“Zo’r TV” телеканали томонидан “Бу кун” ахборот дастурининг Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги мухбирлари учун жорий йилнинг октябрь ойида мамлакатимизда бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий воқеа - Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлик жараёнларда журналистлар иштирокига бағишлан семинар ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг доимий асосда ишловчи аъзоси Баходир Юнусов Президент сайлови мамлакатда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, яқин ва олис истиқбол учун белгилаб олинадиган стратегик тараққиётнинг дастурий вазифаларини амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади.
Мамлакатимиз сайлов тизимини ислоҳ қилиш ва янада демократлаштириш, унинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, миллий қонунчилигимизни сайлов ҳуқуқига оид халқаро стандартларга уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Жорий йилнинг 8 февраль ва 31 май кунлари сайлов қонунчилигига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга доир янги қонунларнинг қабул қилиниши сайлов қонунчилиги ва амалиётини такомиллаштирилишда муҳим омил бўлади.
Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастури ва унинг ижросини ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда изчиллик билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида сўз юритилди.
Учрашувда мамлакатимиз сайлов комиссиялари тизими, Марказий сайлов комиссияси, округ ва участка сайлов комиссияларининг ваколатлари, сайловчилар рўйхатини тузиш, сайлов олди ташвиқоти ва журналистларни сайлов комиссияларида аккредитациядан ўтказиш ҳақида батафсил тушунтиришлар берилди.
Президент сайлови жараёнларини ОАВда, жумладан, “Zo’r TV” орқали шаффофлик, очиқлик ва холислик тамойиллари асосида ёритиш бўйича таклифлар билдирилди.
Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати