• eye Специальные возможности
Даҳолардан улуғлик улгусини олиш – Ватанга муносиб фарзанд бўлишнинг муҳим шарти
14.08.2020
5424
Даҳо даражасига етишган зотлар ўзлари туғилиб ўсган жой, ўзлари мансуб бўлган миллатни мукаррам этадилар – дунёга танитадилар. Мисол тариқасида мусулмон оламида машҳур Имом Бухорий, Имом ат-Термизий, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбандий, аз-Замахшарий ва яна ўнлаб бобокалонларимизнинг номларини келтиришимиз мумкин. Хусусан, Муҳаммад Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк аждодларимиз инсоният тараққиётига, хусусан, илм-фан, маънавият ва маърифатнинг юксалишига улкан ҳисса қўшган.

Даҳо даражасига етишган зотлар ўзлари туғилиб ўсган жой, ўзлари мансуб бўлган миллатни мукаррам этадилар – дунёга танитадилар. Мисол тариқасида мусулмон оламида машҳур Имом Бухорий, Имом ат-Термизий, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбандий, аз-Замахшарий ва яна ўнлаб бобокалонларимизнинг номларини келтиришимиз мумкин. Хусусан, Муҳаммад Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк аждодларимиз инсоният тараққиётига, хусусан, илм-фан, маънавият ва маърифатнинг юксалишига улкан ҳисса қўшган.

Улар томонидан барпо этилган буюк салтанатлар, муҳташам тарихий обидалар бугун ҳам халқимиз даҳосининг ёрқин намуналари сифатида дунё аҳлини ҳайратга солиб келмоқда. Хорижда шу зотлар туфайли ватандошларимизга алоҳида ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилгани бот-бот қулоғимизга чалиниб туради. Буларнинг барчаси ўтмишимиз нечоғли улуғвор эканини англатади. 

 

turkiy_tilli_davlatlar_amkorlik_kengashi_ezgu_ma_saddagi_mil.jpg

Худоёр МАМАТОВ,

Марказий сайлов комиссияси котибият раҳбари,

Юридик фанлари доктори, профессор

 

Мана шу шонли ўтмиш қалбларимизга фахр-ифтихор туйғуларини тарбиялаш баробарида, сабоқ вазифасини ҳам ўтайди. Уларга муносиб авлод бўлиш масъулиятини зиммамизга юклайди. Чунки ўтмишидан фақатгина ғурурланиш, боболари босиб ўтган зафарли масофаларни пеш қилиб улуғликка даъво қилиш – миллатнинг равнақига хизмат қилмайди. Бинобарин, ҳаракатчанлик, иштиёқ ва собитқадамликка уйғун бўлмаган умидворлик нотавонлик белгисидир. Ёки Аристотел айтганидек: «... ҳамма нарсанинг моҳияти унинг ҳаракатида намоён бўлади».

Шу ўринда улуғларимиз – бобарокат боболаримиз анъанасини давом эттириш омили нима, деган ҳақли савол туғилади. Нима қилсак аждодларимизга муносиб авлод бўламиз? Батафсил жавоб айтиш ўта мураккаб. Бир оддий ҳақиқатни эслатиб ўтишни ўринли деб билдик. Улуғлик мартабасига мушарраф бўлган ўтмишдошларимизнинг бирортаси ҳам бу маснадга сийму зар билан эмас, балки илму ҳунар, тинимсиз изланиш, интилиш, ҳаракат қилиш билан эришганлар. Ўзларида энг гўзал инсоний фазилатларни камол топтириш орқали хулқларига ҳусн, одобларига оро берганлар – аъмолларини зийнатлаганлар.

Сирасини айтганда одоб – ўқибгина ўрганиладиган илм эмас. Унинг уруғи инсон боласининг қалбига аввал бошдаёқ қадалган бўлади. Ўқиш-ўрганиш, панду насиҳат, танбиҳ, ўгит ва улгу – буларнинг барчаси одамнинг одобини ораста этгувчи воситалар холос.

Қуръони каримда (Аллоҳ) ота-онанинг қадрини қуёш қадар сарбаланд этгани, башарти шундай қилмаганида ҳам бандаси бу ҳақиқатни фаҳму фаросати билан англаши лозимлиги уқдирилган. Дарҳақиқат, катта кўчани кесиб ўтаётган қарияга қўлтиқдош бўлиш, жамоат транспортида кексаларга жой бериш ёки кичик ёшдаги болаларни безорисифат болалар таъқибидан ҳимоя қилиш учун албатта қайсидир мутафаккирнинг бу борадаги асарини ўқиган бўлишимиз шарт эмас (ўқиган бўлсак нур устига аъло нур, албатта).

Бу инсонда табиий равишда кечадиган жараён. Бурч даражасидаги қараладиган қонимизда шундай унсурлар бор. Шунинг баробарида ўқиб-ўрганиладиган ва амал қилиниши шарт бўлган илмлар ҳам мавжуд. Масалан, ҳуқуқий билимлар. Бу борада Конфуций айтганидек: «Ўқиган билади, билган амал қилади». Жамиятда амалда бўлган қонунларни билмаслик сиёсий ғўрлик, ҳуқуқий саводсизлик белгиси саналади. Бундай кишиларни чалғитиш, хоҳлаган томонга эргаштириш осон кечади. Чунки ўқимайдиган киши наинки қонунлар билан таниш эмас, у ўзлигини билмайди, ўтмишини танимайди.

Шу боис ҳам ҳар бир даврда ёшларнинг онгида ўтмишга ҳурмат ҳиссини тарбиялаш долзарб мавзу, муҳим вазифа саналган. Шунинг баробарида бизни ўраб турган муҳитда чалғитувчи омиллар ҳам бисёр, қонимизда эса чалғишга мойиллик уйғотувчи қусурлар мавжуд.

Биргина мисол: аҳолимизнинг аксари севиб томоша қиладиган ҳинд фильмлари узоқ вақт қадриятларимизга қарши ишлаб келди. Удумларимизни улуғлашга эмас, улардан узоқлаштиришга хизмат қилди. Иродаси суст, ташқи таъсирларга тез берилувчан айрим фуқароларимиз фильмларга тақлидан айрим номаъқулчиликлардан ўзларини тия олмаган ҳоллар ҳам учради (бундай ҳоллар фақат ҳинд фильмларига тааллуқли эмас. Бинобарин катта экранларда «Фантомас​» фильми намойиш этилганида шунга тақлидан ўғирлик жиноятлари кўпайганини, Шварценеггер​, Жан Клод Ван Дамм иштирокидаги фильмлар таъсирида кўча-кўйда муштлашувлар, майда безорилик иллатлари урчиганлигини катта ёшдагилар яхши эслашади).

«Бобби» фильмини эсланг. Севгида омади чопмаган ёшлар ўзларини сувга чўктириб қурбон қилмоқчи, шу йўл билан қалби сўқир оталарнинг кўзини очиб қўймоқчи бўлишади. Кинода шундай бўлади ҳам. Ҳаётдачи? Ўша кезлари қанчадан-қанча қиз-жувонлар муҳаббат можаросида ўзларига ўт қўйганлари кўпчилигимизнинг ёдимизда. Бундан эҳтимол қаттиққўл оталарнинг дийдаси юмшагандир, аммо уларнинг кўзлари мангуга юмилганча қолди.

Ҳинд фильмларидан юққан яна бир иллат ота-ўғил муносабатларидаги парокандаликдир. Биласиз ҳинд фильмларида мана шу зиддият бўрттириб талқин қилинади. Бетгачопар ўғил унинг ташвишини қилаётган отанинг раъйига қарши бориб, терс гапириб юзига сапчийди. Ҳаттоки, костюмини елкасига ташлаб ота уйини тарк этади. Охир-оқибат у ҳақ бўлиб чиқади, ота – мулзам бўлиб қолади.

Хўш, ўша давр ёшлари бундан қандай сабоқ олди? Бунга шунчаки кино деб қараганлар қаторида, уни ҳаётга татбиқ қилганлар бўлмади дейсизми?! Отасига зарда қилиб уйини тантанали тарзда тарк этган йигитлардан бири, кетишимку кинодагидек бўлдию, бу ёғи ўхшамаяптида, деб, пушаймон бўлган экан. Ўхшамайди ҳам, ахир отасини норози қилган қайси боланинг омади чопган?

Халқимизнинг пурмаъно ҳикматларига қулоқ тутайлик. Икки тоифа одамларга яхшилик қилиб бўлмайди, дебди донишманд. Биринчиси, ота-онасининг розилигини олмаган инсонга, иккинчиси ота-онасининг розилигини олганга, деб фикрига якун ясабди у. Уни тинглаб турганлар ажабланиб қолишибди. Шунда у ўтирганларга юзланиб фикрига аниқлик киритибди: «Биринчисига яхшилик қилдинг нимаю қилмадинг нима – фойдаси йўқ. Иккинчиси эса яхшиликка муҳтож эмас!» Чунки, ота-онасини рози қилган фарзанддан Аллоҳ ҳам, бандаси ҳам рози. Розилик, ҳалоллик, поклик ила мақсадга интилган инсон албатта ўз орзу-мақсадига етишади. Ҳаётда бунга мисоллар жуда кўп...

