• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Такрорий овоз бериш бошланди
04.01.2015
2428
Бугун соат 6:00 да Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутатлар сайловини ўтказувчи 22 та сайлов округида такрорий овоз бериш бошланди.

Маълумки, 2014 йилнинг 21 декабрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов бўлиб ўтди. Округ сайлов комиссияларининг тегишли сайлов округи бўйича сайлов натижалари тўғрисидаги баённомалари Марказий сайлов комиссияси томонидан кўриб чиқилди ва 135 та сайлов округидан 22 тасида депутатликка номзодларнинг бирортаси ҳам сайланиш учун зарур миқдорда овоз тўплай олмагани аниқланди.

"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 45-моддасига кўра, агар сайлов округи бўйича депутатликка икки нафардан ортиқ номзод қўйилган бўлса-ю, улардан бирортаси ҳам сайланмаса, округ сайлов комиссияси энг кўп овоз олган икки нафар номзод бўйича округда такрорий овоз беришни ўтказиш ҳақида қарор қабул қилади ва бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси ва округ ҳудудидаги сайловчиларни хабардор этади.

Ушбу қонун нормасига ва округ сайлов комиссияларининг қарорларига биноан Марказий сайлов комиссияси ўзининг 2014 йил 25 декабрда бўлиб ўтган мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутатлар сайлови бўйича айрим сайлов округларида такрорий овоз беришга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Мазкур қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутатлар сайловини ўтказувчи 22 та сайлов округида такрорий овоз бериш 2015 йил 4 январда ўтказилиши белгилаб қўйилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутатлар сайлови бўйича айрим сайлов округларида такрорий овоз беришга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар дастури изчиллик билан татбиқ этилди.

Такрорий овоз бериш ҳам асосий сайловда бўлгани каби очиқ ва ошкора тарзда, миллий сайлов қонунчилигининг барча меъёрларига риоя қилинган ҳолда ўтказилади. У асосий сайловни ўтказиш учун ташкил этилган сайлов участкаларида, аввалги сайловчилар рўйхати асосида ўтказилади.

Такрорий овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг овозини бошқа номзодга нисбатан кўпроқ олган депутатликка номзод сайланган, деб ҳисобланади.

Шунингдек, бугун маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига депутатлар сайловини ўтказувчи 480 та сайлов округида ҳам такрорий овоз бериш бошланди.

 

2014 йилги сайловларни ёритиш бўйича

Республика матбуот маркази