• eye Махсус имкониятлар
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
№1304 Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан айрим округ сайлов комиссиялари раисларининг ахбороти тўғрисида
20.06.2023
323

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясининг қарори

 

№1304                                                   2023 йил  20 июнь

 

Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан айрим округ сайлов комиссиялари раисларининг ахбороти тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14, 16 ва 22-моддалари ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг 2023 йил 10 майдаги 1247-сон қарори билан тасдиқланган Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича календарь режага мувофиқ Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:

1. Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 7-Самарқанд округ сайлов комиссияси (Х.Ў. Муҳаммадиев), 6-Наманган округ сайлов комиссияси (С.Т. Турғунов), 12-Хоразм округ сайлов комиссияси (Б.И. Абдуллаев), 5-Навоий округ сайлов комиссияси (Н.М.Тоғаева) ва 10-Тошкент вилояти округ сайлов комиссияси (У.К.Тухтаев) раисларининг ахборотлари маълумот учун қабул қилинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларига:

Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича календарь режада белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида ўтказилишини назорат қилиш;

участка сайлов комиссиялари томонидан сайловчилар рўйхатига аниқлик киритиш ҳамда сайловга ўн беш кун қолганида ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этиш ишларини мутасадди идоралар билан ҳамкорликда мувофиқлаштириб бориш;

участка сайлов комиссиялари томонидан сайловчилар рўйхатига аниқлик киритиш ишларини мутасадди идоралар билан ҳамкорликда мувофиқлаштириб бориш;

участка сайлов комиссиялари томонидан сайловчиларни сайловчиларнинг рўйхати билан танишиш жойи ва вақти тўғрисида хабардор этиш ишларини ташкил қилиш;

округ ҳудуди бўйича имконияти чекланган, ногиронлиги бўлган сайловчилар, кексалар, беморлар ва овоз бериш биносига бора олмайдиган сайловчилар ҳақида маълумотларни аниқлаш;

кўзи ожиз ва заиф кўрувчи сайловчилар ҳақидаги маълумотларни аниқлаш ва сайлов бюллетенларини Брайль алифбоси асосида тўлдириш учун трафаретлар етказилиши зарур бўлган сайлов участкалари рўйхатини тузиш;

Марказий сайлов комиссияси томонидан етказиб берилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига оид қонунчилик ҳужжатлари тўплами, сайлов бюллетенлари, сайловга оид инфографик ва бошқа плакатлар, таклифномалар участка сайлов комиссияларига ўз вақтида етказиб берилиши ҳамда уларга ташкилий-услубий ёрдам кўрсатилишини;

сайловчилар, кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакилларига муддатидан олдин овоз бериш ўтказиладиган вақт ва жой ҳақидаги маълумотлар етказилишини;

сайловчилар ва сайлов жараёни бошқа иштирокчиларининг мурожаатларини Сайлов кодекси ҳамда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунда белгиланган муддатларда кўриб чиқиб, асослантирилган жавоб берилишини;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва сиёсий партиялар кузатувчиларига ҳамда сиёсий партиялар ваколатли вакилларига белгиланган намунадаги мандатларни сўровлар келиб тушишига қараб беш кунлик муддатдан кечиктирмай топширилишини таъминлаш юклансин.

3. Мазкур қарор Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.

4. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Марказий сайлов комиссияси Раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.

 

 

Раис                                                                               З. Низамходжаев