Қизиғи шундаки шўро даврида адабиёт ва санъат асарлари устидан қаттиқ назорат ўрнатилган, цензуранинг таъсири кучли бўлган. Бироқ фильмларнинг мана шу жиҳати эътибордан соқит қилинган. Миллий менталитетимизга зид бўлган бу сюжетларга ҳеч ким эътироз билдирмаган. Балки атай қилингандир! Бунинг битта сабаби бор, у ҳам бўлса ўша давр ҳинд фильмларида уятсиз саҳналарнинг деярли учрамаслиги деган фаразга тўхталамиз. Худди мана шу омил ҳатто нуктадон назоратчиларни ҳам чалғитган бўлиши керак. Ҳозирги аксарият фильмларда, шу жумладан ҳинд фильмларида ҳам уятсиз саҳналар шу даражада урчиб бормоқдаки, телевизор атрофида ўтириб, оила аъзоларингиз билан бу фильмларни мириқиб томоша қилиш мутлақо мумкин эмас.

Ўз вақтида бу ҳам бир тарғибот усули бўлган, албатта! Бугунда бу каби тарғиботлар кенг миқёс касб этди. Ахборот ташувчи технологиялар шу қадар ривожландики, энди дунёнинг бирор-бир мамлакатида барқарорликни издан чиқариш учун катта бир армияни бошлаб бориш шарт бўлмай қолди. Информацион ҳуружлар йўли билан бу иш осонгина ҳал этиляпти. Шунинг учун ҳам мамлакатимиз биринчи Президенти И.Каримов барчамизни огоҳликка даъват этиб, жамиятда маънавий бўшлиқ қолдириб бўлмаслигини, унда ёт ғоялар урчиши мумкинлигини, бугунда ахборот хуружлари ядро полигонлариданда, хавфли тус олаётганини, бузғунчи ёт ғоялар информация тарзида, кино, мультфилмлар, клип, ролик ва бошқа кўринишларда радио ва телетўлқинлар ва интернет халқаро тармоғи орқали тарқатилаётганини уқдирган эдилар.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида: «Бугунги тез ўзгараётган дунё инсоният олдида, ёшлар олдида янги-янги, буюк имкониятлар очмоқда. Шу билан бирга, уларни илгари кўрилмаган турли ёвуз хавф-хатарларга ҳам дучор қилмоқда. Ғаразли кучлар содда, ғўр болаларни ўз ота-онасига, ўз юртига қарши қайраб, уларнинг ҳаётига, умрига зомин бўлмоқда. Бундай кескин ва таҳликали шароитда биз ота-оналар, устоз-мураббийлар, жамоатчилик, маҳалла-кўй бу масалада ҳушёрлик ва огоҳликни янада оширишимиз керак. Болаларимизни бировларнинг қўлига бериб қўймасдан, уларни ўзимиз тарбиялашимиз лозим», дея таъкидлаган эдилар.

Буюк давлат арбоби Маҳатма Ганди: «Уйимизга тоза ҳаво кириши учун деразаларни очсак, шабада билан бирга чанг, ғубор ва довуллар ҳам ёпирилиб кириб келади. Бизни безовта қилади, ҳатто талафот ҳам етказиши мумкин», деган эди. Дарҳақиқат, бугунги дунёда кечаётган интеграциялашув жараёнида ахборот оқимлари шу қадар кўпайиб кетдики, ўсмирлар у ёқда турсин, ҳатто ақлу ҳушини йиғиб олган кишилар ҳам интернетдаги хабарларнинг қайси тўғрию қайсиси нотўғри эканини ажратишга қийналмоқда.

Шу ўринда интернет глобал тармоғи, унинг ижобий ва салбий жиҳатлари хусусида бир оз тўхталсак. Инсониятнинг ХХI аср бўсағасида информацион-коммуникация технологиялари соҳасида қўлга киритган бу ютуғи манзурлик миқёси жиҳатидан қанчалик улкан бўлса, зарарлилик жиҳатидан шундан кам бўлмаган кўлам касб этмоқда. Айтиш жоизки интернет глобал тармоғининг умумтараққиётга таъсири – рад этиб бўлмайдиган ҳақиқат, бироқ у айрим ёшларимизнинг маънавий иммунитетини сиқиб олаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.

Унинг айрим бузғунчи сайтларида инсоннинг иймонини издан чиқаришга қаратилган зўравонлик, беҳаёлик, одобсизлик ва фаҳшни, наркотик, экстремизм ва террорни тарғиб этадиган намойишларга очиқдан-очиқ ўрин берилган. Бузғунчиликнинг барча кўринишлари худди кўргазмага қўйилгандек – кино қилиб кўрсатилмоқда. Биласиз, кўнгилочар тадбирлар ичида кинонинг қанчалик таъсир кучига эга. Ўтган асрнинг «доҳий»ларидан бири шу борада гапириб, «санъатлар ичида энг яхшиси – кино» деганида, унинг мана шу таъсирчан қудратини назарда тутган бўлса ажаб эмас.

Интернет глобал тармоғи орқали тарғиб қилинаётган бузғунчи ғоялардан яна бири, бу оммавий маданиятдир. Бу ҳам ўзликни, ўтмишни унутишга қаратилган ғараз ниятларнинг ифодаси аслида. Кимлардир ўзи ботган шалтмоққа бошқаларни ҳам тортмоқчи. Бунинг каби тарғиботлар таъсирига берилиш ўзини ўзи шарманда қилишдан бошқа нарса эмас. Бунга тарих кўп бор гувоҳ бўлган. ХIХ асрда яшаган рус адабиётшуноси В.Г.Белинский Пётр I даврида Европа маданиятини русларга сингдириш учун қилинган хатти-ҳаракатларни заҳарханда қилиб: «Европа либосини кийган рус европаликларнинг олдида ўзини пародия қилгани қолди», деб ёзган эди. Чунки асрлар оша кийишга одатланган чакмонларини ечиб, торгина ботфорт ва сюртик кийган дворянлар, сарой аёнлари ўзларини ноқулай ҳис қилар, айниқса хонимларнинг қўлини ўпиш учун эгилаётганларида, бунга одатланмаганлари боис париклари қийшайиб кетар ёки ўзлари мункиб йиқилиб тушишларига оз қолар экан.

Башарти миллий менталитетимизга зид бўлган удумларни, расм-русумларни кўр-кўрона ўзлаштириш ҳам шундай оқибатга олиб келади.

Хўш, интернет глобал тармоғи мавжуд, ундан фойдаланиш ихтиёрий. Кимнинг қайси сайтда сайр қилаётгани, қайси эҳтиёжларини қондираётгани – фақат ўзига аён. Ҳар бир кишининг устида назорат ўрнатишнинг иложи йўқ, имкони бўлган тақдирда ҳам мумкин эмас, бу – халқаро ҳуқуқ талабларига зид.

Мана шундай вазиятда фарзандларимизни интернетга мутеликдан асрашнинг қандай самарали воситалари бўлиши мумкин?

Менинг назаримда бу ишни энг аввало, ота-оналар, оила ўз зиммасига олмоғи даркор. Фарзандининг келажаги учун масъуллик ҳисси улардан ўта ҳушёрликни, доимий диққат-эътиборда бўлишни талаб этади. Қолаверса бу ҳеч қайси қонунда таъқиқланмаган. Жамоатчилик эса бу ишда кўмакдош. Хусусан, баҳамжиҳат бўлиб болаларимизда маънавий иммунитетни ҳосил қилсак, компьютер қаршисида сарф бўлаётган вақтнинг қадр-қийматини тушунтирсак, зарарли ғояларга илакишиб қолишнинг аянчли оқибатларини англата олсак, сохта демократия ниқоби остида тиқиштирилаётган эгоцентристик ғоялар остида қандай ғаразли мақсадлар ётганини исбот қилиб бера олсак фарзандларимизни мушоҳада қобилиятида мосуво зомбиларга айланишдан асраб қолган бўламиз. Зотан ҳаётимизнинг бор мазмун-моҳияти ҳам шу аслида, зотан юнон файласуфи Эпиктет айтганидек, «бир солиҳ фарзанд тарбияси улуғ бир кашфиёт билан тенг!»

Юқорида ўз номини мангулик тоқига муҳрлаш баробарида ўзи мансуб бўлган миллат шаънини шарафлаган улуғ зотлар – бобокалонларимизнинг номларини зикр этиб ўтгандик. Фикримизни мухтасар қилиш арафасида Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг тариқатидан жой олган бир таълимотни тилга олсак – «Хилват дар анжуман». Бунда тариқат пири инсоннинг хилватда хулқи қандай бўлса, кўпчиликнинг ичида ҳам шу ҳолатда бўлиши лозимлигидан сабоқ беради. Чунки хилватда чалғитувчи унсурлар деярли йўқ, анжуманда эса ҳаддидан зиёд – ҳар икки ҳолатда ҳам чалғимаслик комилликдан далолатдир.

Алқисса улуғлар улғайган юрт фарзандлари эканимизни унутмасак, улуғларимиздан улуғлик улгусини олсак – миллий тикланишдан, миллий юксалиш сари юз тутган Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшамиз ва келажаги буюк Ўзбекистонга муносиб фарзанд бўламиз.