• eye Специальные возможности
Марказий сайлов комиссияси 2019 йил декабрь ойида бўлиб ўтган сайловлар ҳақидаги якуний ва таҳлилий Ахборотни эълон қилди
28.10.2020
3088
Мамлакатимиз тарихида илк бор парламент ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловлари “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида бўлиб ўтди. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ барча жараёнлар қонунчиликда белгиланган муддатларда, эркин ва очиқ, сайлов соҳасидаги миллий қонунчиликка, хусусан 2019 йилда қабул қилинган Янги Сайлов Кодексига мувофиқ тарзда ўтказилди.

Мамлакатимиз тарихида илк бор парламент ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловлари “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида бўлиб ўтди. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ барча жараёнлар қонунчиликда белгиланган муддатларда, эркин ва очиқ, сайлов соҳасидаги миллий қонунчиликка, хусусан 2019 йилда қабул қилинган Янги Сайлов Кодексига мувофиқ тарзда ўтказилди.

Сайловлар Ўзбекистон халқининг хоҳиш-иродасини ифода этди ҳамда унинг натижасида қонун чиқарувчи ва маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг таркиби даврийлик принципи асосида янгиланиши таъминланди.

Хусусан, бўлиб ўтган сайловлар хорижий давлатлар ва нуфузли халқаро ташкилотлардан келган 800 нафардан зиёд халқаро кузатувчиларнинг кўпчилиги томонидан ижобий баҳоланди.

Шу ўринда айтиш жоизки, сайловларни ташкил этишда қўлга киритилган ютуқлар билан бирга айрим камчиликлар ҳам кўзга ташланди. Келгусида ушбу камчиликларни бартараф этиш ва сайлов жараёнини янада демократлаштириш, миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётини  янада такомиллаштириш талаб этилади.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Марказий сайлов комиссияси илк бор сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш борасидаги ўз фаолиятини танқидий нуқтаи назардан ўрганган ҳолда таҳлилий ахборотини, мавжуд муаммолар ҳамда уларнинг ечимлари бўйича таклифларни кенг жамоатчиликка эълон қилмоқда.

Ўтказилган таҳлиллар асосида Марказий сайлов комиссияси томонидан “Сайлов – 2019: ютуқлар, муаммолар, таклифлар”  номли рисола ишлаб чиқилди. Мазкур рисола жорий йилнинг 28 октябрь  куни Марказий сайлов комиссиясининг онлайн тарзида бўлиб ўтган мажлисида кўриб чиқилди. Унда Марказий сайлов комиссияси раҳбарияти ва комиссия аъзолари иштирок этди. 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси мажлисида  таъкидланганидек, Марказий сайлов комиссияси томонидан  мамлакатимизнинг 14 та ҳудудида сайлов комиссиялари аъзолари, экспертлар ва мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида давра суҳбатлари ўтказилиб,  бўлиб ўтган сайловлар давомида эришилган ютуқлар ва йўл қўйилган айрим камчиликлар чуқур таҳлил қилинган.

Шунингдек, сайловларда иштирок этган халқаро ташкилотлар вакиллари, кўп сонли кузатувчилар, давлат ва жамоат ташкилотларидан келиб тушган, оммавий ахборот воситаларида кўтарилган кўплаб долзарб масалалар ўрганиб чиқилган ва таҳлил этилган.

Рисола 5 та бўлим, 24 та бобдан иборат бўлиб, унда 2019 йил 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий вакиллик органлари сайловларига тайёргарлик кўриш, ўтказиш ва натижаларини эълон қилиш билан боғлиқ босқичлар батафсил таҳлил қилинган. Шу билан бирга рисолада эришилган ютуқлар, йўл қўйилган камчиликлар ва уларни бартараф этиш юзасидан ишлаб чиқилган тавсиялар ўрин олган.

Рисолада шунингдек, мазкур сайлов жараёнларида илк маротаба синов шаклида қўлланилган янги тажриба ва сайловчилар учун яратилган имкониятлар ҳам ўз аксини топди. Жумладан, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати (СЯЭР) умуммамлакат миқёсида қўлланилди. Мазкур рўйхатга сайлов ҳуқуқига эга 20,5 миллиондан зиёд фуқарога доир маълумотлар киритилди.

Ўзбекистон Республикаси МСКнинг расмий веб-сайти орқали сайловчилар ўзларига тегишли маълумотлар билан таништирилди.  Хорижда истиқомат қилаётган барча ватандошлар учун овоз бериш имконияти яратилиб, ТИВнинг расмий веб-сайтида  мамлакат фуқароларини сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисида электрон шаклда мурожаат қилиш имконини берувчи интерактив хизмат йўлга қўйилди. 

Сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш билан боғлиқ барча тадбирларни ёритиб бориш мақсадида Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот маркази ҳамда унинг ҳудудларда филиаллари ташкил этилди. Юздан ортиқ брифинг ва матбуот анжуманлари, семинар ва давра суҳбатлари ўтказилди, Марказий сайлов комиссиясининг 20 га яқин видеоселектор йиғилиши ташкил этилди. Сиёсий партиялар ва номзодларга сайловолди ташвиқотини ўтказиш учун зарур шарт-шароитлар яратилди, улар ўртасида 26 та теледебат тўғридан-тўғри эфирга узатилди.

Рисолада бу ва бошқа яна бир қатор сайлов жараёнларига оид янгиликлар келтирилган бўлиб, улар мавжуд муаммо ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар билан бойитилди.

Шунингдек, сайловчилар рўйхатини тузиш, овоз бериш жараёнини ташкил этиш, овоз бериш натижаларини аниқлаш ва эълон қилиш, сайлов комиссиялари аъзоларининг билим ва малакаларини ошириш, Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимини такомиллаштириш билан боғлиқ кўплаб тавсиялар ҳам ўрин олган.

Мазкур рисола ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрланган. Марказий сайлов комиссияси кенг жамоатчиликнинг, шу жумладан соҳа мутахассислари, олимлар, экспертлар ҳамда халқаро кузатувчиларнинг таклиф ва тавсиялари асосида сайлов қонунчилиги ва амалиётини янада такомиллаштириш бўйича изчил ишларни амалга оширмоқда.

 

Марказий сайлов комиссиясининг

 Матбуот хизмати