• eye Махсус имкониятлар
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш ҳақидаги қарори
17.07.2021
3150

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясининг қарори

 

№1261                                                    2023 йил  19 май

 

Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш тўғрисида

 

Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш ҳамда сайлов жараёнлари иштирокчиларининг ҳуқуқий саводхонлигини ва сайлов комиссиялари фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида Сайлов кодексининг 14 ва 16-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:

1. Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш концепцияси (кейинги ўринларда – Концепция) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси (кейинги ўринларда – Марказий сайлов комиссияси) томонидан мутасадди вазирлик ва идоралар, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишилган ҳолда сайлов комиссиялари аъзоларининг сайлов қонунчилиги ва овоз беришда замонавий ахборот технологияларини қўллаш бўйича назарий билимлари ва амалий кўникмаларини юксалтиришга қаратилган ўқув-амалиёт машғулотларини ташкил этиш ва ўтказилишини мувофиқлаштириш бўйича республика ишчи гуруҳи (кейинги ўринларда – республика ишчи гуруҳи) 2-иловага мувофиқ тузилганлиги;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Жамоат хавфсизлиги университети, Тошкент давлат юридик университетининг профессор-ўқитувчилари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги мутахассисларидан иборат юқори малакали экспертлар (кейинги ўринларда – юқори малакали экспертлар) таркиби шакллантирилганлиги қайд этиб ўтилсин.

3. Марказий сайлов комиссиясининг Сайлов қонунчилиги ва замонавий технологиялар бўйича ўқув маркази (Х. Палуаниязов) юқори малакали экспертлар билан биргаликда:

сайлов комиссиялари аъзоларининг сайлов қонунчилиги ва овоз беришда замонавий ахборот технологияларини қўллаш бўйича назарий билимлари ҳамда амалий кўникмаларини оширишга қаратилган семинар-тренингларнинг ўқув дастурлари ва ўқув-услубий материалларини (маъруза матни, топшириқ саволлари, тест, тақдимот, инфографика, видео-дарс ва бошқалар) ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида ишлаб чиқсин ҳамда нашр этишга тайёрласин;

Концепциянинг амалга оширилиши юзасидан, шу жумладан республика ва ҳудудларда ўқув-амалиёт машғулотларнинг тасдиқланган дастур ҳамда режа-жадваллар асосида, юқори савияда ташкил этилиши ва ўтказилиши устидан тизимли мониторинг ўрнатсин.

4. Марказий сайлов комиссияси доимий асосда ишловчи аъзоси А. Ибодуллаев Марказий сайлов комиссияси Котибиятининг бош бухгалтери Ш. Умаров ҳамда Сайлов қонунчилиги ва замонавий технологиялар бўйича ўқув маркази директори Х. Палуаниязовлар билан биргаликда:

Марказий сайлов комиссиясининг фаолиятига кўмаклашиш учун жалб қилинган юқори малакали экспертлар, республика ишчи гуруҳи аъзолари, шунингдек ҳудудий тренерлар учун ўқув-амалиёт машғулотларини ўтказиш, уларга услубий ва амалий кўмак бериш ҳамда таълим сифатини мониторинг қилишни ташкил этиш мақсадида етакчи олий таълим ташкилотларининг профессор-ўқитувчиларидан иборат таркибда шакллантирилган республика тренерлари (кейинги ўринларда – республика тренерлари) билан белгиланган тартибда фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар тузилишини;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида участка сайлов комиссиялари раиси, раис ўринбосари ва котибларини ўқитиш учун олий таълим муассасалари ва бошқа ташкилотлардан шакллантириладиган ҳудудий тренерлар (кейинги ўринларда – ҳудудий тренерлар) билан округ сайлов комиссиялари ўртасида белгиланган тартибда фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар тузилишини;

юқори малакали экспертлар, республика ишчи гуруҳи аъзолари ва республика тренерларига фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномада белгиланган тўловлар, шу жумладан республика тренерларининг ҳудудларда ташкил этиладиган ўқув-амалиёт машғулотларида иштирокини таъминлаш учун хизмат сафари харажатлари Марказий сайлов комиссияси томонидан, ҳудудий тренерларга фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномада белгиланган тўловлар эса округ сайлов комиссиялари томонидан ўз вақтида тўланишини таъминласин.

5. Марказий сайлов комиссияси Котибияти Моддий-техника таъминоти бўлими (Ж. Фахрутдинов) Сайлов қонунчилиги ва замонавий технологиялар бўйича ўқув маркази (Х. Палуаниязов) буюртмасига асосан ўқув-амалиёт машғулотлари иштирокчилари учун тегишли тарқатма материалларни (ўқув-услубий қўлланма, видео-дарс ва бошқалар) белгиланган миқдорда чоп этилиши (тайёрланиши) ва ўрнатилган тартибда ҳудудларга етказиб берилишини таъминласин.

6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари республика ишчи гуруҳи билан келишилган ҳолда 2023 йил 22 майга қадар:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 3-иловага мувофиқ таркибда ўқув-амалиёт машғулотларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳлар (кейинги ўринларда – ҳудудий ишчи гуруҳлар) тузсин ҳамда уларнинг республика ишчи гуруҳи билан узвий ҳамкорлигини таъминласин;

ҳар бир туман ва шаҳарда 4-иловага мувофиқ таркибда ўқув-амалиёт машғулотларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича туман/шаҳар ишчи гуруҳларини тузсин ҳамда уларнинг ҳудудий ишчи гуруҳлари билан узвий ҳамкорлигини йўлга қўйсин;

Концепцияда белгиланган ўқув-амалиёт машғулотларини республика ва ҳудудий ишчи гуруҳлар томонидан тасдиқланган режа-жадвалларда белгиланган вақтда ва жойларда уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида уларни тегишли бинолар, хоналар, ўқув машғулотлари учун зарур жиҳозлар ҳамда транспорт воситалари билан таъминласин;

ўқув-амалиёт машғулотлари ўтказиладиган биноларда хавфсизликни таъминлаш чораларини кўрсин.

7. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Марказий сайлов комиссияси Матбуот хизмати (М. Алимбаев) билан ҳамкорликда муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссияси фаолиятига оид видеороликларни 2023 йил 27 майга қадар тайёрласин ва республика ишчи гуруҳига етказиб берсин.

8. Мазкур қарор Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин ва манфаатдор ташкилотлар эътиборига етказилиши таъминлансин.

9. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.

 

 

Раис                                                                              З. Низамходжаев

 

ҚАРОР 1-ИЛОВА

КОНЦЕПЦИЯ 1-ИЛОВА

КОНЦЕПЦИЯ 2-ИЛОВА

КОНЦЕПЦИЯ 3-ИЛОВА

КОНЦЕПЦИЯ 4-ИЛОВА

ҚАРОР 2-ИЛОВА

ҚАРОР 3-ИЛОВА

ҚАРОР 4-ИЛОВА