодексининг 70- ва 91-моддаларидан бу саволингизга аниқ-равшан жавоб топишингиз мумкин. Уларда сиёсий партиялар ўз партияси аъзоларидан ташқари, партиясизларни ҳам депутатликка номзод этиб кўрсатишга ваколатли экани таъкидланган.
Шу ўринда ушбу моддаларда мустаҳкамлаб қўйилган яна бир масалага эътиборингизни қаратмоқчиман. Бу – мамлакатимизда давлат ҳокимияти вакиллик органларига хотин-қизларнинг сайланиш ҳуқуқи билан боғлиқ. Сиёсий партиялар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига ўз номзодларини кўрсатганда, мазкур нормага қатъий риоя этишлари зарур. Зеро, аёлларнинг сони сиёсий партиядан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида ўттиз фоизини ташкил этиши керак.
Буларнинг барчаси - умумэътироф этилган демократик тамойиллар миллий сайлов қонунчилигимизда нақадар кенг ўз ифодасини топганидан яна бир далолатдир.
- Кимлар депутатликдан умид қилмаслиги мумкин?
- Сайлов кодексига биноан, содир этилган оғир ёки ўта оғир жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёхуд судланганлиги олиб ташланмаган фуқаролар; сайлов кунига қадар сўнгги беш йил мобайнида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшамаган фуқаролар; Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчилари, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг, Миллий гвардиясининг, Ички ишлар вазирлигининг, Давлат божхона қўмитасининг, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмаларнинг ходимлари; диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод этиб рўйхатга олинмайди.
- Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишга доир тадбирларни ёритишда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қандай йўлга қўйилмоқда?
- Сайловларнинг очиқлик, ошкоралик ва транспарентлик каби умумэтироф этилган демократик тамойилларга мувофиқ ўтказилишида оммавий ахборот воситалари муҳим аҳамият касб этади. Шу боис Марказий сайлов комиссияси ўз фаолиятида мазкур масалага доим алоҳида эътибор қаратиб келади. Улар аҳолининг сиёсий фаоллигини ошириш, мамлакатимиз сиёсий ва ижтимоий ҳаётидаги иштирокини кенгайтиришга фаол ёрдам бермоқда. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари фуқароларнинг ўз сайлов ҳуқуқларини ишончли амалга оширишида, хоҳиш-иродасини эркин билдиришида, сайлов комиссиялари фаолияти ошкоралигини таъминлашда ҳам муҳим ўрин тутади.
Марказий сайлов комиссияси, шу мақсадда, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги -ЎзА, “Дунё” ахборот агентлиги, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, “Uzreport” ахборот агентлиги билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари сайловларига тайёргарликнинг бориши ва ўтказилишини ёритиш бўйича икки томонлама битимлар имзолади.
Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов кампаниясига оид тафсилотларни аҳолига турли тилларда етказишда муҳим ўрин тутадиган оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик ҳам самарали йўлга қўйилган. Хусусан, мамлакатимизда чоп этиладиган қозоқ тилидаги “Нурли жол”, тожик тилидаги “Овози тожик”, корейс тилидаги “Корё синмун” каби газеталарнинг бош муҳаррирлари билан сайлов жараёнларини кенг ёритиш бўйича келишувга эришилди.
Келишувларни амалга ошириш доирасида барча даражадаги сайлов комиссияларининг фаолиятини изчил ёритиб бориш, депутатликка номзодлар ва сиёсий патиялар учун уларнинг сайловолди дастурлари қоидалари, мамлакат ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ривожланишининг муҳим масалаларига оид мустақил нуқтаи назарларини сайловчиларга, жамоатчиликка етказишда оммавий ахборот воситалари, тенг ҳажмда эфир вақти ва нашр майдони ажратиш йўли билан кенг ва тенг имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилади.
Булардан ташқари, сайловларни ёритиб боришга бел боғлаган бошқа оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, хусусан, Ўзбекистонда расман фаолият олиб бораётган хорижлик журналистлар, шунингдек, сайлов кампаниясини ёритиш мақсадида чет эллардан қисқа муддатга ташриф буюрадиган журналистлар ҳам аккредитациядан ўтказилади.
- Сайлов куни фуқароларнинг овоз бериш жараёнининг натижалари Халқаро матбуот марказида тезкорлик билан маълум қилиб бориладими? Марказий сайлов комиссияси ўз ишини бундай тезкорлик билан ташкил этиши учун зарур ахборот-коммуникация технологияларига эгами?
- Эга. Суҳбатимизнинг аввалида Марказий сайлов комиссияси ўз ишини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари сайловларига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастури асосида олиб бораётгани ҳақида тўхталиб ўтган эдик. Ана шу дастурга биноан 2019 йил 22 декабрь куни Халқаро матубот марказида журналистлар бутун республикада овоз беришни жараёнидан он-лайн режимида хабардор бўлиб бориши мумкин. Марказий сайлов комиссяси томонидан бутун кун мобайнида вақти-вақти билан уюштириладиган брифинг ва матбуот анжуманларида сайлов жараёни аниқ маълумотлар асосида шарҳлаб борилади.
-Сайловларни бевосита кузатиб боришда халқаро кузатувчиларнинг иштироки муҳим аҳамиятга эга. Бу йилги сайловларда нечта давлатдан ва қайси халқаро ташкилотлардан кузатувчилар қатнашиши кутилмоқда?
- Бу саволга илгари ҳам жавоб берган эдим. Башарти, мазкур масала кўпчиликни қизиқтираётган экан, такрорласак фойдадан ҳоли бўлмайди.
Мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ ишларни, жумладан, сайловчиларнинг сайловда овоз бериш жараёнини юртимизда фаолият юритаётган сиёсий партияларнинг, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларининг, БМТ, Европа Кенгаши, ЕХҲТ, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси, ШҲТ, МДҲ каби кўплаб халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг вакиллари, журналистлар, жумладан хорижлик журналистлар - минглаб одамлар бевосита кузатиб боради.
Халқаро ташкилотларнинг кузатувчилари ҳақида гап кетар экан, бир рақамни яна бир бор айтиб ўтишимиз зарур. Аввалги парламент сайловларида ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси чекланган миссиясининг ўттизга яқин кузатувчиси иштирок этган бўлса, бу йил ўтажак сайловларимизни Бюронинг уч юзга яқин вакили кузатиб бориши кутилмоқда. Дастлабки маълумотларга қараганда, миссия асосий гуруҳни, шунингдек, 30 нафар узоқ муддатли ва 250 нафар қисқа муддатли кузатувчини ўз ичига олади. Узоқ муддатли кузатувчиларнинг функциясига сайлов жараёнининг турли босқичларини ҳудудларда кузатиш кирса, қисқа муддатли кузатувчилар сайлов куни бириктирилган туманларда овоз беришни кузатади.
Мамлакатимизда 2019 йил 22 декабрь куни бўладиган сайловлар умумэтироф этилган халқаро сайлов принциплари - универсаллик, тенглик, эркинлик, қонунийлик, адолатлилик, овоз беришнинг яширинлиги, очиқлик ва ҳисобдорлик асосида ўтказилади, Ватанимизнинг халқаро нуфузини янада юксалтиришга, дунёнинг энг ривожланган, демократик давлатлари сафидан мустаҳкам жой олишига хизмат қилади.
- Самимий суҳбатингиз учун Сизга катта раҳмат!
Суҳбатни
А.Пардаев
уюштирди.
(“Hurriyat” газетаси, 2019 йил 5 октябрь).