Самарқандда давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларда халқаро кузатувчилар ва хорижий оммавий ахборот воситалари билан ишларни мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи аъзолари учун семинар тренинг ўтказилди.
Тадбир Марказий сайлов комиссиясининг лойиҳавий фаолияти доирасида ЕХҲТ Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори офиси билан ҳамкорликда сайлов бўйича экспертлар иштирокида ташкил қилинди.
Марказий сайлов комиссияси вакили Фарҳод Насриддинов Ўзбекистон Республикаси сайлов кодексининг асосий тушунчалари, кузатувчиларни рўйхатга олиш тартиби, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, ҳудудий бошқарув органларининг сайловларни ташкил қилиш ва ўтказишдаги ўрни ҳақида маълумот берди.
– Парламент ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш ҳамда ўтказиш билан боғлиқ ишларни, овоз бериш жараёнини юртимизда фаолият юритаётган сиёсий партияларнинг, ўзини ўзи бошқариш органларининг, кўплаб халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари бевосита кузатиб боради, – дейди Ф.Насриддинов. – Биргина ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг уч юзга яқин вакили кузатиб бориши кутилмоқда. Бундан ташқари, бошқа халқаро ташкилотлар, хорижий давлатлардан ҳам кузатувчилари иштирок этади. Албатта, кузатувчилар ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини яхши билади. Шу билан бирга сайлов комиссиялари аъзолари ҳам бу борада зарур билим ва тушунчага эга бўлиши лозим.
Семинар давомида ЕХҲТ экспертлари сайловларни ташкил қилиш ва ўтказишнинг халқаро стандартлари, бу борадаги норматив ҳуқуқий база хусусида сўз юритди. Сайловда халқаро кузатувчилар иштирок этишининг аҳамияти, сайловларни баҳолаш мезонлари ҳақида маърузалар тингланди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА