Мажлис кун тартибидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайловларни ёритиш бўйича Халқаро матбуот марказининг фаолиятини ташкил этиш, МСКнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари тасдиқлаш каби масалалар ўрин олди.
Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорини қабул қилди.
Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайловларга тайёргарлик кўриш ҳамда уни очиқлик ва ошкоралик принципларига риоя қилган ҳолда уюшқоқлик билан ўтказиш, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларига сайловларга тайёргарликнинг бориши ва сайлов жараёнларини ёритиб боришлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ўз вақтида ахборот олиш ҳамда тарқатишни таъминлашга хизмат қилади. Матбуот маркази Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 16-уйда жойлашади.
Мажлисда округ ва участка сайлов комиссиялари таркибини шакллантириш бўйича йўриқнома, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси cайловида иштирок этиш учун сиёсий партиялар томонидан имзоларни тўплаш тартиби, сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари ҳамда номзодларнинг ишончли вакиллари тўғрисидаги низомлар тасдиқланди. Шунингдек, “Сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш тўғрисида” қарор ҳам қабул қилинди.
Мажлисда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ барча тадбирлар Марказий сайлов комиссияси, тузиладиган сайлов комиссиялари томонидан очиқ ва ошкора ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига тўлиқ мувофиқ ҳолда амалга оширилиши таъкидланди.
Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати