Жорий йилнинг 11 октябрь куни Андижон вилоятида бўшаб қолган депутатлик ўринларига сайловлар бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2020 йил 26 августдаги 1033-сонли қарорига асосан Андижон вилоятида ҳам Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг бўшаб қолган депутатлик ўринларига сайловлар бўлиб ўтади. Жумладан:
11 октябрь куни вилоят Кенгашида бўшаб қолган 2 та Андижон туманидаги “59-Хокон” (12 та сайлов участка) ҳамда Жалақудуқ туманидаги “39-Жалақудуқ” (14 та сайлов участка) сайлов округлари учун, шунингдек, вилоятнинг Асака туманида “19-Қўнғирот” (3 та сайлов участка), Бўстон туманида “2-Дўстлик” (1 та сайлов участка), Жалақудуқ туманида “2-Сўфиқишлоқ” (2 та сайлов участка) ҳамда “30-Ж.Оламушук” (2 та сайлов участка), Марҳамат туманида “14-Дехқонобод” (1 та сайлов участка), Хўжаобод туманида “2-Қайрағоч” (1 та сайлов участка),“10-Шахриҳонсой” (1 та сайлов участка), “18-Хамза” (1 та сайлов участка) ҳамда “24-Тўраобод” (1 та сайлов участка) умумий холатда вилоят бўйича жами 46 та сайлов участкаларида вилоят, туман Кенгашларида бўшаб қолган ўринларига депутатлик сайлови ўтказилиши режалаштирилган. Шунингдек, 25 октябрь куни Андижон шаҳар Кенгашида бўшаб қолган “28-Меҳнат” (3 та сайлов участка) ҳамда “30-Жалабек” (4 та сайлов участка) сайлов округларида бўшаб қолган ўринларга сайловлар ўтказилади.
Бўлиб ўтадиган сайловларда мавжуд аҳолининг 103 минг 168 нафар сайлов ёшидаги фуқаролар иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Барча ташкил қилинган округ ва участка сайлов комиссиялари хозирги кунда сайлов ўтказиш учун шай холатга келтирилган.
Бўлиб ўтадиган сайловларни Сайлов кодекси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2020 йил 26 августдаги 1033-сонли қарори билан тасдиқланган Низомда белгиланган меъёрларга мувофиқ, шунингдек, карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда ўтказишга алоҳида эьтибор қаратилган. Жумладан, хар бир участка сайлов комиссиясида сайловчилар ва сайлов ташкилотчиларини ҳимоя воситалари билан таъминлаш, уларни касаллик юқтириб олишини олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар белгиланган. Шунингдек, ҳар бир округ ва сайлов участкаларига қўшимча равишда Давлат Санитария осойишталик маркази ҳамда тиббиёт ҳодимлари бириктирилган.