• eye Специальные возможности
Олий Мажлис Сенати аъзолари сайланди
09.10.2020
2115
Марказий сайлов комиссиясининг “Қорақалпоғистон Республикасида бўшаб қолган ўринларга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзоси сайловини ўтказиш тўғрисида”ги  қарорига мувофиқ  2020 йил 9 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг бўшаб қолган ўринларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзоси сайлови бўйича қўшма мажлиси  бўлиб ўтди.

Марказий сайлов комиссиясининг “Қорақалпоғистон Республикасида бўшаб қолган ўринларга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзоси сайловини ўтказиш тўғрисида”ги  қарорига мувофиқ  2020 йил 9 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг бўшаб қолган ўринларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзоси сайлови бўйича қўшма мажлиси  бўлиб ўтди.

Қўшма мажлисда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгес раиси Мурат Камалов ва Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Махмуд Истамовлар сўзга чиқдилар.

Қайд этилганидек, ҳозирги кунда коронавирус пандемияси бутун дунёда минглаб инсонларнинг ҳаётдан бевақт кўз юмушларига сабаб бўлмоқда. Хусусан, мамлакатимизда ҳам ушбу кассалик туфайли кўплаб юртдошлармизнинг ҳам вафот этишлари, айниқса улар орасида ҳурматли сенаторларимиз Муса Ерниязов ҳамда Шарап Уснатдиновларнинг ҳам борлиги барчамиз учун ачинарли ҳолат ҳисобланади.  Лекин ҳаёт давом этиши, шу шароитга мослашиб яшаш ва ишлаш зарурлигидан келиб чиқиб бугунги кундаги вазият бўшаб қолган ўринларга Сенат аъзолари сайловини ўтказишни тақозо этмоқда.

Сайлов кодексининг 87-моддасига мувофиқ бўшаб қолган ўринларга Сенат аъзолари сайлови тегишли қўшма мажлисларда Сайлов кодекси талабларига риоя этилган ҳолда ўтказилади. Шунингдек, Сайлов кодекси билан белгиланган тартибга асосан Қўшма мажлисни Марказий сайлов комиссияси аъзоси очиши белгиланган.

Сайлов кодексига асосан вилоят, туман ва шаҳарлар маҳаллий Кенгашларининг қўшма мажлиси агар унда депутатлар умумий сонининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлса, ваколатли ҳисобланади. Сенатга сайлов маҳаллий Кенгашлар депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади.

Маҳаллий Кенгашнинг сайлов куни йигирма беш ёшга тўлган ҳамда камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган депутат Сенат аъзолигига сайланиш учун номзод бўлиши мумкин. Қўшма мажлиснинг ишини олиб бориш учун очиқ овоз бериш орқали уч кишидан беш кишигача миқдорда ишчи ҳайъат сайланади, шунингдек, тушган таклифларни ҳисобга олиш ва қабул қилинадиган қарорларни расмийлаштириш учун уч кишидан иборат Котибият тузилади.

Сенат аъзолигига номзодлар кўрсатиш қўшма мажлисда амалга оширилади.Сенат аъзолигига номзодлар кўрсатиш учун раислик қилувчининг тақдимномасига биноан очиқ овоз бериш орқали оддий кўпчилик овоз билан Маслаҳат кенгаши сайланади. Маслаҳат кенгаши катта тажрибага эга бўлган энг обрўли, катта ёшли депутатлар орасидан, қоида тариқасида, ҳар бир маҳаллий Кенгашдан биттадан вакил сайланади. Маслаҳат кенгаши фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли депутатлар орасидан Сенат аъзолигига номзодларни кўрсатади ҳамда сайлов бюллетенига киритиш учун таклиф киритади.

Номзодларнинг алоҳида-алоҳида эшитуви ва муҳокамаси натижаларига кўра қўшма мажлисда уларни сайлов бюллетенига киритиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Яширин овоз беришни ўтказиш ва унинг натижаларини аниқлаш учун қўшма мажлисда иштирок этаётган депутатлар орасидан тўққиз нафаргача аъзодан, шу жумладан комиссия раиси ва котибидан иборат таркибда Саноқ комиссияси сайланади. Саноқ комиссияси Сенат аъзолигига сайлов бўйича овоз беришни ташкил этади ва ўтказади. Яширин овоз бериш натижалари бўйича баённома тузилади.

Овоз бериш натижаларига кўра бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овоз олган Сенат аъзолигига номзодлар, башарти қўшма мажлисда ҳозир бўлган маҳаллий Кенгашлар депутатларининг эллик фоизидан кўпроғи уларни ёқлаб овоз берган бўлса, сайланган деб ҳисобланади.

Сайлов кодексининг 78-моддасига мувофиқ Марказий сайлов комиссияси аъзоси қўшма мажлисни очиб берди ва  энг обрўли, тажрибали, катта ёшли депутатлар орасидан мажлисга раислик қилувчи тўғрисида таклиф киритилди.

Йиғилишда Сенат аъзолигига бўладиган сайлов бўйича депутатларга зарурий тушунчалар берилди. Шундан сўнг яширин овоз бериш йўли билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзосини сайлаш бўйича сайлов ўтказилди. Сайловчиларнинг овози билан ­­ 45-«Шуманай» сайлов округидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси У.Жалменов ва 63-«Қоракўл» сайлов округидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари этиб сайланди.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати