• eye Специальные возможности
ЭНГ БЮК НАЗОРАТЧИ ҚАЕРДА ЯШАЙДИ?
07.04.2020
1597
Аввалига уйда ўтиришга кўникиш осон бўлмади. Айниқса, на таътил, на дам олиш куни-ю на байрам нималигини билмай ишлашга “ўрганиб кетган” захмат аҳлининг кўникиши қийин кечгани аниқ. Аммо хонанишинликда  ҳам ҳосият бор экан.

Матонатли одамлар

Аввалига уйда ўтиришга кўникиш осон бўлмади. Айниқса, на таътил, на дам олиш куни-ю на байрам нималигини билмай ишлашга “ўрганиб кетган” захмат аҳлининг кўникиши қийин кечгани аниқ. Аммо хонанишинликда  ҳам ҳосият бор экан.

Оламни “уч ойна” – дераза, телевизор ва интернет  оқали кузатяпмиз. Бутун дунё, бутун мамлакат, банибашар карантинда. Чиллага кирган.

“Уч ойна” узра йигирма  тўрт соат турли тиллар ва лаҳжаларда тинимсиз даъват янграйди: “Уйда қолинг! Илтимос, уйда қолинг! Ўзингизни асранг! Ўзингизни асрасангиз - оилангизни асрайсиз, оилангизни асрасангиз - мамлакатингизни асрайсиз, мамлакатингизни асрасангиз – дунёни асрайсиз!”

Авввалига ортиқча ваҳимадек, лофдек туйилган бундай чақириқлар аслида катта ғамхўрлик билан йўғрилгани бугун равшан. Дунёнинг нарги буржидан келган одамнинг либосига илашган тожли вирус пайт пойлаб бошқа ерида кучли таҳлика қўзғаётир. Уйда ўтириб, шукр қилиш ва сабрнинг этагидан маҳкам тутиш  оламни ташвишга солиб қўйган бу тожли жондорнинг қиёматига қарши курашда энг ишончли воситага, қуролга айланди!

Жанг майдонида матонатли одамлар – шифокорлар, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар, мудофаа вазирликлари, миллий гвардия, оммавий ахборот воситалари ходимлари, таъминотчилару савдо аҳли фидойилик кўрсатмоқда.

Ўлим тўшагида ётган беморларга ёрдам қўлини чўзаётган ва баъзан ўзлари ҳам дардга чалинаётган – шулар. Қишлоқма-қишлоқ, маҳаллама-маҳалла, кўчама-кўча, уйма-уй юриб эл-юртни мудом огоҳликка даъват этаётган – шулар. Кўча-кўй, иморатлар, йўлаклар, ҳатто лифтларнинг ичигача дори пуркаб, вирусга қирон келтираётганлар – шулар. Дорихоналарни ва озиқ-овқат дўконларини энг зарур маҳсулотлар билан муттасил таъминлаётганлар – шулар. Матонатли ватандошларимиз! Жонларига тўзим берсин!

     “Зарурат бўлмаса кўчага чиқманг, мулоқотга киришманг, дейди телевизордан воиз. - Мобода шундай зарурат туғилса, оралиқ масофани сақланг. Ниқоб тақиш ва шахсий гигена талабларига риоя қилинг! Бошқалардан ҳам шуни талаб қилинг!..”

Уйда ўтириб, масофадан ишлаш ёки меҳнат таътилига чиқиб, дам олишга тутинганлар  замонавий ахборот технологиялари деб аталмиш тилсимнинг янги қирраларини кашф этмоқда. Бу ёқда “телефончи ширкатлар”, фуқаролар интернет ва телефон алоқаси учун тўловларни ўз вақтида амалга оширмаган тақдирда ҳам, икки ой давомида алоқа ўчирилишига йўл қўйилмайди, деб авомга илтифот кўрсатиб турибди.

Илгари уй бетини кўрмай юрганлар мириқиб китоб ўқимоқда, фарзандларига меҳр-эътиборини бермоқда. Фильмлар томоша қилиб, телемашғулотлардан тил ўрганмоқда.  Рўзғорининг кам-кустини тузатишга фурсати бор.

“Домимиз”да бир юз йигирма олти оила яшайди. Бу каттакон маҳалла, қишлоқ дегани. Ҳозир кексаю ёш - ҳамма уйда. Маҳалламиз муҳташам кутубхонанинг шинам, тоза-озода қироатхонасини эслатади. Деразадан онда-сонда телевизор товуши, телефон қўнғироғи, салом-алик, куй-қўшиқ, ҳазил-мутойиба қулоққа чалиниб қолишини айтмаганда, тинч, сокин. На асабийлашиш, на зорланиш, на тушкунлик сезилади. Ҳаводаги дард - илҳаклик, соғинч, тазарру.

Тазарру эканлигини тахмин қилишимнинг сабаби - муаззин бомдотга азон айтиши билан нафақт бизнинг, атроф-жавонибдаги бошқа барча уйларнинг деразаларида бирдан чироқ ёнади.      

Чашгоҳда бир зайил ташланган қадам товушлари эшитилади.

-Ассалому алайкум! – қиз боланинг қўнғироқдек овозини таниб, деразадан пастга қарайман. Уч ёшга етмаган бу гудакнинг оёғидан олдин тили чиққан. Бийрон. Чечан. Дуч келган одамга баланд овозда салом беради. Мабодо, эшитмай қолсангиз яна такрорлайди. У ҳаммани танийди, ҳамма уни яхши кўради.

-Ваалайкум ассалом! – жавоб беради қўшни аёл. - Пастга тушиб ўйнамайсанми, Умида?

-Йўқ. Мумкин эмас.

-Нега мумкин эмас? Туша қол! – Қизчани гапга солиб, эркалатгиси келади аёлнинг.

-Йўқ, калантин.  Калантин тугаса, тушаман...

-Маладес! – деган эркак кишининг овози эшитилади. – Шу гўдак тушунганни баъзи катталар англаб етмаётганига ўлайми!..

-Уларнинг Мурод акадай бобоси йўқ-да, - деб қўшилади яна кимдир...

Улуғларнинг сабоғи

Амриқолик буюк адиб Эрнест Хемингуэйнинг ҳали ўқишга улгурмаган китобларини неча замонлардан бери қўлимга ололмай юрган эдим. Ҳузурланиб ўқиганимни, ҳатто қисса билан бўйлашадиган “Енгилмас” деб номланган ажойиб ҳикоясини таржима қилганимни ҳам сезмай қолдим.

Улуғларнинг сабоғидан мароқлироқ машғулот борми!

Эрнест Хемингуэйнинг қаҳрамонлари – матонатли одамлар. Улар машаққатли синовлардан шараф билан ўтади, ҳар қандай вазиятда қадр-қимматини, инсонийлигини йўқотмайди. Озодлик, адолат йўлида фашизмга қарши курашади, инсоният тақдири учун ўзларининг масъул эканлигини қалбдан ҳис этиб, эл-юрти билан бирга изтироб чекади, хавф-хатардан қутулиш чораларини излайди. Ҳаётда фақат ўзига ишониб, эътиқодига таяниб яшайди. Аслини олганда, ёзувчи ижодининг бош ғояси ҳам шунда – ҳақиқий инсон мушкулотлар олдида чўкиб қолмайди.

Адибнинг “Алвидо қурол”, “Чол ва денгиз”, Фрэнсис Макомбернинг омонат бахти”, “Кўприк бўйидаги чол” каби асарлари ўзбек тилига ўгирилган. Уларни ziyouz.uz кутубхонасидан топиб ўқиш мумкин. Ўқинг, кам бўлмайсиз.

 

Кафгир ушламаган одам

Чилла баҳона елкасига сочиқ ташлаб, ошхонада куймаланишни одат қила бошлаган афандилар ҳам йўқ эмас.

