• eye Махсус имкониятлар
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
2009 йил 29 декабр Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига сайлов
17.07.2021
11335

2009 йил 29 декабр куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига сайловлар бўлиб ўтди.

Марказий сайлов комиссияси текшириш якунларига кўра ва Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги қонунининг 26-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига 517 номзодни, шу жумладан, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан 123, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан 125, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан 135, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан 134 номзодни рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Сайловчилар рўйхатига киритилган 17 миллион 215 минг 700 фуқародан 15 миллион 108 минг 950 нафар сайловчи иштирок этди ва бу сайловчилар умумий сонининг 87,8 фоизни ташкил этди.

Овоз беришда барча 135 та сайлов округида рўйхатга киритилган сайловчиларнинг 33 фоизидан ортиғи иштирок этди ва сайлов қонунчилигига мувофиқ уларда сайлов ўтган, деб ҳисобланади. Овоз бериш натижаларига кўра, 96 та сайлов округида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайланди. Уларнинг 33 нафари - Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал демократик партиясидан, 25 нафари - Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан, 22 нафари - Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан ва 16 нафари - Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан. Сайланган 96 нафар депутатнинг 19 нафари ѐки 19,8 фоизи хотин-қизлардир.

2009 йил 27 декабрда бўлиб ўтган овоз бериш натижаларига кўра 135 та сайлов округларидан 39 тасида Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларнинг биронтаси ҳам сайланиш учун етарли миқдорда овоз тўплай олмаган. 2010 йил 10 январда такрорий овоз беришни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Сайлов қонунчилигига биноан, такрорий овоз бериш 39 та сайлов округининг ҳар бирида асосий сайловда сайловчиларнинг энг кўп овозини олган икки нафар депутатликка номзод бўйича ўтказилди. Ушбу округларда сайловчилар рўйхатига фамилиялари киритилган 4 миллион 969 минг 547 сайловчининг 3 миллион 960 минг нафари ѐки 79,7 фоизи такрорий овоз беришда қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутатлар сайлови якунларига кўра 150 нафар, маҳаллий Кенгашларга 6124 нафар депутат сайланди. Шу жумладан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан 53 нафар, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан 32 нафар, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан 31 нафар, Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партиясидан 19 нафар депутат сайланди. 15 нафар депутат Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг вакилларидир. Сайланган 150 депутатнинг 33 нафари ѐки 22 фоизи хотин-қизлардир. Сайланган депутатларнинг 47 нафари ѐки 31,3 фоизи илгари Қонунчилик палатаси депутати бўлган. 

Олий мажлис Сенатининг 84 нафар аъзоси 2010 йилнинг 20-22 январида сайлов қонунчилигига тўла мос ҳолда яширин овоз бериш йўли билан ўтказилган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенеси, вилоят, туман ва шаҳар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида сайланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 22 январдаги Фармони билан жамиятимизнинг турли жабҳаларида фаолият кўрсатаѐтган катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган юртдошларимиз орасидан 16 нафари Сенат аъзоси этиб тайинланди.

Сайловда 36 давлат ва тўртта халқаро ташкилотдан 270 дан зиѐд кузатувчи иштирок этди. Жумладан, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюросидан - 13 нафар, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия Қўмитасидан - 84 нафар, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотидан - 5 нафар ва Ислом Конференцияси Ташкилотидан 7 нафар вакил қатнашди. Бундан ташқари, Қонунчилик палатасига сайловда ўз номзодларини кўрсатган сиѐсий партияларнинг 30 минг нафардан ортиқ кузатувчиси ва 30 минг нафар ваколатли вакили иштирок этди.

Сайлов жараѐнларини 500 дан ортиқ мамлакатимиз ва 200 дан зиѐд хорижий оммавий ахборот воситалари ѐритиб борди.