24 октябрь – БМТ ташкил топган кун
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ер юзида тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, давлатлараро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган энг нуфузли халқаро тузилмадир. БМТ аъзоси бўлган ҳар бир давлат халқаро муносабатларнинг асосий тамойиллари акс этган, халқаро шартномалардан иборат БМТ Низомидаги мажбуриятларга риоя қилади.
Ушбу Низомда Ташкилотнинг тўртта асосий вазифаси, яъни халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга кўмаклашиш, миллатлар ўртасида дўстона алоқаларни ривожлантириш, халқаро муаммоларни ҳал этиш ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишни рағбатлантириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ушбу умумий мақсадларга эришишда миллатларнинг саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш белгилаб қўйилган.
БМТ бутунжаҳон ҳукумати эмас, яъни қонунлар қабул қилмайди. Бироқ, халқаро можароларни бартараф этиш ва ер юзи аҳолиси учун дахлдор масалаларни ҳал этиш сиёсатини ишлаб чиқишга ёрдам бера оладиган маблағга эга. БМТга катта-кичик, бой-камбағал, турли сиёсий қараш ва тузумга эга давлатлар аъзо бўлиб, уларнинг барчаси овоз бериш ва овоз беришда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
БМТ таркибида 6 та бош орган мавжуд бўлиб, бештаси – Бош Ассамблея, Хавфсизлик Кенгаши, Иқтисодий ва ижтимоий Кенгаш, Васийлик Кенгаши ва Котибият Нью-Йоркдаги марказий қароргоҳда, Халқаро суд эса Нидерландиянинг Гаага шаҳрида фаолият юритади.
Ўзбекистон 1992 йил 2 мартда БМТга аъзо бўлган. Шу кундан эътиборан БМТ бош қароргоҳи пештоқида давлатимиз байроғи ҳилпирай бошлади. 1993 йил 24 октябрда Тошкентда БМТнинг ваколатхонаси очилди. БМТда ҳам Ўзбекистон Республикасининг доимий ваколатхонаси иш бошлади.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда БМТнинг ўндан ортиқ дастурлари, жамғармалари ва агентликлари, жумладан, БМТ Тараққиёт дастури (БМТ ТД), Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА), Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ), Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО), Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси, ОИВ/ОИТС бўйича бирлашган дастури, Гендер тенглиги ҳамда аёллар ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш масалалари бўйича тузилмаси, Марказий Осиёда Превентив дипломатия минтақавий маркази, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ), БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти каби ихтисослашган муассасалари фаолият олиб бормоқда.
Ташкилот фаолиятига, шунингдек, мамлакатда ваколатхоналари бўлмаган агентликлар, жумладан, БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси, Саноатни ривожлантириш ташкилоти, Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш дастури ва Европа иқтисодий комиссияси кўмак бермоқда. Жаҳон банки ҳам мустақил ихтисослашган муассаса сифатида БМТнинг Ўзбекистондаги фаолиятига муҳим ҳисса қўшиб келмоқда.
Турли йилларда Ўзбекистонга БМТ Бош котиблари Кофи Аннан, Пан Ги Мун, 2017 йилда ҳозирги Бош котиб Антониу Гутерриш ташриф буюрган.
Мамлакатимиз БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида нуфузли халқаро ташкилотнинг мақсад ва қоидаларига қатъий амал қилиб келади. Шу билан бирга, ўз овози ва мавқеига эга давлат сифатида БМТ фаолиятига дахлдор ўта муҳим ва долзарб ташаббусларни илгари сурмоқда.
Ўзбекистоннинг БМТ билан ҳамкорлиги сўнгги 4 йилда мутлақо янги босқичга кўтарилди. Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил БМT Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида, жорий йил 23 сентябрда видеоконференция шаклида ташкил этилган 75-юбилей сессиясида нутқ сўзлади.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқларида жаҳон ҳамжамияти эътиборини сайёрамиз аҳолиси учун ўта муҳим масалаларга қаратди, бу борада қатор долзарб ташаббусларни илгари сурди. Энг асосийси, мамлакатимиз билдирган таклифлар ҳаётий ва аниқлиги, олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар эса амалий ва изчил эканлиги билан жаҳон оммаси эътирофига сазовор бўлмоқда.
Масалан, Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, бола меҳнатидан фойдаланмаслик, давлат органларининг халққа хизмат қилиши лозимлиги хусусидаги фикрларини баён этди. Шавкат Мирзиёев Афғонистон муаммосига алоҳида тўхталиб, афғон халқи турмуш тарзини юксалтириш, ушбу мамлакатни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришга кўмаклашишга доим тайёр эканини таъкидлади, шу масалада АҚШни ҳамкорликка чақирди.
Давлатимиз раҳбари сессияда Марказий Осиёдаги энг оғриқли муаммолардан бири – Орол фожиасини юмшатиш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалаларини кўтаргани алоҳида эътиборга лойиқ.
Ўша сессияда Ўзбекистон Президенти БМТ минбаридан туриб, айни даврда инсоният тарихидаги энг кўп ёшлар билан яшаётганимизни инобатга олган ҳолда илгари сурган йирик ташаббуси – Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ конвенциясини қабул қилиш таклифи бўлди. Шавкат Мирзиёев бунга асос қилиб, бугунги кунда ёшлар сони икки миллиарддан ошгани, халқаро терроризм ва эсктремизм шиддат билан ўсиб бораётган бир пайтда уларга ҳимоя зарурлигини муҳим омиллар сифатида кўрсатди.
Ўзбекистон Президентининг мазкур нутқи мавжуд муаммоларга мамлакат, минтақа ва глобал даражада аҳамият қаратилиб, уларнинг ечимига прагматик ёндашилгани билан аҳамиятлидир. Ушбу ташаббуслар халқаро миқёсда қўллаб-қувватланиб, 2018 йил 22 июнда БМТ Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш”, 2018 йил 12 декабрда “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли махсус резолюциялари қабул қилинди.
Шунингдек, 2017 йил ноябрь ойида БМТ шафелигида Самарқандда “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий кeлажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик”, 2018 йил 27 мартда Тошкентда “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусида Афғонистон бўйича халқаро конференциялар ташкил этилди.
БМТ агентликлари “Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик Траст фондини ташкил қилиш орқали Орол фожиасидан зарар кўрган аҳолининг турмуш шароити салоҳиятини мустаҳкамлаш” қўшма дастури ишга туширилди.
Умуман, Ўзбекистон ташаббуслари БМТ даражасида фаол қўллаб-қувватланмоқда. Мамлакатимизга БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари, диний эътиқод бўйича махсус маърузачиси ташрифлари беқиёс аҳамиятга эга бўлди. 2018 йил ноябрда Самарқанд шаҳрида БМТ ташкил этилганидан сўнг 70 йил давомида Осиё минтақасида биринчи марта Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми бўлиб ўтди. Форумда БМТ Бош Ассамблеясининг 73-сессияси ҳужжати сифатида тарқатилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд декларацияси қабул қилинди. Жорий йилга белгиланган “Самарқанд форуми” пандемия сабаб видеоконференция шаклида ташкил этилди.
Бош Ассамблеянинг 72-сессиясида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ташаббусни амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилган БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияси лойиҳаси айни пайтда БМТга аъзо давлатлар, манфаатдор тузилмалар томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда. Буларнинг бари Ўзбекистон Ташкилот доирасида муҳим халқаро ташаббуслар ижодкорига айланиб бораётганидан далолат.
Қолаверса, ўтган қисқа давр мобайнида мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, мажбурий меҳнатни бартараф этиш каби умуминсоний қадриятларга хизмат қилувчи масалаларда улкан натижаларга эришилди. Бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар БМТ тамойиллари билан уйғун, ёндош халқаро ташкилотлар билан амалий ҳамкорликда олиб борилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида сўзлаган нутқи ҳам бутун дунё жамоатчилиги томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.
Президентимиз бу галги нутқида инсон ҳуқуқлари, хотин-қизлар, айниқса, дунё ёшлари ҳуқуқларини таъминлаш, минтақамизнинг глобал иқтисодий, транспорт ва транзит йўлакларига интеграциясини чуқурлаштириш каби ўта муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратди.
Давлатимиз раҳбари, шунингдек, Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш, Глобал иқлим ўзгариши ва Орол муаммоси, қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашиш каби долзарб масалалар юзасидан аниқ таклифларини билдирди, бу борада БМТни ҳамкорликка чақирди.
Албатта, Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлиги изчил давом этади. Ўзбекистон Ташкилотни замонавий талаблар асосида ислоҳ қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Янги ташаббуслар ва қўшма лойиҳаларни илгари суриш мақсадида Ўзбекистон томонидан БМТ билан ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” амалга оширилмоқда. Ушбу ҳужжатдаги вазифалар тўлиқ рўёбга чиқарилиши мамлакатимизнинг БМТ билан муносабатларини янада юқори босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА