• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси ҳақида
28.05.2019
2143
2019 йилнинг 27 май куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни комиссия раиси М.Абдусаломов олиб борди.

Йиғилишда таъкидланганидек, Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга қилган биринчи Мурожаатномасида ҳокимиятнинг вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш бўйича тадбирлар дастурини ишлаб чиқишга пухта тайёргарлик кўриш, Дастурда мазкур сиёсий жараённи янада ошкоралик руҳида ўтишини таъминлайдиган янги, илғор амалиётни жорий этишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланган эди.

Шундан келиб чиқиб, сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиб, кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада сайлов жараёнларига ахборот коммуникация технологияларини жорий қилиш бўйича хорижий тажриба батафсил ўрганилиб, ривожланган демократик давлатларнинг сайлов қонунчилиги ва амалиёти нафақат Ғарбий Европа, балки Шарқий Осиё ва МДҲ мамлакатларининг 20 дан зиёд давлатлари тажрибаси ҳам таҳлил қилинди. ЕХҲТ, ШҲТ, МДҲ, Бутунжахон Сайлов Органлари Ассоциацияси ва бошқа халқаро ташкилотларнинг тавсиялари эътиборга олинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 октябрдаги “Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилиниши эса мазкур вазифаларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этди.

Ушбу қарор билан сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини жорий этишга қаратилган сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимини яратиш ҳамда уни шакллантириш ва ундан фойдаланишда идоралараро ҳамкорлик тартибини регламентлашга доир чора-тадбирлар амалга оширилди. Бугунги кунда сайловчилар ягона электрон рўйхатининг дастлабки версияси шакллантирилди ҳамда СЯЭР тузиш, аниқлаштириш ва сайловларда ундан фойдаланиш тартиби белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг фаолиятини такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори билан эса Марказий сайлов комиссияси таркибида сайлов қонунчилиги ва замонавий ахборот технологиялари бўйича Ўқув маркази ҳамда Ахборот технологиялари билан ишлаш бўлими ташкил этилди. Шунингдек, янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Котибияти низоми” қабул қилинди. МСК Регламентига ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Сайлов жараёнини бошқариш бўйича Ахборот тизими асосида жойларда тузилиши белгиланган 150 та сайлов округлари ва 9500 га яқин сайлов участкаларининг жойлашган манзиллари ва уларнинг аъзолари ҳақидаги маълумотлар базасига мувофиқ 160 мингдан ортиқ комиссия аъзоларининг фаолият юритиши кўзда тутилган.

Мажлис кун тартибидан ўрин олган асосий масала – 2019 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар Дастури тасдиқланди.

Мажлисда кун тартибига қўйилган яна бир муҳим масала – “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни молиялаштириш ҳамда маблағлардан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқнома кўриб чиқилиб, тасдиқланди.

Бундан ташқари, МСКнинг аъзоси Олимжон Тоштемирович Абдуназаровнинг бевақт вафот этганлиги сабабли унинг ваколатини тўхтатилиши масаласини кўриб чиқиш учун ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатига киритилди.

Мажлисда Марказий сайлов комиссияси ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати