• eye Махсус имкониятлар
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
№1236 Ўзбекистон Республикаси референдуми даврида жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида
14.04.2023
533

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясининг қарори

 

№ 1236                                                    2023 йил  14 апрель

 

Ўзбекистон Республикаси референдуми даврида жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси референдуми даврида жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонунининг 4-моддаси, “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддаси, “Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддаси, “Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 9-моддаси ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонунининг 18-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардияси Ўзбекистон Республикаси референдуми даврида жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашни;

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги референдум округлари ва участкалари ҳудудларини фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлашни амалга оширади.

2. Ўзбекистон Республикаси референдуми даврида жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардияси:

референдум округлари ва участкалари ҳудудида, комиссиялар жойлашган биноларда, шу жумладан овоз бериш биноларида жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш учун масъул ходимларини (кейинги ўринларда – жамоат хавфсизлигини таъминлашга масъул ходим) бириктиради;

жамоат хавфсизлигини таъминлашга масъул ходимларини Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан ишлаб чиқилган тегишли эслатма билан таъминлайди;

жамоат хавфсизлигини таъминлашга масъул ходимларига уларнинг жамоат хавфсизлигини таъминлашдаги вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича тушунтиришлар берилишини ҳамда ўқув машғулотлари ўтказилишини ташкил этади.

3. Референдум ўтказувчи округ ва участка комиссиялари жойлашган бинолар ва ҳудудларнинг қўриқланиши миллий гвардия ва ички ишлар органларининг ҳудудий раҳбарлари томонидан тасдиқланган навбатчилик жадвали асосида амалга оширилади.

4. Жамоат хавфсизлигини таъминлашга масъул ходимлар:

овоз бериш бюллетенлари референдум ўтказувчи округ ва участка комиссиялари томонидан олинган кундан эътиборан овоз бериш бюллетенлари ҳамда бошқа ҳужжатлар сақланадиган биноларнинг (хоналар) қўриқланишини таъминлайди;

овоз бериш бюллетенлари референдум ўтказувчи округ комиссияси томонидан участка комиссиясига хавфсиз етказиб берилишини таъминлайди;

референдум ўтказувчи округ ва участка комиссиялари аъзолари томонидан референдум натижаларига доир ҳужжатлар, шу жумладан овоз бериш якунларига оид баённомаларни тегишли референдум ўтказувчи комиссияларга олиб бориб топширишда уларни кузатиб боради ҳамда хавфсизлигини таъминлайди;

2023 йил 30 апрель – референдум куни хизмат фаолиятини овоз бериш биносига кирмаган ҳолда олиб боради;

фуқароларнинг яширин овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлигини, шунингдек референдум жараёни иштирокчиларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бузмаган ҳолда жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўради.

5. Жамоат хавфсизлигини таъминлашга масъул ходимларга қуйидагилар тақиқланади:

овоз берувчи фуқаролар, кузатувчилар ва референдум жараёнининг бошқа иштирокчиларига таъсир ўтказиш;

овоз берувчи фуқаро овоз бериш бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда яширин овоз бериш кабинаси ёки хонасига кириш;

бирон-бир ташвиқот материалини ёки адабиётини тарқатиш;

овоз берувчи фуқаролардан улар берган овозлари ҳақида суриштириш ёки уларга овоз бериш бюллетенига белги қўйишда бирон-бир тарзда ёрдам кўрсатиш;

референдум ўтказувчи комиссия фаолиятига, шу жумладан овоз бериш қутиларини муҳрлашга, уларни очишга, овозларни санаб чиқишга аралашиш.

6. Қонунчиликка мувофиқ:

фуқароларнинг яширин овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлигини бузиш, референдум жараёни иштирокчиларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига ғайриқонуний равишда путур етказиш маъмурий ёхуд жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши;

референдум ўтказувчи участка комиссияси раиси овоз бериш биносида тинчлик сақланиши ва тартибга риоя қилинишини таъминлаш, овоз бериш ва уларни санаб чиқишда ғайриқонуний тўсқинликлар вужудга келганида жамоат хавфсизлигини таъминлашга масъул ходимга мурожаат қилиши;

референдум участкаси ҳудудидаги тартибсизлик, ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар бартараф этилганидан сўнг жамоат хавфсизлигини таъминлашга масъул ходим участка комиссияси раиси кўрсатмаси асосида овоз бериш биносини тарк этиши ва хизматни давом эттириши шартлиги маълумот учун қабул қилинсин.

7. Референдум ўтказувчи участка комиссиясининг раиси (ёки раис ўринбосари) овоз бериш биносида тартибга риоя этилишини назорат қилади.

8. Референдум ўтказувчи округ комиссиялари референдум округлари ҳудудида мазкур қарорга мувофиқ жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича тадбирларнинг амалга оширилиши устидан доимий назорат ўрнатсин.

9. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.

10. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.

 

 

Раис                                                                              З. Низамходжаев