Кўзи ожиз сайловчилар учун яширин овоз бериш кабиналарида аудио қурилма ўрнатиш таклиф этилмоқда
2019 йилнин декабрь ойида бўлиб ўтган парламент сайловларида сайловчилар рўйхатига жами 630 мингдан зиёд ногиронлиги бўлган шахс, шу жумладан, 61 мингга яқини кўзи ожиз фуқаро киритилди. Шу нуқтаи назардан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайловда қатнашиш ҳуқуқини рўёбга чиқарадиган инклюзив сайловларни ўтказиш масаласи долзарб вазифага айланди.
Шу мақсадда, МСК томонидан 2019 йил 27 сентябрь куни Ўзбекистон Ногиронлар, Кўзи ожизлар ва Карлар жамиятлари билан ҳамкорлик тўғрисида келишувлар имзоланди.
МСК томонидан сайлов комиссиялари таркибига ногиронлиги бўлган шахсларни киритиш юзасидан тавсиялар берилди. Натижада, Олий Мажлисга сайлов ўтказувчи ОСКларнинг таркибида 57 нафар (3,5%), ҚР Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи ОСКларнинг таркибида 244 нафар (3,1%), туман, шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи ОСКларнинг таркибида 1 516 нафар (2,8%) ва УСКлар таркибида 2 341 нафар (2,1%) ногиронлиги бўлган шахслар фаолият юритдилар.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлашга доир МСКнинг алоҳида қарори қабул қилинди ва унга асосан “Сайловларда тенг имкониятлар!” шиори остида сайловларни ташкил этиш борасидаги ташаббус маъқулланди.
Мазкур ташаббус доирасида деярли барча сайлов участкалари ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус жиҳозланган овоз бериш кабиналари, пандуслар билан таъминланди ва бино ичида эркин ҳаракатланиш учун шароитлар яратилди, ногиронлиги бўлган сайловчиларнинг турган жойларида овоз бериш ташкил этилди, cайловолди ташвиқотига оид телекўрсатувлар имо-ишора тили ва субтитр ёзувида бериб борилди.
Сайлов бюллетенларига мосланган Брайль ёзувидаги уч хил шаклдаги трафаретлар ишлаб чиқилиб, сайлов участкаларига етказилди. Брайль алифбоси асосида тайёрланган уч турдаги трафаретларда, унинг ичига солинадиган сайлов бюллетени қайси сайловга оидлиги ҳақида ёзув билан чекланган ва тегишли округ бўйича номзодлар ҳақида маълумотлар кўрсатилмаган. Номзодлар ҳақидаги маълумотлар УСК аъзолари томонидан оғзаки равишда таништирилиши лозимлиги ҳақидаги тартиб айрим кўзи ожиз сайловчиларнинг эътирозларига сабаб бўлди.
Сайловлар бир мандатли сайлов округлари бўйича ўтказилиши сабабли, Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга сайлов бўйича барча округ бўйича жами 6 720 хил сайлов бюллетенлари чоп этилди ва айнан шу миқдорда Брайль алифбоси асосидаги трафаретлар нашр қилиниши мақсадга мувофиқ деб топилган эди.
Бироқ, сайлов кампаниясидаги муддатлар ва махсус трафаретлар ишлаб чиқарувчи корхоналар чекланганлиги сабабли, 6 720 та ҳар бири турлича мазмунда, депутатликка номзодлар ҳақидаги аниқ маълумотлари кўрсатилган Брайль алифбоси асосидаги сайлов бюллетенларини чоп этиш имкони йўқ эди.
Марказий сайлов комиссияси сайловларда тенг ҳуқуқлилик тамойилини таъминлаш мақсадида кўзи ожиз сайловчилар учун яширин овоз бериш кабиналарида номзодлар ҳақидаги маълумот билан таништирувчи аудио қурилма ўрнатиш, Брайль алифбоси асосидаги трафаретларни такомиллаштиришни таклиф этмоқда.