• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Жанубий Корея, Италия ва Абхазияда сайловолди кампанияси қандай ўтади
29.10.2019
2468
2019 йил 22 декабрь – мамлакатимиз ҳаётидаги беш йилликнинг муҳим саналаридан бири. Шу куни республикамиз парламентига сайловлар бўлиб ўтади. Кураш майдонига кирган беш партия жадал ҳаракатни аллақачон бошлаб юборган. Партияларнинг сайловолди кампанияси чинакам “жанг”га айланяптими? Шундан келиб чиқиб, бўлажак сайловга дастлабки баҳони бериш мумкин.

2019 йил 22 декабрь – мамлакатимиз ҳаётидаги беш йилликнинг муҳим саналаридан бири. Шу куни республикамиз парламентига сайловлар бўлиб ўтади. Кураш майдонига кирган беш партия жадал ҳаракатни аллақачон бошлаб юборган. Партияларнинг сайловолди кампанияси чинакам “жанг”га айланяптими? Шундан келиб чиқиб, бўлажак сайловга дастлабки баҳони бериш мумкин.

Кишида жаҳон мамлакатларида парламент сайловлари қандай ўтиши ҳақидаги қизиқиш уйғониши табиий. Чунки, мамлакатлар сингари дунёда сайловларнинг турлари ҳам турфа. Улар бир-биридан бир қанча жиҳатлари билан фарқланади. Ҳатто сайлов ўтказиш тартибларини белгилаб берувчи сайлов тизимининг ҳам мамлакатлар ўзига мосини танлаб оладиган уч тури бор. Даставвал, шу ҳақда.

Мажоритар сайлов тизимида кўп овоз олган номзод муайян округ бўйича сайланган ҳисобланади. Ўзбекистонда ҳам ушбу сайлов тизимидан фойдаланилади. Мутлақ кўпчилик овозига асосланган мажоритар тизимда берилган овозларнинг умумий сонидан мутлақ кўп овоз, яъни 50%+1 та овоз олган номзод сайланади. Нисбатан кўпчилик овозига асосланганида эса номзодлар орасидан ўз рақибларининг ҳар бирига нисбатан кўп овоз олгани ғолиб ҳисобланади.

Пропорционал сайлов тизимида катта-катта сайлов округлари тузилиб, уларда ҳар бир партия ўз вакилларининг рўйхатини илгари суради, сайловчилар эса тегишли партиялар ёки оммавий ҳаракатлар томонидан кўрсатилган вакилларнинг рўйхати учун овоз беради. Бундай тизимда сайловчи амалда номзод учун эмас, балки сиёсий партия учун овоз беради. Аралаш сайлов тизими ўзида ҳам мажоритар, ҳам пропорционал сайлов тизимларини мужассам этади.

Қуйида эътиборингизга Жанубий Корея, Италия ва Абхазия Республикаларидаги парламент сайловлари ҳақида маълумотлар берилмоқда. Уларни ўрганиш мазкур мамлакатлар олий қонун чиқарувчи органлари фаолиятини яқиндан билишга ёрдам беради. Ушбу мақолани тайёрлашда интернет манбаларидан кенг фойдаланилди.

14 КУНЛИК САЙЛОВОЛДИ КАМПАНИЯСИ

Жанубий Кореянинг қонун чиқарувчи ҳокимияти Миллат мажлиси деб аталади. У бир палатали парламент ҳисобланади. Мазкур олий орган 300 нафар депутатдан иборат. Миллат мажлисига Раис бошчилик қилади. Мамлакатдаги парламент сайловларида республика қонун чиқарувчи ҳокимиятининг келаси тўрт йилликдаги таркиби аниқланади. Сайловлар умумий, тенг, тўғридан-тўғри ва яширин овоз бериш йўли билан амалга оширилади. Миллат мажлисига сайланиш ҳуқуқига 25 ёшга тўлган Корея Республикаси фуқаролари эга. Мамлакатнинг сайлов қонунчилигига кўра, 19 ёшга тўлган фуқароларга сайлаш ҳуқуқи берилади.

Корея Республикасида расмий сайловолди кампаниясининг давомийлиги 14 кун (президент сайловларида бу жараён учун 23 кун вақт берилади). Бундан – узоқ муддат давом этадиган сайлов кампанияларига кетадиган харажатларнинг олдини олиш ва ҳаддан ташқари “оташин” сайловларнинг ёмон оқибатлари юзага келмаслигини таъминлаш кўзланган. Бироқ бу қарор ҳали ёш, унчалик таниқли бўлмаган номзодларнинг зарарига ишлайди.

Миллат мажлисига сўнгги сайлов 2016 йилнинг 13 апрелида бўлиб ўтди. У аралаш сайлов тизими асосида ўтказилди. 300 депутатдан 47 нафари ягона миллий округда сайловчиларнинг партиялар томонидан кўрсатилган вакиллар рўйхатига овоз бериши орқали (пропорционал тизим), 253 нафари эса бир мандатли округлар (мажоритар тизим) асосида сайланди.

Корея Марказий сайлов комиссияси берган ахборотга кўра, 253 бир мандатли округлардаги депутатлик ўрнини эгаллаш учун 944 нафар киши номзод сифатида рўйхатга олинди. Натижада мажоритар округларда рақобат 1 ўрин учун 3,73 номзодни ташкил этди. Пропорционал тизимдаги рақобатда 1 ўрин учун 3,36 киши, ёки 47 депутатлик ўрни учун 158 номзод курашди. Бу жараёнда 25 та сиёсий партия иштирок этди. Энг ёш номзод – 25 ёшни, энг ёши каттаси эса 73 ёшни қаршилаган эди. Рўйхатга олинган 944 нафар номзоднинг роппа-роса 100 нафарини аёллар ташкил этди.

Сайлов 13 апрель куни 13 минг сайлов участкасида ташкил этилди. Якунларга кўра ҳукмрон “Сенури” партияси кўпчилик овозини тўплай олмагани учун мағлубиятга учради. Йирик мухолифат партияси – Бирлашган демократик партия эса ғалаба қозонди. Миллий мажлисдаги 300 нафар депутатлик ўрнидан, 2016 йилги сайлов якунига кўра, Бирлашган демократик партия – 121, “Сенури” – 95, Халқ партияси эса 38 депутатлик ўринларини эгаллаб, етакчилик қилди. Мамлакатдаги кейинги парламент сайлови 2020 йилда ўтказилади.

САЙЛОВ ЁШИ ПАЛАТАГА ҚАРАБ ФАРҚЛАНАДИ

Италиянинг қонун чиқарувчи органи – икки палатали Парламент ҳисобланади. Унга 945 нафар парламентарийлар сайланади. Италия Депутатлар палатаси 630 нафар депутатлардан, Италия Сенати эса 315 нафар сенаторлардан иборат. Расмий жиҳатдан мазкур икки палата ўз мақоми бўйича тенг. Парламент беш йил муддатга сайланади.

Ҳозирги вақтда иккала палата – Депутатлар палатаси ва Сенат умумий ва тўғридан-тўғри овоз бериш йўли билан айни бир вақтда сайланади. 1993 йилда итальян сайлов қонунчилигида ислоҳотлар ўтказилганидан буён мазкур сайловлар аралаш тизим асосида ўтказилмоқда: бунда дастлаб 375 нафар депутатлар ва 109 нафар сенаторлар бир мандатли округларда (мажоритар тизим), қолганлари эса партия рўйхатлари (пропорционал тизим) асосида сайланади.

Бундан ташқари Сенатда бир қанча умрбод сенаторлик мақомига эга бўлганлар ҳам бор. Биринчидан, мамлакатнинг собиқ президентлари тўғридан-тўғри умрбод сенаторга айланишади. Иккинчидан, Италия президенти Ватан олдидаги улкан хизматлари учун фуқароларни ушбу шарафга мушарраф этади. Сайлов кунида 18 ёшга тўлган Италия фуқаролари депутатларни, 25 ёшга тўлган фуқаролар эса сенаторларни сайлаши мумкин.

Мамлакатдаги сўнгги парламент сайлови 2018 йил 4 мартда бўлиб ўтди. Сайловда коалициялар ҳам, партиялар ҳам иштирок этди. У 2017 йилнинг 12 ноябридан кучга кирган янги сайлов қонунчилиги асосида амалга оширилди. Унда Депутлар палатасининг 630 нафар депутати ва 315 нафар сенатори сайланди.

Сайловда 40% овозни қўлга киритган партия ёки блок палатада мутлақ кўпчиликни таъминлаш учун қўшимча ўринларга эгалик қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Якунларга кўра, 5 партияни бирлаштирган "Ўнгмарказчилар" коалицияси, “Беш юлдуз ҳаракати” партияси, шунингдек, 5 партиядан иборат "Чапмарказчилар" коалицияси сайловда етакчилик қилди.

2019 йилда Италия парламенти ўз депутатлари сонини анчага қисқартирди. Кейинги сайловлардан сўнг уларнинг сони ҳозиргидек 630 нафар депутат ва 315 нафар сенатордан эмас, балки 400 депутат ва 200 сенатордан иборат бўлади. Шундай қилиб, 915 ўринлик таркиб 600 нафарликка айланди. Навбатдаги парламент сайлови 2023 йилда ўтказилади.

35 ДEПУТАТДАН ИБОРАТ ПАРЛАМEНТГА САЙЛОВ

Абхазия Республикасининг олий қонунчилик органи – Халқ мажлиси бир палатали парламент ҳисобланади. У умумий, тенг ва тўғридан-тўғри, яширин овоз бериш йўли билан беш йил муддатга сайланадиган 35 депутатдан иборат. Абхазиянинг 25 ёшга тўлган ва сайлов ҳуқуқига эга бўлган ҳар қайси фуқароси депутат бўлиши мумкин. Халқ мажлисига сўнгги сайлов 2017 йилда можаритар тизим асосида икки турда бўлиб ўтди.

Сайловларнинг биринчи тури 12 мартда ўтказилган бўлса, иккинчи тур 26 мартда ташкил этилди. Унда 35 депутатлик ўрни учун 137 нафар номзод курашди. Амалдаги 33 депутатдан 27 нафари қайта сайланиш учун ўз номзодларини илгари сурди. Бундан ташқари, 137 номзоднинг 24 нафари – тўртта сиёсий партиядан, қолган 113 нафари эса ташаббускор гуруҳлардан кўрсатилди. Дастлабки турда 12 депутат сайланди, кейинги турга 22 нафар депутат ўтди.

Сайлов якунлари бўйича мамлакатнинг Марказий сайлов комиссияси 27 март куни тасдиқланган 2-тур натижаларини эълон қилди. Унга кўра ташкил этилган 22 сайлов округидан 21 тасида депутат сайланган деб ҳисобланди. Кейинроқ 34-сайлов округ комиссиясидан келиб тушган қўшимча ҳужжатлар асосида Абхазия Марказий сайлов комиссияси яна бир округда депутат сайланганини эълон қилди.

Биринчи тур якунидаёқ Абхазиядаги 17-округда сайлов амалга оширилмаган деб топилди. Чунки депутатликка номзод сифатида кўрсатилган икки номзоднинг бирортаси ҳам 50%+1 та овозни қўлга кирита олмади. Бу округда орадан икки ой ўтиб, 14 май куни қайта сайлов бўлди. Мамлакатдаги кейинги сайловлар 2022 йилда ўтказилади.

 

Алишер ЭГАМБEРДИЕВ,
Ўзбекистон Миллий университети Тарих факультети талабаси
(ЎзА)