Жорий йилнинг 12 июлдан 8 августгача Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишни ташкил этиш Концепцияси асосида бўлиб ўтадиган семинар-тренингларнинг 2-босқичига старт берилди. Ушбу босқичдаги ўқувларга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида 5-6 июль кунлари ДБА ва ТДЮУ экспертлари томонидан кейслар асосида дарс машғулотларни ташкил этиш технологиялари бўйича семинар-тренинглар ўтказилмоқда.
Семинар-тренингнинг мақсади – сайлов жараёнининг асосий ташкилотчилари бўлган сайлов комиссиялари аъзолигига номзодларининг малакасини оширишга жалб этилган республика ва ҳудудий тренерлар, шунингдек уларга услубий кўмаклашиш ва ҳудудларда малака ошириш сифатини мониторинг қилиш бўйича шакллантирилган гуруҳларнинг сайлов қонунчилиги ва жараёни бўйича билим ҳамда кўникмаларини оширишдан иборат.
Семинар-тренинг Давлат бошқаруви академияси ва Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчиларидан иборат экспертлар гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган ўқув дастури ва у асосида тайёрланган ўқув-методик материаллар асосида айнан шу экспертлар томонидан олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 7-23 июнь кунлари республиканинг барча ҳудудларида сайлов жараёни иштирокчиларини ўқитиш бўйича туман (шаҳар)лар даражасида бўлиб ўтган 1-босқич семинар-тренингларда жами 32 715 нафар УСК раиси, раис ўринбосари ва комиссия котиблари лавозимларига номзодлар малака оширган эди.
Бугун ўз ишини бошлаган 2-босқичда 32 минг нафардан ортиқ участка сайлов комиссияси раиси, раис ўринбосари ва котиблигига номзодлар режа-график асосида билим ва кўникмаларини оширишлари режалаштирилган.
Бундан ташқари, республика ва ҳудудий тренерлар томонидан юқорида қайд этилган асосий контингентдан ташқари 9 минг нафардан ортиқ маҳалла фуқаролар йиғинлари раиси, 9 минг нафардан ортиқ профилактика инспектори, 54 минг нафардан зиёд сиёсий партиялар кузатувчилари учун ҳам турли шаклларда малака ошириш курсларини ташкил этиш режалаштирилган. Бунда ўқувларнинг умумий қамрови 240 минг нафардан ортиқ контингентни ташкил этиши кўзда тутилган.
Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати