Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссиясининг қарори
№ 1136 2021 йил 30 сентябрь
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ногиронлиги бўлган шахсларга Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда уларнинг сайлов ҳуқуқларидан тенг, фаол ва тўсқинликсиз фойдаланишини таьминлашга доир қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14, 16, 49 ва 50-моддаларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига доир сайлов бюллетенини тўлдириш учун Брайль алифбоси асосида тайёрланадиган трафарет намунаси ва тавсифи иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Белгилансинки, ҳар бир сайлов участкаси кўзи ожиз сайловчиларнинг сайлов бюллетенини тўлдиришда фойдаланишлари учун икки донадан трафаретлар билан таъминланади.
3. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Котибияти Моддий-техника таъминоти бўлими бошлиғи (Ж.Фахрутдинов) сайлов бюллетенини тўлдириш учун трафаретлар тайёрланишини ва округ сайлов комиссиялари орқали ҳар бир сайлов участкасига етказиб берилишини таъминласин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар, туман ва шаҳар ҳокимликлари:
ҳудудларда ногиронлиги бўлган сайловчилар тўғрисидаги маълумотларни аниқлаш ҳамда ногиронлиги бўлган сайловчилар истиқомат қилаётган жойларда эҳтиёжга кўра қўшимча сайлов участкаларини тузиш бўйича округ сайлов комиссияларига таклиф киритиш;
жисмоний имконияти чекланган шахслар учун махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабиналарини жойлаштириш;
заруратга кўра, сайлов участкаларида кўзи ожиз сайловчилар учун
оптик лупа (катталаштирувчи ойна)лар, ёриткичлар бўлишига аҳамият
бериш;
ногиронлиги бўлган сайловчилар гавжум яшайдиган ҳудудларда, эҳтиёж бўлса уларнинг сайлов участкаларига келиб кетишлари учун бепул транспорт билан таъминлаш чораларини кўриш;
сайлов участкаси жойлашган биноларнинг кириб-чиқиш жойларига эни камида 90 см ва чиқиш бурчаги 300 дан кўп бўлмаган нишаб йўлакчалар (пандуслар) ўрнатилганлигини хатловдан ўтказиш, аниқланган камчиликларни 2021 йил 10 октябрга қадар бартараф этиш ҳамда ушбу биноларга ногиронлиги бўлган сайловчиларнинг келиб-кетиши ва бино ичида эркин ҳаракатланиши учун шароитлар яратиш;
амалга оширилган ишлар ҳақида 2021 йил 13 октябрь кунига қадар Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига ёзма маълумот бериш топширилсин.
5. Сайлов кодексининг 55-моддасига асосан:
сайлов бюллетенини мустақил равишда тўлдириш имкониятига эга бўлмаган сайловчи ўз хоҳишига кўра яширин овоз бериш кабинасига ёки хонасига бошқа шахсни таклиф қилишга ҳақли эканлиги;
таклиф қилинаётган шахс сайлов комиссиясининг аъзоси, кузатувчи ва оммавий ахборот воситаси вакили бўлиши мумкин эмаслиги маълумот учун қабул қилинсин.
6. Участка сайлов комиссиялари:
сайловчилар рўйхатини уйма-уй юриб аниқлаштириш вақтида ногиронлиги бўлган сайловчилар тўғрисидаги маълумотларни аниқлаш, уларнинг рўйхатини тузиш, ногиронлиги бўлган сайловчиларнинг турган жойларида овоз беришини ташкил этиш чораларини кўрсин;
сайлов участкаларида ногиронлиги бўлган сайловчиларнинг сайловга оид маълумотлар, сиёсий партиялар ва Президентликка номзодларнинг плакатлари билан танишиши ҳамда ўзлари муносиб деб билган номзодлар учун эркин, тўсиқларсиз ва яширин овоз бериши учун шароит яратсин.
7. Сиёсий партияларга:
сайловчилар билан учрашувларда ногиронлиги бўлган сайловчиларнинг иштирокини таъминлаш ва уларнинг биноларга киришлари учун қулай шароитлар яратиш, жумладан ташвиқот олиб бориш учун танланган бинонинг биринчи қаватида учрашувларни ўтказишга алоҳида эътибор қаратиш;
босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини тайёрлаш ва тарқатиш, сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали сайловолди ташвиқотини олиб боришда ногиронлиги бўлган сайловчиларнинг алоҳида эҳтиёжларини (имо-ишора тили, субтитр ёзуви, брайль алифбоси) инобатга олиш ва бунда оммавий ахборот воситалари, интернет ва мобиль алоқа имкониятларидан фойдаланиш тавсия этилсин.
8. Оммавий ахборот воситаларига сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни оммавий ахборот воситаларида ёритишда уларни ногиронлиги бўлган фуқаролар учун қулай бўлган шакл (имо-ишора тили, субтитрлар ва бошқа шакллар)да тайёрлаш чораларини кўриш тавсия этилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда овоз бериш биноларига яқин бўлган автомобиллар тўхтаб туриш жойларида ногиронлиги бўлган сайловчиларнинг автотранспорт воситалари учун тўхтаб туриш жойларини ташкил этиш топширилсин.
10. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.
11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.
Раис З. Низамходжаев