• eye Специальные возможности
ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВИГА ТАЙЁРГАРЛИК: КЕНГ ҚАМРОВ ВА ҚАТЪИЙ ИЗЧИЛЛИК
02.06.2021
2128
Жорий йилда давлатимиз ва халқимиз ҳаётида муҳим сиёсий воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади. Бу барча даражадаги сайлов комиссияларининг зиммасига улкан масъулият юклайди.

Сайлов-2021

 

ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВИГА ТАЙЁРГАРЛИК: КЕНГ ҚАМРОВ ВА ҚАТЪИЙ ИЗЧИЛЛИК

 

Жорий йилда давлатимиз ва халқимиз ҳаётида муҳим сиёсий воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади. Бу барча даражадаги сайлов комиссияларининг зиммасига улкан масъулият юклайди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов комиссиялари аъзоларининг сайлов қонунчилиги ва халқаро стандартлар бўйича билимини тизимли асосда шакллантириш муҳим вазифа сифатида белгиланган.

Мамлакатимиз сайлов тизимини ислоҳ қилиш ва янада демократлаштириш, унинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, миллий қонунчилигимизни сайлов ҳуқуқига оид халқаро стандартларга уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаш даркор.

Жорий йилнинг 8 февраль куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга доир қонун билан сайлов қонунчилигининг такомиллаштирилиши бунинг ёрқин далили бўлди.

Миллий сайлов тизимидаги бундай изчил ва кенг кўламли ислоҳотлар сайловда очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик амалда кенг таъминланиши учун участка сайлов комиссияларидан то Марказий сайлов комиссиясигача – барча даражадаги сайлов комиссиялари, барча сайлов ташкилотчилари ўз ишини энг илғор демократик принциплар асосида ва юксак ташкилий даражада амалга оширишида муҳим омил бўлиши табиий.

Марказий сайлов комиссиясининг иши шу кунларда ҳар қачонгидан жадалллашиб, кўлами кенгайган. Қўйилган вазифалардан келиб чиқиб,  Президент сайловига тайёргарлик кўришнинг барча босқичларида амалга ошириладиган аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган.

МСКнинг  апрель ойида бўлиб ўтган  мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастури ва Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига оид қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари қабул қилинди. Сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишни ташкил этиш концепцияси тасдиқланди.

Сайловга тайёргарлик жараёнлари Марказий сайлов комиссияси томонидан изчил мувофиқлаштириб борилмоқда.

Кўп босқичли жараён

Сайлов кўп босқичли ташкилий тайёргарликни талаб қиладиган жараён эканлиги маълум. Бундай масъулиятли жараён ташкилотчилари ва иштирокчиларининг сайлов қонунчилиги ҳамда амалиётига оид билим ва амалий кўникмасини ошириш, машғулотларга юқори малакали экспертларни жалб этиш мақсадида Марказий сайлов комиссияси ҳамда Давлат бошқаруви академияси, Тошкент давлат юридик университети, Бош прокуратура академияси, Ички ишлар вазирлиги академияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишув  имзолади.

Номи қайд этилган концепцияда  сайлов комиссиялари аъзоларининг сайлов қонунчилиги ва сайловда замонавий ахборот технологияларини қўллаш бўйича назарий билими ҳамда амалий кўникмасини оширишга қаратилган семинар-тренингларни ташкил этиш ва ўтказишни уч босқичда амалга ошириш назарда тутилган. 

Шундан келиб чиқиб, Давлат бошқарув академияси, Тошкент давлат юридик университети  профессор-ўқитувчилари ҳамда Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мутахассислари сафидан юқори малакали экспертлар таркиби шакллантирилди.

Юқори малакали экспертлар томонидан Марказий сайлов комиссияси билан келишилган ҳолда ўқув дастурлари ва ўқув-услубий материаллар тайёрланди. Таъкидлаш жоизки, ўқув-методик материалларни ишлаб чиқишда миллий сайлов қонунчилигининг энг муҳим жиҳатларига, шунингдек  ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Ўзбекистонда сайловларни кузатиш бўйича миссияси якуний ҳисоботида ўз ифодасини топган мақбул тавсияларга алоҳида эътибор қаратилган.

Хусусан, сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишда “Бир сайловчи – бир овоз” тамойилига қатъий амал қилиш, сайловчи шахсан ўзи овоз беришининг аҳамиятини кенг тушунтириш, шунингдек, сайловчилар рўйхати билан ишлаш, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ва сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимидан фойдаланиш тартибини атрофлича ёритиш каби муҳим масалалар шулар жумласидандир.

Ўқув дастурлари ва ўқув-услубий материаллар шай ҳолатга келтирилганидан сўнг, мамлакатимизнинг етакчи олий таълим профессор-ўқитувчилари орасидан 56 нафар республика тренерлари таркиби шакллантирилди ва улар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига бириктирилди.

Ҳудудий тренерларга услубий ва амалий кўмак бериш ва таълим сифатини мониторинг қилишни ташкил этиш мақсадида Тошкент шаҳрида жойлашган етакчи олий таълим муассасаларининг 104 нафар профессор-ўқитувчиларидан иборат мониторинг гуруҳлари тузилди ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига бириктирилди. Шу билан бирга,  республиканинг 206 та туман (шаҳар)ининг ҳар бирида  4 нафардан жами 824 кишилик,  зарур ҳолларда уларга кўмаклашиш учун қўшимча равишда ҳар бир ҳудудга 8 нафардан яна 112 нафар ҳудудий тренерлар таркиби шакллантирилди.

Дастлабки босқич

Жорий йил 28 апрелдан 6 майга қадар Давлат бошқаруви академиясида сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар ва сайлов жараёни бошқа ташкилотчиларининг малакасини ошириш учун масъул  56 нафар республика тренери, ҳудудлардаги семинар-тренингларни ташкил этиш ва кўмаклашиш ҳамда сифатини назорат қилиш бўйича 104 нафар республика мониторинг гуруҳи ҳамда бошқа масъул шахслар иштирокида семинар-тренингларнинг  дастлабки босқичи ўтказилди.

Тренинглар давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг конституциявий-ҳуқуқий асослари, сайловни ўтказувчи сайлов комиссиялари тизими, ваколатлари ва вазифалари, сайлов жараёнида хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ва маҳаллий кузатувчиларнинг иштироки, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш, сайлов кунига тайёргарлик кўриш, сайлов куни овоз беришни ташкил қилиш, сайлов натижаларини аниқлаш ва эълон қилиш тартиби каби мавзулар кенг қамраб олинди.

Семинар-тренинглар 15-21 кишилик кичик гуруҳларда ташкил этилиб, интерфаол усулларда, жумладан, маъруза, видеодарс, сайлов жараёнларини моделлаштириш, тренинг, симуляция, баҳс-мунозара тарзида олиб борилди.

Давлат бошқаруви академиясида бошланган ушбу семинар-тренинглар сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар ва бошқа ташкилотчиларнинг сайлов қонунчилиги бўйича малакасини ошириш тизимининг дастлабки босқичи бўлди ва машғулотлар ҳудудларда давом эттирилди.

Бир ҳафта давом этган семинар-тренинг Давлат бошқаруви академияси ва Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчиларидан иборат экспертлар гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган ўқув дастури ва шу асосида тайёрланган ўқув-методик материаллар асосида айнан шу экспертлар томонидан олиб борилди.

Жараёнда ўн иккита мавзуда видеодарслар тасвирга олинганини, “Сайлов қонунчилиги ва амалиёти” ўқув-амалий қўлланмаси тайёрланганини ҳам таъкидлаш ўринли.

Янгича ёндашув

Ҳудудларда 17 май куни бошланиб, 24 майга қадар давом этган семинар-тренингларда ҳар бир гуруҳ машғулотлар якуни бўйича Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Бош илмий-методик марказ негизида ишлаб чиқилган махсус таълим платформаси орқали тест топширди. Барча тингловчилар ўқув курсини муваффақиятли якунлади. Мониторинг гуруҳи ҳамда ҳудудий тренерлар томонидан тест натижалари таҳлил этилди.

Ҳудудий семинар-тренингларда Марказий сайлов комиссияси аъзолари ва етакчи мутахассислари ҳам фаол иштирок этганини алоҳида қайд этиш зарур.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси Зайниддин Низомходжаев Комиссиянинг доимий асосда ишловчи аъзолари билан биргаликда Тошкент, Сирдаё  ва Жиззих вилоятларида бўлиб, сайлов комиссиялари аъзоларининг малакаси ва амалий кўникмаларини ошириш мақсадида бутун мамлакатимиз бўйлаб ташкил этилган семинар-тренинглардаги машғулотлар жараёни билан танишди.

Жиззах давлат педагогика институтида  ташкил этилган ҳудудий семинар-тренинг иштирокчилари билан бўлган ана шундай мулоқот чоғида жорий йилнинг октябрь ойида бўладиган Президент сайловини миллий сайлов қонунчилиги ва умумэътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида, юқори ташкилий даражада ўтказиш борасида белгиланган муҳим вазифаларнинг ижроси ҳақида сўз борди.

Президент сайловига нафақат мамлакатимизда, хорижда ҳам қизиқиш катта, деб таъкидлади З.Низамходжаев. Чунки илғор демократик тамойиллар мустаҳкам қарор топиб бораётган Янги Ўзбекистонда фуқароларнинг  сайлов ҳуқуқини амалда кенг таъминлашга қаратилган  улкан ўзгаришларни жаҳон ҳамжамияти катта қизиқиш ва ҳайрихоҳлик билан кузатиб турибди.

Бундай буюк ўзгаришлар  сайлов ташкилотчилари томонидан бўлажак сайловга мамлакатимиз ҳаётидаги энг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа сифатида пухта тайёргарлик кўришни, сайловни юксак савияда ташкил этишни, пухта билимга эга бўлишни, ўз вазифасига катта масъулият билан ёндошишни талаб этади, деб қайд этди Марказий  сайлов комиссияси Раиси ўз нутқида. Улар сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгаришлардан яхши хабардор бўлса, ахборот технологияларини амалда бемалол қўллай олса, Президент сайловининг муваффақияти шунчалик тўкис таъминланади. Сайловчилар учун ҳам, кузатувчилар учун ҳам – барча учун қулай шароит яратилади.

Марказий  сайлов комиссияси Раиси вилоятларда амалий машғулотлар учун жиҳозланган айрим сайлов участкаларини бориб кўрди. Уларда сайловчилар, участка сайлов комиссиялари аъзолари ва кузатувчилар учун яратилган шароит билан танишди.  

“Президент сайловига тайёргарлик ишлари, хусусан, сайлов ташкилотчиларининг малака ва амалий кўникмаларини оширишга бутунлай  янгича ёндашув ҳудудий семинар-тренингларда яққол сезилди, - дейди ҳудудий семинар-тренинг тингловчиси,  Қорақалпоқ давлат университети катта ўқитувчиси Гулназ Бердимуратова. – Бу, аввало, сайловнинг Янги Ўзбекистон шароитида янгича ўтиши  мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар бераётган юксак самаралар,  халқимиз эришаётган улкан ютуқлар, фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий онги ва маданияти янада юксалиб, барча соҳалар ривожида очиқлик, ошқоралик, демократия тамойиллари тобора мустаҳкамланиб бораётгани билан бевосита боғлиқдир. Шу боис тренинглар савол-жавоблар, таклиф ва тавсиялар, мунозараларга жуда бой бўлди”.

“Тренингларда интерфаол воситалар ва замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланилаётгани машғулотларнинг сифат ва самарадорлигини оширмоқда, - дейди Давлат бошқаруви академияси кафедра мудири Хушвақт Хайитов. -  Иштирокчилардан округ ва участка сайлов комиссиялари бинолари ҳамда овоз бериш хоналарини жиҳозлаш, сайлов куни овоз беришни ташкил қилиш, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида жамоат тартибини таъминлаш, сайлов натижаларини аниқлаш жараёнини пухта ўзлаштириш таълаб этилади. Шу боис, уларнинг семинарда олган назарий билимлари амалий машғулотларда янада мустаҳкамланди”.

Бухоро давлат университетида ташкил этилган ўқишлар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини юқори савияда ташкил этиш учун сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини оширишга жалб этилган ҳудудий тренерларнинг сайлов қонунчилиги ва жараёни бўйича билим ҳамда кўникмаларини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Машғулотлар зарур жиҳоз ва воситалар (проектор, электрон доска, компьютер, маркер, ичимлик суви, дизенфекция воситалари, дозаторлар ҳамда антисептиклар) билан тўлиқ таъминланган аудиторияларда олиб борилди.

“Вилоятимизда ўтган семинар тренингларга 97 нафар ҳудудий тренер ҳамда сайлов жараёнининг бошқа иштирокчилари жалб этилди, - дейди Бухоро давлат университети ректори Обиджон Ҳамидов. - Сайлов жараёни иштирокчилари миллий сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишлардан яхши хабардор бўлиши ва ахборот технологияларини амалда бемалол қўллай олиши керак. Бундай кенг кўламли тарғибот-тушунтириш ишларини амалга оширишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш пандемия шароитида, айниқса,  жуда муҳим”.

Тренингларда “Муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш, сайлов кунига тайёргарлик”, “Сайловчилар рўйхати билан ишлаш”, “Сайлов куни овоз беришни ташкил қилиш тартиби”, “Сайлов натижаларини аниқлаш ва эълон қилиш тартиби” каби муҳим мавзуларда назарий ва амалий машғулотлар ўтказилди.

Энг муҳим босқич

Сайлов қонунчилиги бўйича ҳудудий тренерлар малакасини ошириш бўйича жами 1463 нафар тингловчи иштирок этган семинар-тренинглар ниҳоясига етди. Шу муносабат билан Давлат бошқаруви академиясида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги масъуллар билан видеомулоқот ўтказилди. Тадбирда ҳудудий тренерларни ўқитиш бўйича ўтказилган семинар-тренинглар натижалари батафсил муҳокама қилинди. Йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилди. 7 июндан туман-шаҳарларда бошланадиган семинар-тренингларнинг навбатдаги босқичига юксак савияда тайёргарлик кўриш борасидаги вазифалар белгилаб олинди.

Қайд этиш жоиз, тайёрланган ҳудудий тренерлар эндиликда туман ва шаҳарларга тақсимланиб, июнь-сентябрь ойларида участка сайлов комиссияси раиси, раис ўринбосари ва котиблигига 32 мингдан ортиқ номзод учун машғулотлар ўтказади.

Семинар-тренингларнинг навбатдаги, энг муҳим босқичига тайёргарлик ишлари қандай?

Бу саволга жавобни Фарғона вилояти мисолида кўриш мумкин.

“Вилоятда 2,3 миллиондан кўпроқ сайловчи рўйхатга олинган, - дейди Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоси Орзигул Қозихонова. - Вилоятда жами 1203 участка сайлов комиссияси тузилиши режалаштирилган. Ҳозиргача 3609 нафар участка сайлов комиссияси раиси, раис ўринбосари ва котиблигига номзодлар рўйхати шакллантирилди. Шунингдек, ҳар бир туман-шаҳарлар секторлари кесимида жами 76 намунавий участка сайлов комиссияси ва 152 ҳар бири 30 кишига мўлжалланган аудитория хоналари тайёрланиб, ўқув-семинар машғулотларини ўтказиш учун тайёр ҳолатга келтирилди”.

Бундай изчил тадбирларнинг барчаси пировард натижада сайлов жараёнлари очиқ ва ошкора ўтишини, мамлакатимизнинг халқаро демократия индексидаги кўрсаткичлари янада яхшиланишини  таъминлаш, аҳолининг Президент сайловида фаол иштирок этиши ва юртимиз тақдири учун даҳлдорлик туйғусини кучайтиришга хизмат қилади.

 

Дилдора ТОЖИБОЕВА,

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссияси

матбуот хизматининг

бош маслаҳатчиси.

 

Манба: “Ҳуррият” газетаси, 2021 йил 2 июнь