“Булар экан-ку!”, - дейди завжидаги бундай фавқулодда сабр, бағрикенглик ва хотиржамликни кўрган рафиқалари.

Ота-онадаги  дилгирлик фарзандларга ўтади.

Сабр, бағрикенглик ва озодалик бу кун халқимизнинг энг садоқатли дўстларидир. Поракандалик, ваҳима ва тушкунликдан Ўзи асрасин!     

Умрида қўлига кафгир ушламаган мендек бир осий ошга уннаб юборганимни сезмай қолдим. Тождор вирус комига тушган беморларнинг етти нафари, уларни оёққа турғизган  ўзбекнинг фидойи шифокорлари шарафига.  

“Дастлабки етти бемор соғайиб кетди!” – дейди воиз қувончини ичига сиғдира олмай.

“Соғайиб кетди!”- деган хабар бутун дунёга ёйилади.

Шифокорларимиз ёвни енгишнинг уддасидан чиқди!

Тузалганлар сони-салмоғи секин-аста ортиб бораверди.

Юртимизга шу жондор дориганидан бери  юрак ҳовучлаб юрмаганмидик. Беморларнинг тузала  бошлагани дилларимизга малҳам бағишлаб, кўнгилларимизни нақадар юксалтирди. Ахир, ҳазилми, дунёни сўраб турган не-не қудратли давлатлар, не-не зотлар бу кўринмас ёвнинг олдида шошиб, галдираб, калавасининг учини йўқотиб қўймоқда!..

“Тузалиш байрами”га бағишланган паловим тўй ошидек зўр чиқди дея олмайман, лекин қозонда бирорта гуруч қолмади. Димоқ чоғ бўлса, иштаҳа ҳам карнай бўлади, чоғи.

Ишончим комилки, шу куни, шу оқшом кўплаб хонадонларга кўтаринки кайфият кириб борди. Миллионларнинг юзидаги ҳадик-хавотир ўрнини табассум, ишонч эгаллади. Бу ишончнинг тобора мустаҳкамланаётгани қандай яхши!

 

Команда ва соат

Якшанба куни остона ҳатладим: бир қушга ҳам дон керак, ҳам сув. Тиббий ниқобу шахсий гигена воситалари инчунун.

Дорихона эшигида - икки аёл. Ичкарида - бир харидор. Икки қадам берида, масофа сақлаб, навбатга қўшилдим. Сафдошларим бир зайилда гурунглашиб туришган экан.

“Яхшиям Ўзбекистонда тартиб бор, - деди Мовий ниқобли аёл. – Ҳукумат бошдан-аввал қаттиқ турибди. Шундай қилмаганида, билмадим, ҳозир не куйларга тушардик!..”

“Шуни айтинг, - деб вазминлик билан тасдиқлайди Оқ ниқоб таққан жувон. - Бехосдан шамол туриб қолса, деразани ёпгунимизча қанча бесаранжом бўламиз”.

“Президентимизнинг комаданаси зўр, - деб гапида давом этади Мовий ниқобли опа. - Ишнинг кўзини биладиган мутахассислар йиғилгани шундоқ кўриниб турибди. Кечани кеча, кундузни кундуз демай, соатдай аниқ-тиниқ, дадил ишлашяпти. Илоё, баракат топишсин!”

“Энг муҳими, одамларимиз - яхши, оқибатли, - дейди энди Оқ ниқобли суҳбатдоши. – Тартиб-интизомни маҳкам тутаётир”.

“Биласизми сабаби нима-да?”

“Нимада?”

“Ҳукумат бор гапни очиқ айтаяпти. Муаммо чиқса, шартта-шартта ҳал қилаётир. Бошида ваҳимага берилганларам дарров ховуридан тушди-қолди”.   

“Бугун эрталаб деразадан қарасам, катта кўча бўм-бўш. На мошина кўринади, на одам. Карантингача мошина деганингиз бир-бирига мингашиб кетарди... Ҳувуллаб ётганини кўриб, кўнглим бузилди...”

“Бузилмасин. Худо хоҳласа, кўпи ўтиб, ози қолди! Муҳими, кун санаманг. Ўрни йўқ чиқимни нари суриб, кўнгилни кенг қилсангиз, вақт тез ўтади.”

“Иншоаллоҳ!..”

Ўттиз ёшлардаги серсақол йигит писиброқ келиб, эшикка юзланди.

“Йўл бўлсин, ука? – деди иккала аёл баравар. – Ниқобингиз қани? Бу нима юриш?”

“Тугаб қолди, - деди йигит ийманиброқ. – Шунга зиппиллаб келаётгандим...”

“Ниқобсиз юрманг, - деди Мовий ниқобли аёл мулойимлик билан. - Жаримасини биласиз-а?”  

“Биламан, лекин гап жаримада ҳам эмас... Ўзимда”.

“Унда, майли, навбатсиз кира қолинг”.

“Хўп-хўп!.. Раҳма-ат!..”

 

Элга барака берса, сенга бергани

Дорихонадан чиқиб, дўкон томонга юрдим. Кўп қаватли уйлар орасидаги чоққина иморатда дунёнинг нарсасини топасиз. Кўкатдан қадоқланган сувгача, совундан гўштгача. Минг хил.

Одам кам. Нарх-наво...

Ажабо, тушиб кетибди. Ҳали карантин синовлари бошимизга тушмасидан аввал,  нархномалардаги рақамлар анча “басавлат”эди. Бехитиёр солиштирдим: гуруч – беш юз, писта ёғи –минг, пишлоқ – икки минг сўм тушибди...

Ушбу сатрларни ўқиб, балки кимларнингдир мийиғида кулгу ўйнар. Донгдор тадбиркорнинг йигирма миллон долларлик ёрдами, таниқли  спортчилар, санъаткорлар, бой-бадавлат корхона ва ташкилотларнинг миллион-миллион сўмлик хайриялари олдида беш юз сўм нима деган гап?

Йўқ, бу рақамда моддиятдан ҳам кўра, маънавият, руҳиятга товун омил – ишонч устун. Тасаввур қилингки, дўконга кирган одам гуруч беш юз сўм қимматлашганини кўрса, дили хира тортиши аниқ: қимматчилик бошланяптими, нима бало?

Бугун магазиндаги тўкинликдан, нарх-наво арзонлаша бошлаганидан севиниб, хотири жам тортади: демак, таҳликага ўрин йўқ. Ҳаммаси жойида.    

“Дўконингларга назоратчилар ораладими, йигитлар?” – деб ўсмоқчиладим сотувчиларга.

“Оралади, ока, оралади, - дейишди улар. – Ҳар куни оралаб туришибди. Лекин улардан чўчиганимиздан туширмадик нархни...”

“Унда, товарнинг келиши арзонлашибди-да?”

“Йўқ, ўша-ўша... Бу оғир кунлар ҳам ўтар-кетар!..”

Ўтган ёзда Тошкентнинг Юнусобод даҳаси, тўққизинчи мавзесидаги ушбу дўкон эшиги олдида ўтирган чўққи соқолли қария кўз олдимга келди. У сотувчи йигитларга гап уқтирмоқда эди: “Баракани аввал эл-юртимга бер, кейин кўп қатори, менга ҳам бер!” деб дуо қилишни ўрганинглар. Элга барака берса, сенга бергани. Бўлмаса, топганинг - беҳуда!.. Қулоқларингда турсин!..”

Энг буюк назоратчи инсоннинг қалбида яшайди.

Уйга келсам, воиз телевизордан яна хушхабар улашяпти: “Соғайиб чиққанлар ўттиз нафарга етди!”

Сочиқни тағин елкамга ташладим!..

Қулман ОЧИЛ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат

кўрсатган журналист.