• eye Специальные возможности
Сайлов бюллетенлари ўзгариши мумкин
05.11.2020
1674
Сайлов бюллетенининг шакли, ўлчамлари ва матнида акс эттириладиган маълумотларнинг ҳажми ва тартиби ЎзР МСК қарори билан белгиланди. Бюджет маблағларини тежаш мақсадида сайлов бюллетенларини чоп этишда илк бор сув белгиси мавжуд қоғозлардан фойдаланишдан воз кечилди.

Сайлов бюллетенининг шакли, ўлчамлари ва матнида акс эттириладиган маълумотларнинг ҳажми ва тартиби ЎзР МСК қарори билан белгиланди. Бюджет маблағларини тежаш мақсадида сайлов бюллетенларини чоп этишда илк бор сув белгиси мавжуд қоғозлардан фойдаланишдан воз кечилди.


ЎзР МСК томонидан жами 20 699 552 та, шу жумладан Ўзбекистон ҳудудидаги УСКлар учун 18 993 417 та ва хориждаги УСКлар учун 1 706 135 та сайлов бюллетенлари чоп этилди. Сайлов бюллетенлари УСКларга 2019 йил 9 декабрга қадар сайлов участкасидаги сайловчилар умумий сонининг 5 фоизи миқдорида, 2019 йил 19 декабрга қадар қолган 95,5 фоизи етказиб берилди.


Сайлов кодексига мувофиқ сайлов бюллетенлари давлат тилида, шунингдек округ сайлов комиссиясининг қарорига биноан тегишли округ аҳолисининг кўпчилиги сўзлашадиган тилларда нашр этилиши белгиланган . Шунга кўра, сайлов бюллетенлари Ўзбекистондаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларида чоп этилди (ўзбек тилида 91,5%, рус тилида 6%, қорақалпоқ тилида 2,5 %).


Сайловчилар томонидан овоз бериш жараёнида, шунингдек УСК аъзолари томонидан овозларни санаш жараёнида сайлов бюллетенларининг бир-биридан ажратиб олиш қийин бўлди. Сайлов бюллетенида номзодлар ҳақидаги маълумотларнинг кўплиги боис, матнлар кичик шрифтда акс эттирилди, айниқса туман, шаҳар кенгашларига сайлов бўйича (А5 форматда) бюллетенлар айрим сайлов округларидаги сайловчилар томонидан эътирозларга сабаб бўлди.


Сайлов кодексига биноан УСКлар сайлов бюллетенларини овоз бериш кунига камида уч кун қолганида олади. УСК оладиган сайлов бюллетенларининг сони участка бўйича рўйхатларга киритилган сайловчилар сонига нисбатан ярим фоиздан ортиқроқ бўлиши мумкин эмас. Шу билан бирга, сайловчиларнинг рўйхатларига ўзгартишлар киритиш сайловга уч кун қолганида тўхтатилиши ҳақида қоида ўрнатилган.


Миграция даражаси юқори бўлган пайтда мазкур талабга риоя қилган ҳолда ҳар бир сайловчининг сайловда қатнашишга оид конституциявий ҳуқуқини рўёбга чиқариш қийинлашди. Ҳаттоки, айрим сайлов участкаларини сайлов бюллетенлари билан етарли миқдорда ўз вақтида таъминламаслик хавфи юзага келди. Сайлов комиссиялари томонидан кўрилган шошилинч чоралар туфайли барча УСКлар ўз вақтида зарур миқдордаги сайлов бюллетенлари билан тўлиқ таъминланди. 


Шундан келиб чиқиб, Марказий сайлов комиссияси уч даражали сайлов бўйича сайлов бюллетенларини ажратган ҳолда уч хил рангда тайёрлаш, барча вакиллик органлари учун мўлжалланган сайлов бюллетенларининг ҳажмини А-4 (297х208 мм) ўлчамида тайёрлаш ҳамда унда акс эттириладиган номзодлар ҳақидаги маълумотларни қисқартириш ва сайловчиларнинг рўйхатларига ўзгартишлар киритиш муддатини қайта кўриб чиқиб, унинг сайловга беш кун қолганида тўхтатилишини белгилашни таклиф этмоқда.