• eye Специальные возможности
Сайлов -2019 талаба-ёшлар нигоҳида
08.11.2019
1637
8 ноябрь куни Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида “Сайлов-2019 талаба-ёшлар нигоҳида” мавзусида давра суҳбати кўрнишида ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, шунингдек, Президентнинг 2019 йил 
9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 20 октябрдан – 20 ноябрга қадар “Сайлов қонунчилиги тарғиботини ўтказиш ҳақида”ги қарори ижросини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари, вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлигига 2019 йил 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловларда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш ҳамда сайлов қонунчилиги бўйича ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида Марказий сайлов комиссияси, Ёшлар иттифоқи ва сиёсий партиялар вакиллари билан турли даражадаги учрашув ва тадбирлар ташкил этилмоқда. Ушбу тадбирлар ёшларнинг сиёсий билим ва кўникмаларини шакллантириш, сайлов қонунчилиги ва ундаги ўзгаришлар билан яқиндан танишиш имконини бермоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири жорий йилнинг 8 ноябрь куни Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида “Сайлов-2019 талаба-ёшлар нигоҳида” мавзусида давра суҳбати кўрнишида ташкил этилди.

Мазкур  давра суҳбатида Марказий сайлов комиссияси котибиятининг раҳбари Маматов Худоёр Тешаевич, Марказий сайлов комиссияси аъзоси Қозихонова Орзигул Мўйдиновна, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Султанов Шомурод, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Кушербаев Расул Хидралиевич, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети проректори, Марказий сайлов комиссияси аъзоси Исмоилова Гулноза Саидиганиходжаевна ҳамда университетнинг “халқаро муносабатлар”, “халқаро иқтисодий муносабатлар” ва “халқаро ҳуқуқий муносабатлар” факультетининг бир гуруҳ фаол талабалари ва бошқа олий таълим муасасаларининг талабалари ҳам иштирок этдилар.

Миллий қонунчилигимизга биноан сайлов куни 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эга. Сайлов куни 21 ёшга тўлган йигит-қизлар маҳаллий кенгашларга, 25 ёшдан эса Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланиши мумкин.

Бу йилги сайловларда умумий  20 миллион 600 мингдан зиёд  сайловчи иштирок этиши кутилмоқда. Шундан, 11 миллион 371 минг нафарини, яъни 55.2 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этиши ушбу сайловларда ёшларнинг ўрни нечоғлик аҳамиятли эканлигини кўрсатиб турибди.

“Бугунги тадбирлар ташкил этилиши биз ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларимизни янада мустаҳкамлаш, ўз фикр ва таклифларимизни билдириш, ўзимизни қизиқтирган  саволларга  жавоб олиш имконини яратиб берди. Мен сайловда иштирок этиш Конституциявий ҳуқуқий бурчим, жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этишим учун имконият эканлигини, биз ёшларнинг сайловларда шахсан иштирок этиб, мамлакатимиз келажагига садоқат билан хизмат қилиши мумкин бўлган энг муносиб номзодларга овоз беришимиз, бу Ватанимиз келажаги ва истиқболи учун овоз бериш эканлигини англаб етдим. Ўз навбатида, бундан буён сиёсий партиялар томонидан ўтказиладиган сайловолди тарғибот-ташвиқот тадбирларида фаол иштирок этиб, улар томонидан тақдим этилаётган сайловолди дастурлари билан яқиндан танишган ҳолда, ўзим учун энг маъқул бўлган сиёсий партия дастуридан келиб чиқиб, шу партиядан депутатликка номзод этиб кўрсатилган номзодга сайлов куни ўз овозимни бераман деган мақсадни қўйдим” –дейди Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабаси Абдижаббарова Назлимхан Абдижаббаровна.

Тадбир якунида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши томонидан университет кутубхонасига талабалар мутоала қилиши учун кам сонда нашр этилган “Ўзбекистон конституциси тарихи” китоби совға қилинди.

Давра суҳбати сўнгида ёшлар ўз таклифларини билдирдилар ва ўзларини қизиқтирган саволларига спикерлардан асослантирилган, лўнда ва тўлиқ жавоб олдилар.