• eye Специальные возможности
Ҳиндистоннинг бешта ҳудудида қонунчилик ассамблеясига сайловлар бўлиб ўтди
07.04.2021
1452
Шу йилнинг 5-6 апрель кунлари Ҳиндистоннинг Ассам, Керала, Тамил Наду, Ғарбий Бенгалия ва Падучерри штатлари қонунчилик ассамблеясига сайловлар бўлиб ўтди.  

Шу йилнинг 5-6 апрель кунлари Ҳиндистоннинг Ассам, Керала, Тамил Наду, Ғарбий Бенгалия ва Падучерри штатлари қонунчилик ассамблеясига сайловлар бўлиб ўтди.  

Ҳиндистон сайлов комиссияси томонидан Сайлов кампанияси даврида мамлакатда пандемия шароитида эркин, адолатли, ошкора ва хавфсиз сайловларни ўтказиш мақсадида халқаро виртуал сайлов дастури йўлга қўйилди.

Виртуал сайловларни Молдова, Грузия, Австралия, Малави, Малдив ороллари, Мўғулистон, Бангладеш, Афғонистон, Камбоджа, Индонезия, Непал, Замбия Филиппин, Украина, Корея, Қозоғистон ҳамда Ўзбекистон каби дунёнинг 26 та давлатидан 100 дан ортиқ сайлов органлари вакиллари бевосита кузатиб борди.

Сиёсий тадбирлар учун 5 та ҳудудда 824 та сайлов округи ташкил этилган ва 187 миллиондан ортиқ ҳинд фуқаролари сайловчилар рўйхатига киритилган.

Ташкил этилган 266 мингдан ортиқ сайлов участкаларининг барчаси Ҳиндистон сайлов комиссиясининг талабларига мувофиқ электрон овоз бериш машиналари билан таъминланган. Мазкур қурилма овоз бериш жараёнлари шаффофлигини таъминлаш билан бирга, ташишда қулайлиги боис олис ҳудудларда яшовчи, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳам овоз беришлари учун имконият яратди. 

Сайловда иштирок этган ҳар бир овоз берувчининг бир марталик иштирокини таъминлаш мақсадида қўшимча жамоатчилик назорати ўрнатилган. Унга кўра сайловчиларнинг бармоқларига махсус “ўчмайдиган” қора бўёқ суртилади, у бир неча кун давомида бармоқлардан ювилиб кетмайди.

Шу ўринда айтиш жоиз сайлов участкаларида санитария-эпидемиологик хавфсизликни таъминлашга қаратилган чоралар кўрилган. Сайлов участкалари ва комиссия аъзолари ва овоз беришда иштирок этувчилар шахсий ҳимоя воситалари, антисептик ва бошқа воситалар билан таъминланган.

Виртуал сайлов жараёнлари доирасида “Сайловчиларнинг электорал саводхонлигини ошириш”, “Пандемия шароитида сайловарни ташкил этиш”, “Электрон овоз бериш машиналари ва сайловларда ахборот коммуникация технологияларининг ўрни” каби мавзуларга бағишланган вебинарлар ҳам ташкил этилди.

Шунингдек, вебинарлар давомида “A-WEB India Journal of Elections” журнали тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Жаҳон сайлов органлари ассоциацияси томонидан нашр этилган журналда таниқли ёзувчилар, экспертлар, тадқиқотчилар ва амалиётчиларнинг тадқиқот ишлари, мақолалар ва шарҳлар эълон қилинган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан билдирилган фикрлар, жумладан сайловлар соҳасидаги дўстона муносабатлар ва чуқур ҳурматга асосланган келишувлар, ҳамкорлик ришталарининг тобора мустаҳкамланиб бораётганлиги борасидаги фикрлар ҳам келтириб ўтилган.

 

Халқаро виртуал сайловларнинг 2 куни сайлов участкаларидаги шароитлар билан бевосита танишиш имконияти яратилди. Видеороликлар орқали Ассам, Керала, Тамил Наду, Ғарбий Бенгалия ва Падучерри ҳудудларининг ижтимоий-иқтисодий аҳволи, туризим салоҳияти билан таништириб ўтилди. Ҳар бир участкада карантин қоидаларига амал қилиш орқали овоз бериш жараёнларида иштирок этишга даъват этувчи кўргазмали маълумотлар ва деъворий ахборотларни кузатиш мумкин бўлди.   

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоиз, қонунчилик ассамблеясига бўлиб ўтган сайловларни кузатиш билан бирга пандемия шароитида эркин ва ошкора сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш, сайлов жараёнларига илғор ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш юзасидан ҳам тажриба алмашилди.