• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
ШҲТга аъзо мамлакатлар хотин-қизлари ўртасида ҳамкорлик ва тажриба алмашиш учун ноёб майдон
18.05.2019
3724
2019 йилнинг 15-16 май кунлари Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти мамлакатлари хотин-қизларининг Иккинчи форуми бўлиб ўтди.

2019 йилнинг 15-16 май кунлари Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти мамлакатлари хотин-қизларининг Иккинчи форуми бўлиб ўтди.

Тадбирда ШҲТ Бош котибининг ўринбосари А. Субакожоева, ШҲТга аъзо саккиз мамлакатлар бош вазирларининг ўринбосарлари, шунингдек жамоат ва давлат арбоблари, кузатувчи мамлакатлар (Авғонистон, Беларусь, Эрон) ва мулоқот бўйича ҳамкор (Озарбайжон) давлатлар ҳамда дипломатик корпус вакиллари иштрок этди.

ШҲТ Бош котиби В.Норовнинг хотин-қизлар форумига йўллаган қутлов мактубида ШҲТ маконида келажакни биргаликда шакллантириш жараёнида аёлларга алоҳида ўрин ажратилгани, ШҲТ мамлакатлари аҳолисининг ярмидан кўпини аёллар ташкил этгани сабабли минтақа мамлакатлари ҳаётининг барча жабҳаларида аёллар муҳим ўрин эгаллагани таъкидланди.

Хотин-қизларнинг сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этишдаги тенглиги ва тўлақонли иштироки жамиятнинг иқтисодий ривожланиши, демократлиги ва барқарорлиги учун зарур шарт саналади. Ташкилотга аъзо давлатларнинг ҳукуматлари ташаббуслари ва хотин-қизлар ҳаракатлари ва ташкилотларнинг фаоллиги туфайли кейинги йилларда ШҲТ доирасида аёллар йўналишидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётгани қувонарлидир.

Форумнинг тантанали очилиш маросими Қирғизистон Республикаси Бош вазири М.Абылгазиев иштирокида ўтказилди. Тадбир иштирокчиларини Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Г.Абдыкаликова, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Т.Нарбаева, Бутунхитой аёллар Федерацияси раиси ўринбосари Ся Цзе ва Россия аёллар Иттифоқи раиси ўринбосари Н.Рамневалар қутладилар.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Т.Нарбоева форум иштирокчиларини қутлар экан ўз сўзида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан бир қаторда, хотин-қизларнинг жамият ҳаётининг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий соҳаларидаги мавқеини янада яхшилашга қаратилган туб ўзгаришларга тўхталиб ўтди. У ўз нутқида ШҲТ доирасида амалга оширилаётган ишлар ўз мамлакатлари ривожланишида етакчи роль ўйнайдиган хотин-қизлар ташкилотларининг иштирокисиз амалга оширилиши мумкин эмас, дея таъкидлади.

Форум доирасида “ШҲТга аъзо давлатлар минтақавий ҳамкорлигининг гендер жиҳатлари”, “Минтақанинг барқарор ва инклюзив иқтисодий ривожланишида аёлларнинг иштироки”, “Соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига инвестициялар: минтақавий ҳамкорлик учун имкониятлар”, “Имкониятларнинг тенглиги учун инновациялар ва рақамлаштириш даври”, “Аёллар ва қизларнинг аҳволини яхшилаш учун минтақавий чақириқлар ва имкониятлар” каби бешта сессия бўлиб ўтди.

Тадбир давомида Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Г. Раҳимова “Хотин-қизларнинг мамлакат сиёсий ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш” мавзусида маъруза қилди.

photo5404455252792552418.jpg

У декабрь ойида мамлакат парламенти ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш масалаларига тўхталар экан, бугунги кунда аёллар сайлаш ва сайланиш орқали мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим ўрин тутадиган қарорларнинг қабул қилишига чинакам таъсир кўрсатиши мумкинлигини алоҳида таъкидлади.

photo5404455252792552416.jpg

Хотин-қизларнинг сайлов жараёнидаги ҳам маҳаллий даражадаги ва парламентга сайловларда иштирокини фаоллаштириш мақсадида Ўзбекистон қонун ҳужжатларида хотин-қизлар учун 30 фоизлик гендер квотаси белгиланган.

photo5404857051278060016.jpg

Шу билан бирга, жорий йилининг 7 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимда сўнги икки йилда тўпланган тажрибани, хотин-қизларнинг сиёсий онги тобора ўсиб бораётганини инобатга олиб, хотин-қизларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида иштирок этиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида депутатликка номзод аёллар вакиллигини 50 фоизгача ошириш ташаббусини илгари сурди.

Такидланганидек, хотин-қизларнинг сайлов жараёнида кенг иштирокини таъминлаш, шу жумладан, уларнинг электорал фаоллиги ва депутатлик корпусидаги вакиллигини ошириш, аёлларнинг мамлакат сиёсий ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш борасида амалга оширилган саъй-ҳаракатларнинг самараси сифатида баҳоланади.

Иштрокчиларнинг эътироф этишича, ШҲТга аъзо мамлакатлар хотин-қизларининг Иккинчи форуми ташкилотнинг аъзо мамлакатлари аёллари ўртасида ҳамкорлик ва тажриба алмашиш учун ноёб майдон бўлиб, мазкур ташкилот давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик учун рағбатлантирувчи кучга айланди.

Форум якунлари бўйича қўшма қарор қабул қилинди.

_DHAtsriYlrSuIkjiT36TIv4YeJyLOed.jpg

 

Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати