Аввал хабар берилганидек, 7 июнь куни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида участка сайлов комиссияси раиси, раис ўринбосари ва котибларининг билим ва амалий кўникмаларини оширишга қаратилган семинар-тренингларнинг навбатдаги босқичи бошланди.
Биринчи ва иккинчи босқичларда тайёрланган ҳудудий тренерлар энди туман ва шаҳарларда участка сайлов комиссияси раиси, раис ўринбосари ва котиблигига 32 мингдан ортиқ номзод учун сайлов қонунчилигидаги янгиликлар ва уларни амалиётда қўллаш масалалари юзасидан машғулотлар ўтказмоқда.
Семинар-тренингларнинг навбатдаги босқичи жойларда қандай ўтаётганлигини Андижон ва Жиззах вилоятлари мисолида кўриш мумкин.
“Андижон вилоятининг 16 шаҳар ва туманида сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини ошириш бўйича ўқув-семинарлари ўз ишини фаол бошлади, - дейди Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоси Феруза Аҳмедова. - Машғулотлар барча шаҳар ва туманларга онлайн транслация қилинмоқда ва ўқув жараёнларини марказлашган ҳолда тўлиқ кузатиш имкони бор. Тингловчилар Марказий сайлов комиссияси ташаббуси билан чоп этилган сайлов қонунчилиги ва амалиёти бўйича ўқув-амалий қўлланмасидан фойдаланмоқда. Дарслар давомида тренерлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг конституциявий-ҳуқуқий асослари, сайловни ўтказувчи сайлов комиссиялари тизими, ваколатлари ва вазифалари, сайлов жараёнида хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ва маҳаллий кузатувчиларининг иштироки каби мавзуларда тушинтиришлар берилмоқда”.
“Жиззах вилоятининг 13 шаҳар ва туманида сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини ошириш бўйича ўқув-семинарлари машғулотлари қизиқарли ўтмоқда, - дейди Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоси Алишер Усмонқулов. - Биринчи куни жами 246 нафар тингловчи фаол иштирок этди
Машғулотлар давомида “Бир сайловчи – бир овоз” тамойилига қатъий амал қилиш, сайловчи шахсан ўзи овоз беришининг аҳамияти, сайловчилар рўйхати билан ишлаш, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ва сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимидан фойдаланиш тартиби бўйича назарий билим ва амалий кўникмаларни мустаҳкамлашга эътибор қаратилмоқда”.
Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати