• eye Специальные возможности
ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВИ: ҲАР БИР САЙЛОВЧИ – ДИҚҚАТ-ЭЪТИБОРДА
09.06.2021
3751

Ўзбекистонда барча фуқароларнинг, жумладан ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлашнинг ҳуқуқий-ташкилий асосларлари ва самарали механизмлари умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартлар асосида янада мустаҳкамланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси билан Ўзбекистон Ногиронлар жамияти, Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти, Ўзбекистон Карлар жамияти ва Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик бўйича келишувни имзолашга бағишланган маросимда бу алоҳида таъкидланди.

 

Экспертлар эътирофи

 

Жорий йилнинг 7 июнь куни  “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни (Нью-Йорк, 2006 йил 13 декабрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонуннинг имзоланиши Ўзбекистонда ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қўшимча кафолатларини яратиш, қонунчиликни янада такомиллаштириш, ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва улар учун тенг имкониятларни таъминлашга хизмат қилади.

 

Конвенциянинг қабул қилиниши, ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш миллий тизимини илғор халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, ногиронларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш учун халқаро ва хорижий грант маблағларини жалб қилиш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида мамлакатимизнинг халқаро имижини янада яхшилашда муҳим аҳмият касб этади.

Конвенция ногиронларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш, уларга нисбатан камситишга барҳам бериш, уларнинг меҳнат қилиш, ўз соғлигини асраш, таълим олиш ва жамият ҳаётида тўлақонли иштирок этиш ҳуқуқини таъминлаш, одил судловга эришиш, шахсий дахлсизлиги, эксплуатация қилинишдан ва суиистеъмолликдан ҳимояланишини, эркин ҳаракатланишини, шахсий мобиллигини таъминлашга қаратилган элликта моддадан иборат.

 

Экспертлар томонидан мазкур Конвенциянинг қабул қилиниши Ўзбекистон раҳбариятининг фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, шунингдек, тенг иштирок этиш ва ресурслардан фойдаланиш, фуқароларнинг сиёсий ва фуқаролик ҳуқуқларини фаол ва тенг амалга ошириш тамойилларига риоя қилишга юксак садоқатидан далолат эканлигининг яққол намоёни сифатида эътироф этилди.

 

Доимий эътибор

 

Конвенциянинг 29-моддасига биноан, мазкур халқаро ҳужжатда иштирок этувчи давлатлар ногиронларнинг сиёсий ҳуқуқларини ва улардан бошқалар билан тенг равишда фойдаланиш имкониятларини кафолатлайди. Ногиронлар бошқалар билан тенг равишда сиёсий ва ижтимоий ҳаётда бевосита ёки эркин сайланган вакиллари орқали самарали ва ҳар тарафлама иштирок этишлари, шу жумладан сайлаш ва сайланиш ҳуқуқлари ва имкониятларига эга бўлишларини таъминлайди.

 

Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси имконияти чекланган шахсларнинг овоз бериш йўли билан мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида иштирок этиш ҳуқуқларини амалга оширишлари учун барча механизмларни ўзида мужассам этган. Сайлов куни овоз бериш биноларидаги технологик жиҳозлар — жадваллар, кабиналар ва овоз бериш қутилари ногиронлар аравачасидан фойдаланувчиларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ўрнатилиши лозим. Таъкидлаш ўринлики, мамлакатимиз миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётида ногиронлиги бор фуқароларнинг алоҳида эҳтиёжларига доимий эътибор қаратилиб келинмоқда.

 

Жорий йилда давлатимиз ва халқимиз ҳаётида муҳим сиёсий воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади. Шу муносабат билан, Марказий сайлов комиссияси томонидан 14 апрель куни Президент сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастури қабул қилинди. Дастурдан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда сиёсий тадбирга тайёргарлик кўриш борасида қадамба-қадам амалга ошириладиган ишлар ўз ифодасини топган. Белгиланган вазифаларнинг ижроси жадаллик билан таъминланмоқда.

 

Таъкидлаш ўринлики, Асосий тадбирлар дастурининг 18 ва 19-бандларида ногиронлиги бўлган фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш, сайловда тенг имкониятлар яратиш бўйича тегишли нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб бориш белгиланган.

 

Мустаҳкам ҳуқуқий асослар

 

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси билан Ўзбекистон Ногиронлар жамияти, Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти, Ўзбекистон Карлар жамияти ва Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси  ўртасида имзолаган ҳамкорлик келишуви ҳам ана шундай улуғвор вазифаларга хизмат қилади. Энг муҳими, унда ногиронлиги бўлган фуқароларнинг миллий сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва  қўшимчалардан хабардорлигини оширишга қаратилган кўплаб вазифалар ўз ифодасини топган.

 

Мамлакатимизда барча фуқароларнинг, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлашнинг ҳуқуқий-ташкилий асослари ва самарали механизмлари тўла шакллантирилган.  2019 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексида ҳамда унга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларда ҳуқуқий асослар янада мустаҳкамланган.

Кодексда ногиронлиги бўлган фуқаролар ўзининг конституциявий ҳуқуқи сайлов ҳуқуқини бошқа фуқаролар билан тенг ва эркин амалга ошириши учун зарур шароит ҳамда имкониятлар яратишга оид қоида мустаҳкамлаб қўйилган. Мазкур норма 2019 йилда бўлиб ўтган сайловлар амалиётида қўлланилиши сайловчиларимиз ва хорижий экспертлар томонидан кенг эътироф этилган.

Жумладан, Олий Мажлисга ва маҳаллий Кенгашларга сайлов ўтказувчи сайлов комиссиялари таркибида 4158 нафар ногиронлиги бўлган шахс фаолият юритди. Сайлов бюллетенларига мосланган Брайль ёзувидаги трафаретлар ишлаб чиқилиб, сайлов участкаларига етказилди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

 

Марказий сайлов комиссияси сайловларга тайёргарлик жараёнида ногиронлиги бўлган фуқароларнинг алоҳида эҳтиёжларига ҳамиша жиддий эътибор қаратиб келади. Номлари қайд этилган нодавлат ташкилотлар билан Ҳамкорлик келишувини имзолаш маросимини Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Зайниддин Низамходжаев алоҳида таъкидлаганидек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда Президент сайловини ташкил этиш ва ўтказишда ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ўз сайлов ҳуқуқларидан тенг ва тўсқинликсиз фойдаланишини таъминлаш барча даражадаги сайлов комиссиялари учун жуда муҳим вазифа ҳисобланади.

 

Ҳамкорликда ҳикмат кўп

 

Шу мақсадда, сайлов участкалари биносини ва овоз бериш хоналарини танлаш ва жиҳозлаш ишларида сайлов қонунчилигига амал қилиш, хусусан, белгиланган барча шарт-шароитларни яратиш масаласи ташкилотчиларнинг доимий диққат марказида бўлади. Жумладан:

участка сайлов комиссиясининг жойлашган ери ногиронлиги бўлган сайловчиларнинг овоз бериш жойига келиб-кетиши, хусусан, транспортда келиб-кетишига;

бинога кириб-чиқиши, бино ичида ҳаракатланиши, эркин ва тўсиқларсиз овоз бериши учун ҳар томонлама қулай бўлиши учун пандуслар ёки махсус қурилмалар ўрнатилган, махсус кабиналар мавжудлигига;

овоз бериш хоналарига олиб борувчи кўрсаткичлар кўринарли жойга жойлаштирилишига;

участка сайлов комиссияси биносида сайлов куни малакали тиббиёт ходимларининг навбатчилиги ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратилади.

 

Айни пайтда, сиёсий партия номзодининг сайловолди ташвиқотини олиб боришда ногиронлиги бўлган сайловчиларнинг алоҳида эҳтиёжларини ҳисобга олиш, бунда оммавий ахборот воситалари, интернет ва мобиль алоқа имкониятларидан фойдаланиш тавсия этилади. 

 

Мазкур Келишув доирасида самарали ҳамкорлик қилиш мақсадида тарафлар  сайлов конунчилигининг турли жиҳатлари, сайловни ташкил қилиш ва ўтказиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқий маданияти, сайлов ташкилотчиларининг касб малакаси даражасини юксалтириш ва бошқа масалалар бўйича ахборот алмашади;

қўшма лойиҳаларни амалга оширишда ахборотга доир, ҳуқуқий, илмий манбалардан фойдаланади;

сайлов ва референдумларга тайёргарлик кўриш ва ўтказишга оид масалаларни ўрганиш мақсадида малакали мутахассисларни жалб қилади;

сайлов қонунчилигини янада либераллаштиришнинг мазмун-моҳиятини очиб беришга қаратилган тадбирлар, семинарлар, конференциялар, тренинглар, давра суҳбатларини ўтказади, лойиҳаларни амалга оширади, тегишли таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқади, ахборот алмашувларини ташкиллаштиради ҳамда мазкур ишларни амалга оширишда имо-ишора тили ва брайль ёзувларидан фойдаланишни ташкил этади;

оммавий ахборот воситалари имкониятларидан кенг фойдаланади, биргаликда тадбир ва лойиҳалар ўтказишда очиқлик ва ошкоралик тамойилига риоя қилади. 

 

Тарафлар сайлов жараёнларида ташкил этилган участка сайлов комиссиялари аъзолари таркибига ногиронлиги бўлган шахсларни ҳамда жамоат бирлашмалари вакилларини тавсия этиш бўйича тегишли таклифларни тайёрлайди.

 

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Ногиронлар жамияти, Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти, Ўзбекистон Карлар жамияти ва Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси ва уларнинг аъзолари билан сайловларни юксак ташкилий даражада ўтказиш борасида ҳамкорлик қилишга доимо тайёр эканлиги таъкидланди.

Бунда  мамлакатимиз куни кеча ратификация қилинган Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияда ўз аксини топган қоидалар ҳам муҳим аҳмият касб этади.

 

Ихтиёр ХАДЖИЕВ,

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссияси

юридик таъминлаш ва мурожаатларни

кўриб чиқиш бўлими бошлиғи.

 

Манба: “Ҳуррият” газетаси, 2021 йил 9 июнь.