• eye Специальные возможности
Президент сайлови: тўғри маълумотни сохта ахборотдан қандай ажратиш мумкин?
19.05.2021
1610
Сайловлар даврида оммавий ахборот воситаларининг фаоллиги, ҳаққонийлиги ва холислиги сайловларни умум эътироф этилган халқаро стандартлар, принциплар асосида очиқ-ошкора ўтказилишида муҳим аҳамият касб этади.

Сайловлар даврида оммавий ахборот воситаларининг фаоллиги, ҳаққонийлиги ва холислиги сайловларни умум эътироф этилган халқаро стандартлар, принциплар асосида очиқ-ошкора ўтказилишида муҳим аҳамият касб этади.

Айнан уларнинг саъй-ҳаракати ўлароқ сиёсий партиялар ва номзодлар сайловчилар билан тезкор алоқа ўрнатиш, ўз сиёсий дастурини аҳолига етказиш ва сайловолди ташвиқотини муваффақиятли олиб бориш имкониятига эга бўладилар.

Маълумки, жорий йилда мамлакатимиз ҳаётида катта сиёсий воқеа – Президент сайлови бўлиб ўтади. Сайлов кампанияси даврида оммавий ахборот воситаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари оммавий ахборот воситалари фаолиятини тартибга солувчи ҳамда сайловга оид тегишли қонунлар билан тартибга солинади. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 67-моддасига мувофиқ оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди. Улар ахборотнинг тўғрилиги учун белгиланган тартибда жавобгар ҳисобланади ва цензурага йўл қўйилмайди.

Оммавий ахборот воситалари сайловларда эркин, ҳеч бир тўсиқсиз иштирок этади. Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 8-модасига кўра, оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарлик жараёнини ва сайлов қандай ўтаётганлигини ёритиб боради. Бу жараёнда, сайлов комиссияларининг мажлисларида уларнинг вакиллари иштирок этиши мумкин.Шу билан бирга, Сайлов кодексининг 35-моддасига мувофиқ оммавий ахборот воситаларининг вакиллари сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларни ёритиш, сайлов куни овоз бериш биноларида, шу жумладан овозларни санаб чиқиш чоғида ҳозир бўлиш ҳуқуқига эга.

Бунинг учун улар Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 5 октябрдаги 952-сон қарори билан тасдиқланган «Сайлов кампанияси даврида оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом»га мувофиқ сайлов кампанияси бошланганидан кейин аккредитациядан ўтишлари лозим.

НИМА УЧУН ОАВ ВАКИЛЛАРИ АККРЕДИТАЦИЯДАН ЎТКАЗИЛАДИ?

Президент сайлови кампанияси эълон қилинганидан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорлари билан маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари аккредитациядан ўтказилади. Бундан кўзланган асосий мақсад сайлов кампанияси даврида журналистларга ўз фаолиятини амалга оширишлари учун қулай шарт-шароит яратишдан иборат.

Журналистларга берилган мазкур ҳуқуқ сайловларга оид тадбирлар ёки учрашувларда иштирок этишни соддалаштиради. Аккредитация билан боғлиқ барча ҳаракатлар жамоатчиликнинг оммавий ахборот воситалари орқали маълумот олиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида очиқлик, тенглик, адолат тамойилларига асосланади.

ОАВ вакилининг ваколат муддати унга аккредитациядан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома берилган кундан бошланади ва сайлов якунлари расман эълон қилинган куни тугайди.

ОАВ ВАКИЛЛАРИ НИМАЛАРГА ЭЪТИБОР БEРИШЛАРИ КEРАК?

Сайловчиларга таъсир ўтказиш, қонунга хилоф равишда бирон-бир ташвиқот материали ёки адабиётини тарқатиш, сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда овоз бериш кабинасида ёки хонасида бўлиш, сайловчилардан улар кимни ёқлаб овоз берганликларини суриштириш ёки сайловчиларга бюллетенга белги қўйишда бирон-бир тарзда ёрдам кўрсатиш, участка сайлов комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан сайлов қутилари муҳрланаётган, очилаётган, овозлар санаб чиқилаётганда аралашиш, сайлов куни ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиш ман этилади.

ОАВ вакили Сайлов кодекси талабларига ва Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорларига риоя этмаган тақдирда, уни аккредитациядан ўтказган сайлов комиссияси унинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиши мумкин.

Албатта, Марказий сайлов комиссияси томонидан ОАВ вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинганидан сўнггина, МСК расмий саҳифасида аккредитациядан ўтиш талаблари эълон қилинади. Аккредитация ҳақидаги тўлиқ маълумотни сайлов кампанияси даврида билиб олиш мумкин.

Шу ўринда яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратиш жоиз. Сайловлар даврида ижтимоий тармоқларда нотўғри (фейк) хабарлар, ёлғон (дезинформация) ҳамда сиёсий хуружлар оқими ошиши мумкин. Уларнинг олдини олишда нималарга эътибор қаратиш лозим?

«ЁЛҒОННИНГ ҚУЛОҒИ УЗУН»

Бу гап бежиз айтилмаган. Сайловлар олдидан ёлғон баёнотлар ва чалғитувчи хабарлар оқими кўпайишини инобатга олган ҳолда, сохта ахборотлар ҳақида айрим мисоллар келтириш ўринли.

АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида фаолият юритувчи “BuzzFeed” портали томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, 20 та “fake” хабар тўғри ва далиллар асосида ёзилган шунча янгиликдан кўра кўпроқ ўқилар экан. Шунингдек, интернет фойдаланувчиларининг 75 фоизи ёлғон маълумотни ҳақиқатдан ажрата олмайди. Шунга ўхшаш яна бир тадқиқот Массачусетс технология институти тадқиқотчилари томонидан ўтказилган. Унга кўра,битта фейкнинг ижтимоий тармоқларда «ретвит»(улашиш) эҳтимоли ҳақиқий ахборотдан 70 фоиз кўпроқ.

Мисол учун, 2020 йил АҚШда бўлиб ўтган сайловда “fake” хабарларга қарши курашга ҳукумат томонидан алоҳида эътибор қаратилди. Натижада сайлов кампанияси даврида номзодларнинг сайловолди ғалаба ва натижалари, қалбакилаштирилган бюллетенлар ҳақидаги ёлғон хабарлар блокланди. “Google«қидирув тизими сайловчиларни чалғитмаслик учун ғалаба билан боғлиқ дастлабки ва тўғри ҳисоботларни намойиш этиб борди.

САЙЛОВГА ОИД ТЎҒРИ ВА ИШОНЧЛИ АХБОРОТНИ ҚАЕРДАН ОЛСА БЎЛАДИ?

Сайловлар даврида тўғри, тўлиқ ва расмий ахборотга оид маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти ёки ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари орқали олиш энг тўғри йўлдир.

Бундан ташқари, Президент сайлови кампанияси даврида Марказий сайлов комиссияси томонидан “Saylov2021.uz” ахборот портали фаолияти ҳам йўлга қўйилиши режалаштирилган. Ахборот портали сайловчилар, маҳаллий ва хорижий кузатувчилар ҳамда сайлов жараёнларининг бошқа иштирокчиларига ишончли бир манба ва бир манзилдан сайлов ҳақида маълумотлар олиш имкониятини беради.

Шу билан бирга, сайлов жараёнлари ҳақидаги маълумотларнинг манбаси ягона бўлиши оммавий ахборот воситалари ишининг сифати ва самарасига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Оммавий ахборот воситалари фаолияти давомида нохолис ёки ҳақиқатдан йироқ ахборотларни, яъни «дезинформация» амалиётини сезиларли даражада камайтиради.

Албатта муайян мавзуни ёритишда журналистлар хилма-хил фикр ҳамда қарашларга эга. Улар сайлов жараёнларини турлича ёритиши мумкин. Бу табиий. Шундай экан, журналистлар ва блогерлар Президент сайлови жараёнини ёритишда сайловчиларга ҳаққоний ахборот етказишлари зарур ва бунинг учун аввало уларнинг ўзлари сохта хабарлар ва маълумотларга чув тушмаслиги керак. Чунки сайлов даврида нафақат Ўзбекистон фуқаролари, балки халқаро ҳамжамият ҳам оммавий ахборот воситалари орқали номзодлар, сиёсий партиялар ва уларнинг дастурлари тўғрисида ҳар томонлама, тўлиқ ва ишончли маълумотларни олишга ҳаракат қилади.

 

Дилдорa ТОЖИБОЕВА,

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссияси

матбуот хизматининг

бош маслаҳатчиси

Манба: «Ҳуррият» газетаси