• eye Специальные возможности
Бугун – 12 май куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ZOOMдастури орқали он-лайн тарзда бўлиб ўтди.
12.05.2021
1522
Bugun – 12 may kuni Markaziy saylov komissiyasining navbatdagi yig‘ilishi ZOOMdasturi orqali onlayn tarzda bo‘lib o‘tdi.

Бугун – 12 май куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ZOOMдастури орқали онлайн тарзда бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида  17-29 май кунлари ўтказиладиган ҳудудий тренерлар ва сайлов ташкилотчиларининг билим ва амалий кўникмаларини оширишга қаратилган семинар-тренингларни юқори савияда ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди. Йиғилишда МСК аъзоларини ҳудудларга бириктириш, семинар-тренингларни самарали ташкил этиш учун ташкилотчилар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш, ўқув жараёнларини мониторинг қилиш, аниқланган хато-камчиликларни зудлик билан бартараф этиш чораларини кўриш каби масалалар муҳокама қилинди. Маълумки, мазкур семинар-тренинглар Марказий сайлов комиссияси томонидан жорий йил 27 апрелда тасдиқланган Сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишни ташкил этиш концепциясига мувофиқ ташкил этилмоқда.

Ушбу босқичда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри марказларида семинар-тренинглар ташкил этилиб, унда 1000 нафарга яқин ҳудудий тренерлар ва сайлов жараёнини ҳудудларда ташкил этишга масъул бўлган мутахассисларга ҳар бир ҳудудга бириктирилган тўрт нафардан жами 56 нафар малакали республика тренерлари томонидан ўқув-амалий машғулотлар ўтказилади.

Келгусида эса тайёрланган ҳудудий тренерлар туман ва шаҳарларга тақсимланиб, июнь-сентябрь ойларида Марказий сайлов комиссияси билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган режа-график асосида участка сайлов комиссияси раиси, раис ўринбосари ва котиблигига номзодлар учун семинар-тренинглар ўтказади. Ушбу семинар-тренинглар жараёнидан кунлик маълумотлар бериб борилади.