• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
БМТ Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси Ўзбекистондаги сайловларни ўтказишда ёрдам беришни тавсия этди
04.09.2019
2844
Жорий йилнинг 4-сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси (МСК) раиси М.Абдусаломов БМТТДнинг Брюссель шаҳридаги (Бельгия) идораси сайловларни ўтказишда кўмаклашиш бўйича мутахассиси Дан Малинович билан учрашди.

Учрашувда сайловларни ўтказишда ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш, шу йилнинг 23-30-июль кунлари БМТ Эҳтиёжларни баҳолаш миссиясининг (ЭБМ) сайловларни ўтказиш билан боғлиқ ташрифи натижаларига кўра Ўзбекистон Республикасида сайлов жараёнини ўтказишга кўмаклашиш масалалари муҳокама этилди.

ЭБМга мамлакатдаги сайлов муҳитини, сайлов жараёнини мувофиқлаштирувчи ҳуқуқий ва институционал доираларни, шунингдек, сайловнинг турли иштирокчилари имкониятлари ва эҳтиёжларини баҳолаш вазифаси юклатилган эди.

ЭБМнинг ҳисоботида БМТнинг Ўзбекистонда сайловларни ўтказишда босқичма-босқич техник кўмак кўрсатиши мумкинлиги таъкидлаб ўтилган.

Учрашув чоғида бўлажак техник кўмакнинг босқичлари атрофлича муҳокама қилинди.

Хусусан, 2019-йилнинг декабрь ойига режалаштирилган сайловларни қамраб олувчи дастлабки босқичда МСКнинг сайлов комиссиялари ходимларини ўқитишга доир ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш, сайловчилар учун ўқув материалларини ишлаб чиқиш ҳамда жамоатчиликка кенг маълумот бериш ва ҳоказолар кўзда тутилган.

Иккинчи босқич 2021-йилнинг сўнггига қадар мўлжалланган бўлиб, МСКнинг институционал ва техник қудратини мустаҳкамлашга қаратилган.

Дан Малиновичнинг ташрифи доирасида Олий Мажлис палаталари, Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили идораси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Олий суд, Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ногиронлар ассоциациясида учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.

Учрашувлар давомида билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида МСК билан яқин ҳамкорликда кенг кўламли лойиҳа ишлаб чиқилади.


Марказий сайлов комиссияси 
Матбуот хизмати