Аккредитациядан ўтказиш тўғисидаги мурожаатлар 2021 йил 14 октябрь соат 18:00 гача Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилинади. 14 октябрь куни тақдим этилган мурожаатлар беш кун ичида кўриб чиқилиши инобатга олинса, кечи билан 19 октябрь кунида аккредитациядан ўтказиш ишлари тўлиқ якунланади.
Хорижий ОАВ вакиллари Марказий сайлов комиссияси томонидан аккредитациядан ўтказилади.
Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтган хорижий ОАВ мухбирлик пункти (бюроси, офиси) раҳбари сайловни ёритиш бўйича аккредитациядан ўтказиш масаласида Марказий сайлов комиссиясига мурожаат қилади (ОАВ вакилининг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими кўрсатилади ҳамда унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси ва 3х4 см. ҳажмдаги фотосурат тақдим этилади).
Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтмаган хорижий ОАВлар эса вазирликка мурожаат қилади (оммавий ахборот воситаси тўғрисида маълумотнома-ахборот, аккредитацияга тақдим этилган ходимнинг таржимаи ҳоли маълумотлари, унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси ва 3х4 см. ҳажмдаги икки дона фотосурати илова қилинади). Бунда Марказий сайлов комиссияси Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига асосан хорижий ОАВ вакилини аккредитациядан ўтказади.
Такрорий овоз беришда энг кўп овоз тўплаган иккита номзод иштирок этади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида икки нафардан ортиқ номзод иштирок этаётган бўлса ва агар улардан ҳеч бири овоз беришда иштирок этган сайловчилардан ярмидан кўпининг овозини олмаган бўлса, такрорий овоз бериш ўтказилади.
Сайлов кодекси қабул қилинганидан буён овоз бериш ҳуқуқига эга бўлмаган шахслар тоифаларига ўзгартириш киритилмади.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, аввалги Президент сайловида жиноят содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар овоз беришда иштирок этиши мумкин эмас эди.
Сайлов кодексига асосан, эндиликда Президент сайловида илк маротаба ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлиги учун озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган фуқаролар сайлаш ҳуқуқидан фойдаланадилар.
Сайлов куни сайловчининг турган жойида овоз беришини ҳамда чет давлатда сайловчиларнинг турган жойида муддатидан олдин овоз беришни ташкил этишда тегишли участка сайлов комиссиялари томонидан кўчма сайлов қутиларидан фойдаланилади.
Шунингдек, сайлов куни овоз бериш биносига келган сайловчининг тана ҳарорати 370С ва ундан юқори бўлган тақдирда алоҳида ажратилган жойларда (бинонинг кириш қисми ва бошқалар) икки нафар участка сайлов комиссияси аъзоси ҳозирлигида кўчма сайлов қутилари ва кабиналаридан фойдаланган ҳолда яширин овоз бериш ҳуқуқи таъминланади.
Сайлов бюллетенини мустақил равишда тўлдириш имкониятига эга бўлмаган сайловчи ўз хоҳишига кўра яширин овоз бериш кабинасига ёки хонасига бошқа шахсни таклиф қилишга ҳақли. Бунда таклиф қилинаётган шахс сайлов комиссияси аъзоси, кузатувчи ва оммавий ахборот воситаси вакили бўлиши мумкин эмас. Бошқа ҳолатларда сайловчи шахсан овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланади.
Сайлов участкасида овозларни санаб чиқиш натижалари, сайлов округида сайлов натижалари аниқланганидан сўнг тегишли баённоманинг кўчирма нусхаси ҳамма танишиб чиқиши учун тегишинча сайлов комиссияси биносига камида қирқ саккиз соат муддатга дарҳол осиб қўйилади. Сайлов участкаси ёки округида ҳозир бўлган ОАВ вакиллари сайловни ёритишда баённомадан фойдаланишлари мумкин.
Президент сайлови натижаси бўйича сайловдан кейин ўн кун ичида Марказий сайлов комиссиясининг қарори қабул қилинади ва ҳаммага эълон қилинади.
Фуқаролиги бўлмаган шахслар ва чет эл фуқаролари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этмайди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтмаган ёки ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, шунингдек, агар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида битта номзод иштирок этган бўлса ва у зарур миқдорда овоз тўплай олмаган бўлса, Марказий сайлов комиссияси такрорий сайлов тайинлайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг такрорий сайлови ҳам Сайлов кодексида асосий сайловни ўтказиш учун белгиланган айни тартибда ва айни шартларга риоя этган ҳолда ўтказилади. Бунда округ ва участка сайлов комиссиялари фаолиятида сайлов тўғрисидаги қонунчилик бузилиши аниқланган тақдирда, Марказий сайлов комиссияси сайлов янги таркибдаги округ ва участка сайлов комиссиялари томонидан ўтказилиши зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Овоз бериш асосий сайловни ўтказиш учун тузилган ўша сайлов участкаларида ва сайловчиларнинг ўша рўйхатлари бўйича ўтказилади.