• eye Специальные возможности
Андижонда ягона электрон рўйхатларидан фойдаланиш мақсадида 1 минг 654 нафар оператор танлаб олинди
22.11.2019
2756
Андижонда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларнинг тарғибот-ташвиқот тадбирлари бошланди.

Андижонда ягона электрон рўйхатларидан фойдаланиш мақсадида 1 минг 654 нафар оператор танлаб олинди

Андижонда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларнинг тарғибот-ташвиқот тадбирлари бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарорига асосан, вилоятда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 14 сайлов округи тузилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи сайлов округлари қарорлари билан 827 та сайлов участкаси ташкил этилган бўлиб, айни кунда мазкур участкаларда сайлов жараёнлари билан боғлиқ барча ишлар белгиланган тартиблар доирасида ташкил этилмоқда.

– Сайловга тайёргарлик ишлари белгиланган талаблар асосида олиб борилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати сайловини ўтказувчи 9-Андижон округ сайлов комиссияси раиси Бахтиёржон Расулов. – Сайлов участкалари барча қулайликларга эга биноларга жойлаштирилган, участка сайлов комиссиялари самарали фаолият юритиши учун зарур техник жиҳозлар, алоқа воситалари билан тўла таъминланди.

Таъкидлаш керакки, шакллантирилган округ сайлов комиссиялари аъзолигига малакали, мазкур йўналишда муайян тажрибага эга мутахассислар жалб этилган. Жумладан, комиссия аъзоларининг 89 фоизи аввалги сайлов жараёнларида қатнашган. Уларнинг 48 фоизи рус, 17 фоизи инглиз тилини мукаммал билади, аксарияти ахборот коммуникация технологияларидан юқори даражада фойдалана олади. Бундан ташқари, сайлов жараёнини бошқариш, ахборот тизими ва сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатларидан фойдаланиш мақсадида 1 минг 654 нафар оператор танлаб олинди. Сайловга тайёргарлик ва сайлов жараёнида самарали фаолият юритишлари учун операторларнинг малака ва тажрибасини ошириш бўйича семинарлар, ўқув машғулотлари ўтказилмоқда.

Барча округларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлар ўтказиши бўйича жадвал ишлаб чиқилган. Ана шу жадвал асосида учрашувлар ташкил этилади. Бундан ташқари, номзодларнинг ўзлари мустақил тарғибот тадбирларини ўтказишлари учун уларга тенг шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда.

Ф.Убайдуллаев, ЎзА