• eye Специальные возможности
Сайловларда бепул эфир вақти доирасида аёллар учун алоҳида квота жорий этилиши мумкин
05.11.2020
1698
Сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодлар кўрсатишда аёлларнинг сони номзодлар умумий сонининг камида 30 фоизини ташкил этиши керак.

Сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодлар кўрсатишда аёлларнинг сони номзодлар умумий сонининг камида 30 фоизини ташкил этиши керак.


Номзодлар кўрсатиш жараёнида сиёсий партиялар томонидан мазкур талабга риоя қилинди. Хусусан, Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар орасида аёллар 41,6%ни (744 нафардан 310 нафарни) ташкил этди.
Сайлов якунларига кўра, парламентнинг қуйи палатасига 48 нафар аёл депутат этиб сайланди (депутатлар умумий сонининг 32%), юқори палатаси (Сенат)дан эса 24 нафар аёл (24%) ўрин олди.


Ҳозирги пайтда Олий Мажлиснинг ҳар иккала палатаси аъзоларининг 29,1 % ини аёллар ташкил этади (248 парламент аъзосидан 72 нафари). Ушбу рақам дунё бўйича ўртача кўрсаткичдан 4,9% юқоридир (2019 йил 1 январь ҳолатига кўра, турли давлатлардаги миллий парламент аъзолари орасида аёллар улуши 0%дан 61,3 % гача бўлган, ўртача кўрсаткич 24,2 %ни ташкил этган).


Шунингдек, ҚР Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларига янги сайланган депутатларнинг 247 нафари (30%), туман ва шаҳар кенгашларида – 1 422 нафари (25%) аёллардир.
Шунингдек, Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи ОСКларнинг таркибида аёллар 743 нафар (46,1%)ни, УСКларнинг таркибида 54 361 нафар (49,0%)ни ташкил этди.


СЯЭРга киритилган сайловчиларнинг ярмидан кўпини (10 млн. 355 минг нафар) аёллар ташкил этди. Шу нуқтаи назардан, сайлов жараёнида аёлларнинг ҳуқуқий маданияти ва сайлов фаоллигини ошириш зарурати пайдо бўлди.


Шу мақсадда 2019 йилнинг март ойида ЎзР МСК ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ўртасида хотин-қизларнинг сайловларда иштирок этиш бўйича конституциявий ҳуқуқини амалга оширишни таъминлашга қаратилган келишув имзоланган.

БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда 2019 йил ноябрь ойида “Парламент ва маҳаллий сайловларда аёлларнинг иштирокини ошириш стратегиялари” мавзусида ўқув семинарлари ташкил этилди.
Марказий сайлов комиссияси ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори билан ҳамкорликда тайёрланган аёлларнинг электорал фаоллигини оширишга қаратилган босма ва аудиовизуал ташвиқот материаллари маҳаллаларда, аҳолининг ўқиш ва иш жойларида кенг тарқатилди, телевидение, темир йўл ва ҳаво транспортида, шаҳар йўловчи транспорти ва бекатларда намойиш этилди.


Марказий сайлов комиссияси сайловолди ташвиқоти даврида сиёсий партиялар ва уларнинг номзодлари учун ажратилган бепул эфир вақти доирасида аёллар (номзодлар, ишончли вакиллар, партия намоёндалари) учун алоҳида квотани жорий этишни таклиф этмоқда.