• eye Специальные возможности
ЎЗБЕКОНА МЕҲР ЖОЗИБАСИ
18.06.2020
2618
​​​​​​​Жазирама кунлар бошланиши билан шаҳар-қишлоқларимизда чаноқовбосди ичимликлар, мева шарбати истеъмолининг фойдасию савдосига бағишланган ранг-баранг реклама лавҳалари кўпайди. Сархил мевалари билан етти иқлимга донғи кетган Ўзбекистондай жаннатмонанд мамлакатда бу таббий ҳол. Шукрки, соҳибкорларимизнинг сайъ-ҳаракати билан юртимизда эндиликда тўрт фаслда ҳам пишиқчилик.

Жазирама кунлар бошланиши билан шаҳар-қишлоқларимизда чаноқовбосди ичимликлар, мева шарбати истеъмолининг фойдасию савдосига бағишланган ранг-баранг реклама лавҳалари кўпайди. Сархил мевалари билан етти иқлимга донғи кетган Ўзбекистондай жаннатмонанд мамлакатда бу таббий ҳол. Шукрки, соҳибкорларимизнинг сайъ-ҳаракати билан юртимизда эндиликда тўрт фаслда ҳам пишиқчилик.

Айни жараёндаги энг муҳим ўзгариш - барча ташқи ёзувлар, шу жумладан лавҳалар, эълонлар, кўргазмали бошқа ахборот матнлари, ташқи реклама маҳсулотларининг давлат тили ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлиши юзасидан жадал ва самарали ишлар бошланганида ўзининг яққол ифодасини топмоқда. Кўчалар, маҳаллалар, қишлоқлар ва корхоналарда давлат тилидаги реклама воситалари, пешлавҳалар, жой номлари кун сайин кўпаймоқда. Буни оммавий ахборот воситаларини ва ижтимоий тармоқларда хабарлар, юртдошларимизнинг эътирофларидан ҳам кўриш мумкин.

Бу мамлакатимизда давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимларининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчилари фаолиятининг изчил йўлга қўйилаётгани билан ҳам боғлиқ. Зеро, барча бўғиндаги маслаҳатчилар ҳамкор ташкилотлар вакиллари билан биргаликда, ташқи ёзувлар, жумладан лавҳалар, эълонлар, кўргазмали бошқа ахборот матнлари, ташқи реклама материалларини қадам бақадам юриб, хатловдан ўтказмоқда. Жумладан, Тошкент, Самарқанд, Фарғона ва Андижон шаҳарларида ўтказилган ана шундай изчил тадбирлар самарасида юзлаб реклама ва пешлавҳа матнларини давлат тили талабларига мослаш юзасидан тегишли чоралар кўрилди. Бундай хайрли ишларнинг кўлами тобора кенгайиб, самаралари ортиб бораётгани ғоят қувонарли.

Дарвоқе, ўзбекча реклама асли ўзи қандай бўлиши керак? Ёдингизда бўлса, сал илгари гавжум кўчалардан жой олган салобатли лавҳада хушрўйгина аёл мева шарбати тўла идишни узатганча: “Сизга ҳам илиндик!” деб мулойим жилмайиб турарди. Кўриб, қувониб кетардингиз: “Сизга ҳам илиндик!”

Содда, самимий бу лутфнинг замирида нафақат харидорни чорлаш, балки ўзбекона меҳр мужассам. Одатда тансиқ таомни энг яқин, қадрдон кишимиз билан бахам кўргимиз келса, унга илинамиз. Бу уч сўзда ана шундай ўзбекона назокат, лутф, эҳтиром, меҳр бор. Мамлакатимиз давлат тилининг бой латофати, жозибаси ва таъсир кучидан рекламада фойдаланиш, аслида, мана  шундай бўлиши керак, назаримда. Шу боис, дўконга кирганимда халқимизга, тилимизга  - ўз мижозларига меҳри баланд  ўша баракали ширкатнинг (рекламага йўймасликлари учун номини айтмаяпман)  маҳсулотларини харид қилишга шошиламан.

Зеро, илгари ҳар қадамда учраб турадиган “Мусиқали сигирлар сути”, “Салом, Ширин, мен шафтолиман!”, “Салом, Камилла, мен олчаман!” (имлоси аслидай),  “Ўйинда бўл!”, “Чанқоғингга ишон!”, “Мевали қувонч”  каби тушуниш қийин реклама маҳсулотларининг олдида бу лутф  нақадар жозибали ва эсда қоларли: “Сизга ҳам илиндик!” 

Боболаримиз она тилига садоқатни Ватаний иш, яъни миллат, Ватан тақдирига дахдор вазифа деб билганлар. Бу ҳикматга амал қилиш  барчамизнинг - реклама берувчиларнинг ҳам, тайёрловчиларнинг ҳам, харидорларнинг ҳам шарафли бурчидир.

 

Қ.Очилов

Манба: “XXI аср” газетаси.

2020 йил 18 июнь.