• eye Махсус имкониятлар
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
№ 1230 Айрим референдум участкаларида овоз бериш жараёнини видео-трансляция қилиш бўйича чора-тадбирларни белгилаш тўғрисида
12.04.2023
518

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясининг қарори

 

№ 1230                                                    2023 йил  12 апрель

 

Айрим референдум участкаларида овоз бериш жараёнини видео-трансляция қилиш бўйича чора-тадбирларни белгилаш тўғрисида

 

“Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 7, 8 ва 18-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:

1. Референдум куни овоз бериш жараёнини реал вақт режимида (онлайн) видео-трансляция қилиш мақсадида республиканинг барча туман ва шаҳарлари ҳудудида жойлашган иккитагача референдум участкаларида иккитадан видеокамера ва бошқа зарур қурилмалар ўрнатилсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги Ички ишлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда жорий йилнинг:

18 апрелигача овоз бериш жараёнини видео-трансляция қилиш учун референдум ўтказувчи округ комиссияларининг тавсиялари асосида Марказий сайлов комиссияси томонидан тақдим этилган рўйхатга мувофиқ референдум участкаларида видеокамера ва зарурий қурилмалар ўрнатилиши ва жиҳозланишини таъминласин;

20 апрелигача Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот марказидаги экранларда, saylov.uz расмий веб-сайтида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон 24” ва бошқа телеканалларида овоз бериш жараёнини реал вақт режимида (онлайн) кузатиш имкониятини яратиш чораларини кўрсин.

3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ билан биргаликда жорий йилнинг 20 апрелигача:

референдум участкаларини узлуксиз электр манбаи билан таъминлаш чораларини кўрсин;

овоз бериш жараёни реал вақт режимида (онлайн) видео-трансляция қилинадиган референдум участкаларида захира электр таъминотини ташкиллаштирсин.

4. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.

5. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.

 

 

Раис                                                                             З. Низамходжаев