• eye Специальные возможности
Эмомали Раҳмон 90,92 фоиз овоз тўплаб, Тожикистон Республикаси Президенти этиб сайланди
12.10.2020
1493
Сайловларда Тожикистон Республикаси Президенти лавозимига Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси, Тожикистон ёшлар иттифоқи ва Тожикистон Халқ Демократик партиясидан номзод Эмомали Раҳмон 90,92 фоиз овоз тўплаб, Тожикистон Республикаси Президенти этиб сайланди.

Жорий йилнинг 12 октябрь куни Тожикистоннинг Сайлов ва референдумлар бўйича марказий комиссияси томонидан халқаро ва маҳаллий кузатувчилар ҳамда ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилди. Унда Комиссия раиси Бахтиёр Худоёрзода 11-октабрь куни бўлиб ўтган Президентлик сайловларининг дастлабки натижаларини эълон қилди.

Қайд этилганидек, сайловларда Тожикистон Республикаси Президенти лавозимига Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси, Тожикистон ёшлар иттифоқи ва Тожикистон Халқ Демократик партиясидан номзод Эмомали Раҳмон 90,92 фоиз овоз тўплаб, Тожикистон Республикаси Президенти этиб сайланди.

Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, Тожикистонда 68 та сайлов округи ва 3375 та сайлов участкаси, хорижда эса 39 та сайлов участкаси ташкил этилган. Сайловчиларнинг умумий сони 4 943 289 нафар, биринчи марта овоз берган сайловчилар сони 105 399 нафарга тенг бўлди.

"Овозларни санашнинг дастлабки натижаларига кўра, 2020 йил 11 октябрда бўлиб ўтган Тожикистон Республикаси Президенти сайловида  4 миллион 221 минг 076 сайловчи ёки 85,39% иштирок этди", - дея қўшимча қилди Марказий сайлов комиссияси раиси Бахтиёр Худоёрзода.

"Ховар" МАА мухбирининг хабар беришича, 127 минг 746 нафар сайловчи Тожикистон Aграр партиясидан номзод - партия раиси Рустам Латифзодани, 90 минг 587 нафар сайловчи Тожикистон Иқтисодий ислоҳотлар партиясидан номзод - партия раиси Рустам Раҳматзодани, 49 минг 212 нафар сайловчи Тожикистон Коммунистик партиясидан номзод Мирож Абдуллоэвни қўллаб-қувватлаган.

 Шунингдек, 62 минг 835 нафар сайловчи Тожикистон Социалистик партиясидан номзод - партия раиси Aбдуҳалим Ғаффоровга, 3 миллион 837 минг 927 нафар сайловчи Тожикистон Халқ демократик партиясидан номзод - Эмомали Раҳмонга ўз овозини берган.