• eye Специальные возможности
Давлат тили: қонун ижроси билан кучли
16.05.2020
2714
Адлия вазирлиги томонидан шу йил 24 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига қўйилган “Ўзбекистон РеспубликасинингМаъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 42-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамаси ниҳоясига етди.

Адлия вазирлиги томонидан шу йил 24 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига қўйилган “Ўзбекистон РеспубликасинингМаъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 42-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамаси ниҳоясига етди.

Муҳокама қандай ўтди ва нималарни кўрсатди?

 

Халқ билан бамаслаҳат

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 42-моддаси “давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш” тўғрисида бўлиб, унга кўра, фуқароларнинг тарбия ва таълим беришда тилни эркин танлашдан иборат ҳуқуқларини бузиш, тилдан фойдаланишда тўсқинлик қилиш ва чеклаш, давлат тилини, шунингдек Ўзбекистон Республикасида яшовчи бошқа миллатлар ва элатларнинг тилларини менсимаслик – базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши қайд этилган.

Адлия вазирлиги томонидан таклиф этилган лойиҳада мазкур моддани қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдириш назарда тутилмоқда:

“Давлат органлари ва ташкилотларида иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик, – мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади...”

Яқин ўртада бирорта қонун лойиҳаси бундай қизғин баҳс-мунозара ва таклифларга бой бўлмаган эди. Пандемия сабаб жорий этилган карантинга қарамай, муҳокама портал доирасидан чиқиб, ижтимоий тармоқлар, оммавий ахборот воситалари, давраларда фаол давом этди. Лойиҳа хорижий оммавий ахборот воситаларининг эътиборидан ҳам четда қолмади. Жараёнда мамлакатимизда ва чет элларда истиқомат қилаётган турли миллатлар, элатлар вакиллари, касб ва ҳунар эгалари қатнашди. Ўз фикрини айтди. Ўн беш кун мобайнида лойиҳа билан қарийб 13 минг киши танишиб, 641 таклифни илгари сургани бунинг яққол тасдиғидир.

Бу – Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимизнинг янги тарихида собитқадамлик ва очиқлик асосида, халқ билан бамаслаҳат амалга оширилаётган ислоҳотларнинг, барча соҳаларда эркинлик ва демократия, омма билан мулоқот кенг йўлга қўйилганининг самарасидир.

Эҳтиёж фарзанди

Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси давлат органларида иш юритишнинг тўлиқ давлат тилида олиб борилишини таъминлашга, бу масалада мансабдор шахсларнинг масъулиятини оширишга ва давлат тилининг ривожланиши ҳамда унга бўлган эътиборнинг юксалишига хизмат қилади. Лойиҳани тайёрлашда вазирлик бир қатор хорижий мамлакатлар, жумладан, Европа давлатларининг ижобий тажрибасига таянгани алоҳида таъкидланган.

Порталдаги муҳокама иштирокчиларининг мутлақ кўпчилиги лойиҳани астойдил қўллаб-қувватлаган. Уларнинг фикрича, мажбурият юкловчи бу нормани аслида аллақачон – “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинган пайтданоқ жорий этиш керак эди.

“Ўзбекистонда давлат тили 1989 йилдан бери ўзбек тили, – деб ёзади Ф.Мусаева. – Аммо давлат тилида иш юритмаганлик учун жавобгарлик белгиланмаганлиги боис, ҳали-ҳамон жойларда идора ишлари бемалол рус тилида олиб борилмоқда. Ўзим ишлаган корхонада баъзан юқори ташкилотдагилар ҳисоботларимизни рус тилида талаб қилишади. Бу “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг бузилиши эмасми? Фикримча, давлат тилида иш юритмаганлик учун жавобгарлик белгиланса, раҳбарларнинг масъулияти ошади. Фуқароларда ўзбек тилини ўрганишга эҳтиёж ва иштиёқ пайдо бўлади. Ўзбек тилининг нуфузи юксалади. Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрда қабул қилинган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ҳам айни шу вазифа белгиланган”.

А.Садриддинов шундай ёзади: “Қонуннинг ижросини таъминлашда жавобгарликнинг жорий этилиши – жуда самарали чора.

Таклиф этилаётган лойиҳада “давлат органлари ва ташкилотларида иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик” аниқ ифодаланган. Аммо 42-моддадаги “менсимаслик” тушунчаси мавҳум. Қандай ҳаракатни ёки ҳаракатсизликни “менсимаслик” деб аташ мумкин? Давлат идораларида ҳужжатларнинг бошқа тилда юритилишиними? Давлат тилидаги мурожаатга бошқа тилда жавоб берилишиними? “Менсимаслик” тушунчасига қонун тилида изоҳ берилса, яхши бўлар эди”.

“Менсимаслик” ибораси М.Йўлдошевнинг ҳам эътирозига сабаб бўлибди: “Агар мақсад, ҳақиқатан ҳам, ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақомини мустаҳкамлаш бўлса, моддадаги “шунингдек Ўзбекистон Республикасида яшовчи бошқа миллатлар ва элатларнинг тилларини менсимаслик” каби мужмал жумлалардан воз кечиш керак”.

“Аввало, шу кунларга етиб келганимиз учун шукроналар айтаман, – деб ёзади А.Зоҳидов. – Қонун лойиҳаси жуда-жуда долзарб. Истардимки, барча соҳада давлат тили амалда жорий этилса. Мазкур лойиҳанинг қабул қилиниши мустақил давлатимиз тилининг янада сайқал топиши, ривожланиши ва халқаро миқёсда ҳам ўз ўрнига эга бўлишида муҳим қадам бўлади. Токи ҳар бир ватандошимиз давлат тилини билишга, давлат тилида иш юритишга ва давлат тилини ҳурмат қилишга табиий эҳтиёж сезсин”.

Мақсад ва рағбат

Қонун лойиҳасига ўзининг самимий таклифларини билдирганлар орасида бошқа миллат вакилларининг кўплиги қувонарли ҳол.

Хусусан, К.Далабаеванинг фикрича, “давлат тилини ўрганишни рағбатлантириш учун мусиқа санъати, фильмлар, телесериаллар, бадиий адабиётлар имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш зарур. Рус ва инглиз тилларидаги сифатли фильмларни танлаётгани учун ёшларни айблаб бўлмайди. Чунки аксарият миллий фильмларимиз майда мавзулар атрофида ўралашиб қолаётир. Ҳуқуқшуносликка оид кўплаб атамаларнинг ўзбекча муқобиллари ишлаб чиқилмаган. Қолаверса, қонунчиликка давлат тилини ва бошқа тилларни билгани учун рағбатлантиришга доир қоидаларни киритиш ҳам фойдадан холи бўлмайди”.

“Ушбу қонун лойиҳасининг таклиф этилиши жуда адолатли иш бўлибди! –деб ёзади муҳокамага Украинадан туриб қўшилган Давид. –Мен ўн йил Россияда ўқидим ва ишладим. У ерда барча иш рус тилида юритилади. Шундай бўлиши ҳам керак. Россияда яшашни истайсизми, марҳамат, рус тилини ўрганинг. Тақдир тақозоси билан сўнгги беш йилда Украинада яшаб турибман. Ўзимни бу ерда ҳам бегона ҳис қилаётганим йўқ. Чунки украин тилини ўргандим. Бу – мен яшаётган давлатнинг тили. Уни билишим шарт. Дейлик, АҚШда яшасангизу, инглиз тилини билмасангиз ёки ўрганишни истамасангиз, давлатнинг қонун-қоидаларини ўзингизнинг таъбингизга қараб ўзгартиришни талаб қила олмайсиз-ку”.

Жарима: озми — кўп?

Ш.Турсунбаевнинг фикрича, бир ташкилотда бир нечта мансабдор шахс бўлиши мумкин. “Шунинг учун, – деб таклиф қилади у, – қонун лойиҳасидаги “мансабдор шахс” тушунчасини, меҳнат муносабатларига оид қонунчиликка мувофиқ, “иш берувчи” деб ўзгартириш тўғри бўлади. Сабаби, давлат тилида иш юритиш ёки юритмаслик иш берувчи ва ходим ўртасидаги муносабатларда аниқланади. Меҳнатга оид қонунчиликда “иш берувчи” ва “ходим” муносабатларига ҳуқуқий баҳо берилган. Мансабдор шахс иш берувчи бўлмаслиги мумкин.

Агар мансабдор шахсларга жавобгарлик белгиланса, унда ходимга нисбатан ҳам шундай қоида қўлланиши зарур. Шунда, қонунга риоя этмаган мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача, ходимларга эса икки бараваридан беш бараваригача жарима кўзда тутилиши мантиққа мос бўлади.

Лойиҳада фақат давлат органлари ва ташкилотларига нисбатан мажбурият белгиланган. Таклифим: “ташкилотларда” деган сўздан кейин “ва бошқа хўжалик юритувчи субъектларда” деб қўшиш керак”.

Ш.Мусаевнинг қайд этишича, “давлат тилини ривожлантириш борасидаги ишлар мантиқий изчиллик билан амалга оширилмоқда. Ўзбек тили давлат тили деб эълон қилинганининг 30 йиллиги нишонланди. Вазирлар Маҳкамаси таркибида Давлат тилини ривожлантириш департаменти тузилди ва фаол ишга киришди. 21 октябрь “Ўзбек тили байрами куни” этиб қонун билан белгиланди. Энди давлат тилида иш юритишнинг ҳуқуқий мажбурияти белгиланяпти. Бундай хайрли ишларни янада қатъият билан давом эттириш керак”.

“Франция аҳолисининг 51 фоизи француз тилидан бошқа тилда гаплашади, – деб ёзади порталда Ш.Соатова. –Конституциясида эса фақат француз тили давлат тили деб белгиланган. Француз тилини маданий ёдгорлик сифатида сақлашга мамлакат Маданият вазирлиги масъул. Расмий иш юритиш фақат француз тилида.

1994 йилда қабул қилинган Тубон қонунида давлат ташкилотлари томонидан иш юритиш истисносиз француз тилида олиб борилиши, атамаларнинг французча муқобили турганда, бошқа тилдагисини ишлатиш тақиқланиши қатъий белгилаб қўйилган.

Мазкур қонунни бузиш жисмоний шахсга 700 евро, юридик шахсга 3750 евро жарима солинишига сабаб бўлади. Бошқа тилда пешлавҳаси ёки ёрлиғи ёзилган мулк мусодара қилиниши ҳам мумкин. 2006 йилда шу қонунни бузгани учун Американинг Gems компанияси 600 минг евро жаримага тортилган.

Бизда-чи? 1989 йили “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинганидан буён ўтган қарийб ўттиз бир йил мобайнида на уни бузганга жавобгарлик, на ижросини назорат қилувчи ташкилот ва на амалга ошириш механизмлари белгиланган”.

Қ.Йўлдошевнинг фикрича, мансабдор шахсларнинг давлат тилига оид қонунларга риоя этмаслиги базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача жарима солишга сабаб бўлиши керак. Бу жарима ташкилот ҳисобидан эмас, раҳбарнинг ўз ҳисобидан тўланиши кўзда тутилиши шарт. Айни қоидабузарлик такрорланса, жавобгар шахс лавозимини тарк этиши лозим”.

Излаган имкон топади

Қонун лойиҳасининг қабул қилинишидан ташвиш билдирганлар ҳам йўқ эмас. Р.Рўзматовнинг қайд этишича, “ушбу лойиҳа тасдиқланиб, қонун кучга кирса, айрим раҳбарларга қарши ишлатилиши мумкин. Масалан, идорада бирорта техник йўриқнома рус тилида “топилиб қолса”, “ҳушёр” ходим тегишли органга хабар беради ва ўша ташкилотнинг раҳбарига жарима солинади. Давлат тилини ривожлантириш учун аҳоли айниқса, ёшлар ўртасида китобхонликни кенгайтириш зарур”.

А.Гревцова “давлат тилини ўрганишни истайдиган фуқаролар учун бепул курслар очиш мақсадга мувофиқ, – деб ҳисоблайди. – Ҳозир фаолият юритаётган уч ойлик пуллик курслар на тайинли услубиятга, на самарага эга”.

“Афсус, – деб ёзади Р.Махсудов, – кўплаб иқтидорли танишларим чет элларга кетиб бўлишди ёки шундай тараддудга тушиб қолишган. Сабаби – давлат тилини яхши билмаслигида. Ҳар ҳолда улар шундай ўйлашади. Ҳа деб тил билмаслигини юзига солаверишса, бошқа нима ҳам қилишсин. Жазо белгилагандан кўра, уларга давлат тилини пухтароқ ўргатайлик. Қизиқтирайлик. Ҳатто ўзбек тилида таълим-тарбия олганлар ҳам давлат тилида эплаб ёзолмайди. Тилни ривожлантириш ва мустаҳкамлашни таълим тизимидан бошлаш керак”.

Ўзбек тилида ёзилган бу фикрларга А.Аҳроровнинг рус тилидаги қайдлари жавобдек туйилади: “Кимлардир чет элларга кўчиб кетган ёки кетаётган бўлса, бунинг сабабини давлат тилидан изламаслик керак. Шу пайтгача Ўзбекистонда расман ҳеч ким, ҳеч қачон давлат тилини билмагани учун бировга танбеҳ бермаган. “Кетаман”нинг сабаби бошқа муаммоларга бориб тақалади”.

С.Турсунов алифбо масаласини тезроқ ҳал қилиш зарурлигини таъкидлайди. Унинг фикрича, “ўзбек тилида “Сен” деган мурожаатдан қонунан воз кечиб, халқимизга хос “Сиз”лашга ўтиш керак. Бу ўзбек тилининг нуфузини юксалтириб, инсоний муносабатларни янада яхшилаш, ўзаро ҳурмат-эҳтиромни оширишга хизмат қилади. Англияда ўн еттинчи асрда шундай ислоҳот амалга оширилган: инглиз тилида “Сен” (Thou) ўрнига “Сиз” (You) қўллана бошлаган”.

Порталга ўз фикрларини ўзбек ва рус тилларида ёзган С.Насретдиновнинг айтишича, “Ўзбекистонни ўзининг Ватани деб билган, лекин мазкур лойиҳадан хавотир билдириб, “кетаманга тушиб қолган” айрим юртдошларимизнинг важлари мени жуда ажаблантиради. Аслида улар бошқа мамлакатга кетганларида ҳам, ўша давлатнинг тилини ўрганишга мажбур бўлишади-ку”.

“Жарима тўлашга кимнинг тоби бор?– дейди А.Бирюкова. –Қонун барчага баравар. Мен давлат тилини ўрганишни жуда-жуда истайман, лекин бундай билим берадиган курсни излаш беҳуда. Қайси тилда билим бераётганидан қатъи назар, миллий таълим тизимимиз эса жуда оқсаб қолган”.

Таъкидлаш ўринлики, Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 3 мартдаги қарорига биноан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузурида Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ташкил этилиб, минтақаларда унинг ҳудудий бўлинмалари фаолият юритмоқда. Вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва хўжалик бирлашмалари ходимлари марказда ва унинг ҳудудий бўлинмаларида тўлов шартнома асосида ўқитилади. Иш жойидан ажралган ҳолда таълим олаётган тингловчилар учун ўқиш даврида асосий иш жойидаги лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи сақланади.

Қайд этилганларга қўшимча сифатида яна айтиш мумкинки, биргина ziyouz.com порталидан ўзбек тилига оид минглаб ўқув қўлланма, лўғат, қомус, бадиий ва махсус адабиётларни топиш мумкин.

Гап – эҳтиёж ва интилишда

“Уч-тўрт йил олдин Туркияга борган эдим, – деб ёзади В.Қодиров. –Ўша ерда яшаётган, асли ўзбекистонлик 35 ёшлардаги рус аёл билан гаплашиб қолдим. Бемалол туркча гаплашаётганини кўрдим. Лекин мен ўзбекча гапирсам, рус тилида жавоб қайтарди. “Ўттиз беш йил Ўзбекистонда яшаб, ўзбек тилини ўрганмаган экансиз. Бир йилда туркчани қандай ўргандингиз?” деб сўрадим. “Билмадим, ўзбекчани ўрганиш учун эҳтиёж туғилмаган, шекилли”, деб жавоб қилди”.

Адибнинг ҳуштаги

Бундан қарийб олтмиш йил бурун атоқли адиб Абдулла Қаҳҳор: “Нима учун кўча ҳаракати қоидасини бузган кишига милиция ҳуштак чалади-ю, бутун бир тилни бузаётган одамларга ҳеч ким ҳуштак чалмайди?” – деб надомат билан ёзган эди.

Айни ўкинч отам замонидан қолган патифоннинг пластинкасидек давралару оммавий ахборот воситаларида айлангани-айланган: “Нима учун ҳуштак чалмайди?”

Бу орада “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинди. Халқимиз мустамлака зулмидан озод бўлиб, истиқлолга эришди ва мустақил тараққиёт йўлига дадил қадам қўйди.

Саволга эса ҳамон аниқ жавоб йўқ.

Адлия вазирлиги томонидан тақдим этилган мазкур қонун лойиҳасининг мамлакатимиз парламенти томонидан қабул қилиниши ушбу дардли саволга жавоб бўлса, ажаб эмас.

 

Қ.Очилов

МАНБА: УЗА