Жорий йилнинг 12 апрель куни Ўзбекистон делегацияси аъзолари ва Қирғиз Республикаси Сайлов ва референдумларни ўтказиш бўйича марказий комиссияси вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида 2021 йил 11 апрель куни Қирғиз Республикасида бўлиб ўтган маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови ва Конституцияни ўзгартириш бўйича референдум натижалари ҳақида сўз юритилди.
Қирғиз Республикаси МСК раисининг ўринбосари А. Бекматов ўз сўзида ҳозирда ҳудудий сайлов комиссиялари участка комиссиялари баённомаларини кўриб чиқаётганлигини маълум қилди. Қирғиз Республикаси қонунчилигида белгиланган муддат ичида Марказий сайлов комиссияси маҳаллий кенгашлар депутатларини сайлаш ва референдум ўтказиш тўғрисида тегишли қарорларни қабул қилади.
Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Б.Қўчқоров ўз сўзида сайлов комиссияларининг юқори даражадаги тайёргарлиги, сайловлар ва референдумнинг муваффақиятли ўтганлигини алоҳида қайд этиб ўтди.
МСК аъзоси О.Қозихонова томонидан сайловларда аёллар фаол иштирок этгани ва маҳаллий кенгашларда аёллар учун белгиланган 30 фоизли квотани ижобий баҳоланди.
Ўзбекистон делегацияси вакили С.Қурбонқулов сайлов жараёни иштирокчиларини хабардор этиш бўйича кўрилаётган тадбирларга юқори баҳо берди.
Учрашувда томонлар икки мамлакат ривожи ва равнақи учун Марказий сайлов комиссиялари ўртасида янада самарали ҳамкорлик қилиш масалаларини кўриб чиқдилар.