• eye Специальные возможности
Туркия Олий сайлов кенгаши раиси Сади Гювень билан учрашув
18.12.2019
3627
2019 йилнинг 18 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва Туркия Республикаси Олий сайлов кенгаши ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

2019 йилнинг 18 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва Туркия Республикаси Олий сайлов кенгаши ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ишонч, биродарлик, стратегик шериклик тамойилларига асосланган ҳамкорлик алоқалари барча йўналишлар сингари сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш  борасида ҳам  ривожланиб бораётганини,  бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.

Жорий йил 22 декабрь куни  бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллик кенгашларга сайловларни умум эътироф этилган халқаро сайлов стандартларига биноан кўпартиявийлик, муқобиллик ва  очиқ-ошкора ўтказиш юзасидан изчил ишлар амалга оширилаётир. Бунда янгиланган миллий сайлов қонунчилиги муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан, Ўзбекистоннинг хорижда истиқомат қилаётган барча фуқаролари учун овоз бериш имкониятининг яратилгани миллий сайлов тизимидаги ана шундай муҳим янгиликлардандир. Авваллари бундай  сиёсий тадбирда фақат консуллик ваколатхоналаридан расман рўйхатдан ўтган ўзбекистонликлар ўзларининг конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланган. Энди чет элда вақтинча ёки доимий яшаётган Ўзбекистоннинг барча фуқаролари қирққа яқин мамлакатда ташкил этилган эллик бешта сайлов участкасида овоз бериши мумкин. Бундай сайлов участкалари Туркияда ҳам очилди.

Туркия Республикаси Олий сайлов кенгаши раиси Сади Гювень ўз тараққиётининг янги, демократик босқичига қадам қўйган Ўзбекистонда амалга оширилётган улкан ўзгаришларни Туркия  аҳли катта қизиқиш ва ҳайрихоҳлик билан кузатиб турганини таъкидлади. Барча соҳалар ривожида очиқлик, ошкоралик, демократия тамойилларига улкан эътибор қаратилаётгани келаётган якшанба куни ўтажак сайловларда ҳам ўз ифодасини топишига ишонч билдирди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасига бўлажак сайловда халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш борасидаги таклифи учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдирди.   

Икки мамлакат олий сайлов органлари ўртасида имзоланган меморандумда томонларнинг сайловларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш амалиётини янада такомиллаштириш, сайлов жараёнларига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш, кадрларнинг малакасини ошириш каби йўналишлар бўйича ўзаро ҳамкорлиги кўзда тутилган.  

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати.