• eye Специальные возможности
ЭСКИ МУАММОГА ЯНГИЧА ЕЧИМ КЕРАК!  
22.02.2020
1878
​​​​​​​Кейинги пайтда кенг жамоатчилик ўртасида тўй-маъракаларни ихчамлаштириш борасида кўплаб таклифу тавсиялар ўртага ташланиб, турли даражада чора-тадбирлар белгиланмоқда. Ҳатто Парламентимизнинг  юқори палатасида бу масала батафсил муҳокама қилиниб,  тегишли қарор ҳам қабул қилинди. Умид шулки,  айни амаллар ўз самараларини беради.

Кейинги пайтда кенг жамоатчилик ўртасида тўй-маъракаларни ихчамлаштириш борасида кўплаб таклифу тавсиялар ўртага ташланиб, турли даражада чора-тадбирлар белгиланмоқда. Ҳатто Парламентимизнинг  юқори палатасида бу масала батафсил муҳокама қилиниб,  тегишли қарор ҳам қабул қилинди. Умид шулки,  айни амаллар ўз самараларини беради.

Тўй-хашамларни кибр-ҳаво, шуҳратпарастлик, дабдабабозлик,  исрофгарчилик,  эл-юрт одатлари ва анъаналарини менсимаслик, атрофда яшаётган одамларнинг аҳвол-руҳятини инобатга олмаслик каби иллатлардан ҳоли, камтарона ўтказиш - инсон маънавиятининг муҳим белгиси. Бу борадаги тарғибот-тушунтириш ишларининг савияси ва таъсирчанлигини ошириш зарурлиги эса давр талаби. Бунда ҳокимлар, маҳаллалар фаоллари, кексалар,  ижодкор зиёлилар фаолроқ бўлиши лозимлиги сезилмоқда.     

Оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, бу борада янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишга киришилган. Унга кўра, дабдабали тўй эгалари маъмурий тартибда жаримага тортилиши мумкин.

“Одамларимиз хорижда ишлаб, қийналиб топган пулини бир кунда ҳавога совуриб юбормоқда. Шу пулни фарзандларига атаса, илм олишига шароит яратса, дунёқарашимиз ҳам ўзгарармиди”, дейилади хабарларда...

Бутун жамият кўҳна муаммони янгича ҳал қилиш йўлларини излаш билан банд.

Тўйларимизда иштирок этадиган меҳмонлар сони-салмоғини муайян даражада чегаралаш мақсадга мувофиқлиги аён ҳақиқат. Бундай ҳолатлар таҳлил қилинса, ушбу “чегара” аксарияти шаҳарларимизда жойлашган тўйхона-ю ресторанларга тегишлидай. Арбоблар “назаридан четроқда қолган” аҳли қишлоқ-чи?  Ранжимайдими? Зеро, ўз ҳовлисида ёки боғларда, қир-адирларда оилавий маросимларини “вада-ванг” ўтказадиган фуқаролар камми? Тўй куни тумонат одам йиғиб,  совринига миллионлаб пул тикадиган, кураш, кўпкари-улоқ, ҳатто машҳур ҳофизларнинг бошидан  “кўкидан” сочадиган бойваччалар ҳам йўқ эмас-ку. Бундай тўйларда тонналаб гуруч дамланиб,  ўнлаб ушоқ молу қора молнинг “бўйни қайтарилиши”, минглаб меҳмонлар учун ёзилган дастурхонларда спиртли ичимликлар дарё каби оқиши сир эмас.  “Миллий қадрият”, “ота-боболаримиздан мерос бундай анъаналар”нинг тақдири не кечади?

Таъкидлаш жоизки, кошоналарда ўтадиган тўй ва маросимларга чорланадиган меҳмонлар сонини ихчамлаштириш таклифи тахсинга лойиқ. Аммо, йил-ўн икки ой, керак бўлса “анқонинг уруғини” топиб, дастурхонга тортадиганларнинг топган-тутганига барака, ўзига эса Яратгандан инсоф тилаган ҳолда, 250 кишилик айрим “муъжаз” тўй-маъракаларнинг харажатларини кўз олдимизга келтирсак, қизиқ маназаралар пайдо бўлади.  Зеро, бундай “камтарин” маросимларнинг биттасининг сарф-харажатига уч-тўртта ўртамиёна тўй ўтказиш мумкин.

          Ўйланиб қоласан, киши. Кимдир бир коса иссиқ овқатга зор, фарзандини ўқитиш, кийинтириш ёки даволашга қўли калта. Кимнингдир тўйидаги исрофгарчиликларини кўриб, хижолат тортиб кетасан. Йўқ, 500-1000 кишилик тўйларни назарда тутаётганим йўқ. Айнан ўша 200-250 меҳмонлик маросимлар ҳақида сўзим.  Қишнинг қоқ чилласида “дунёнинг тўрт тарафидан” келтирилган ноз-неъматлар безаб турган дастурхонларни айтяпман. Шу маблағларни хайр-саховат йўлида сарфласак, шароити ночор не бир оилаларга қувонч улашган бўлардик. Бундай рўзғорлар ён-атрофимизда, қариндош-уруғлар орасида бор. Зиёфат дастурхони озгина “енгиллашгани” билан хеч кимнинг обрўси камайиб қолмайди. Ҳеч кимга ҳурматсизлик ҳам бўлмайди, аслида.

Қолаверса, етти иқлим мевасини қўймабди деб хафа бўладиган, дастурхонга қараб муомала қиладиган “нозик меҳмонлар”нинг ҳаммасини ҳам эътиборга лойиқ   дейиш нотўғри.  Иқтисодчи сифатида айтадиган бўлсам, дастурхонидаги ноз-неъматларининг ҳузурини мол-ҳол кўрадиган бундай серҳашам тўйлардаги таомларнинг уволи ҳам бор. Кимдир пешона терини тўкиб етиштирган, не бир юртлардан олиб келган, қанчадан-қанча валютани сарфлаб харид қилган. Сарфлангани фақат пешона тери эмас,  дастурхонга тортилгунча қанча электр, қанча газ, қанча ёқилғи, қанча  транспорт ҳаражати, қанча вақт...  Санайверсак, адоғига етиш қийин.  

Шу ўринда “тўйга борсанг, тўйиб бор” деган ибратли ибора ёдга тушади. Маъниси шулки, “иштаҳангни карнай қилиб”, меъёрни бузма. Бузишнинг ўзида ҳам, аслида, исрофгарчилик бор. Ошхоналарга, кафеларга, ресторанларга боринг. Эътибор беринг. Эркагу аёл, ёшу қари фақат овқат ейиш учун йиғилгандай таассурот қолдиради. Дастурхон тўла хирмон-хирмон овқат. Гўё яшаш учун эмас, овқат ейиш учун яшаймиз. Буниси ҳам майли. Қон босимининг кўтарилиши, юрак ўйноғи.  Меъда-ю, ошқозоннинг бузилиши-чи! Кейин шифокору ёки дорихонага чопишлар-чи. 50-60 ёшга кирмай қарабсизки,  организмда касалликлар “гулдастаси”.  

Тўғри, инсон дунёга бир марта келади, ҳузур-халоват билан мазза қилиб яшаши керак. Лекин айни фарзандларни орзу ҳавасини кўрадиган паллада... ёруғ дунёни тарк этиш қаерда-ю (Худо кўрсатмасин!), 90-100 ёшларга кириб, набираларни эркалаб суйиб яшаб ўтиш қаерда. Худонинг буюргани бўлади дейишингиз мумкин. Лекин Парвардигор ҳам ўзини  асранганни асрайди.

Қолаверса, оддий меҳмондорчилик, зиёфатдан бошланадиган муаммоларни бартараф этиш учун дори-дармон ва соғломлаштириш жараёнларига бир тарафдан давлат ва фуқаронинг миллионлаб маблағи кетса, иккинчи томондан,  фарзандларимизнинг тарбияси масаласи-чи? Уларни ҳам исрофгарчиликка ўргатиб қўямиз-ку. Пул-маблағ, ноз-неъмат, вақт, дори-дармон, соғлиқ исрофгарчилигига! Яратган бизга ато этган ушбу неъматларнинг барчасининг чеки-чегараси, ҳисоб-китоби бор! Улардан инсоф ва диёнат, қонун ва одоб билан фойдаланишда эса барака-хайр мужассам. Ҳар бир инсонга буюрилган барака йиғилиб, эл-юрт, халқ бойлигига айланади. Тўй-ҳашам,  маърака-маросимларга кетаётган ортиқча сарф-харажатларда келажак авлоднинг, бутун халқнинг, давлатнинг ҳаққи, улуши бор!

Зоҳиддин ИВАТОВ,

иқтисод фанлари номзоди.

Манба: “ХХI АСР” газетаси.

2020 йил 20 февраль.