Жорий йилнинг 6 ноябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот марказида округ сайлов комиссияси аъзолари иштирокида кузатувчиларнинг сайлов жараёнида тутган ўрни юзасидан семинар-тренинг ташкил этилди.
Видеоконферецалоқа шаклида бўлиб ўтган машғулот Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури вакили халқаро эксперт Георгий Бараташвили иштирокида олиб борилди. Унда Марказий сайлов комиссияси аъзоси Гулноза Рахимова, МСК ходимлари ҳамда вилоят студияларида халқаро кузатувчилар билан ҳамкорлик қилишга масъул бўлган 300 дан ортиқ округ сайлов комиссияси аъзолари иштирок этишди.
Ўқув машғулоти интерактив усулда ўтказилиб, сайловларда халқаро кузатув институти ва стандартларнинг аҳамияти, халқаро кузатувчиларнинг мақоми ва ваколатлари, одоб-аҳлоқ қоидалари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида батафсил маълумот бериб ўтилди.
Тадбирда таъкидланишича, Марказий сайлов комиссияси шу йилнинг 20 сентябрь куни сайлов кампаниясини эълон қилгач, халқаро ташкилотларга, бир қатор хорижий мамлакатларга сайловни кузатишда иштирок этиш учун Ташқи ишлар вазирлиги орқали таклифнома юборди. Булар, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, ЕХҲТ парламент Ассамблеяси, Мустаққил давлатлар ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси ва Парламентлараро ассамблеяси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси, шунингдек 26 та хорижий мамлакатлар сайлов органлари, чет давлатлар парламенти аъзолари, илмий тадқиқиқот институтлари вакиллари ва бошқалардан иборат.
Бу билан юртимизда сайлов жараёнининг очиқ ва ошкоралигини, Ўзбекистоннинг халқаро ҳужжатлар доирасида олган мажбуриятларига масъуллигини ҳамда умумэътироф этилган демократик тамойилларга содиқлигини намойиш қилди.
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 33-моддасига мувофиқ сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда хорижий (халқаро) кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эга.
Шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг 19 сентябрдаги 938-сон қарори билан “Ўзбекистон Республикаси сайловларида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар тўғрисида” Низом қабул қилиниб, мамлакатимиз сайловларида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар фаолияти тартибини белгилаб берди.
Хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар тегишли ҳужжатларни овоз бериш кунидан камида ўн беш кун олдин Ташқи ишлар вазирлигига тақдим этиши лозим, вазирлик эса кузатувчиларнинг ҳужжатларини илова қилган ҳолда МСКга тақдимнома киритади. МСК беш кунлик муддатда хорижий (халқаро) кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Видеоконферецалоқа шаклида бўлиб ўтган машғулот БМТ вакили ва бошқа мутасаддилар иштирокчиларга халқаро кузатувчилар билан ишлаш тартиб таомиллари ва Ўзбекистон сайлов қонунчилигидаги янгиликлар хусусида батафсил маълумот бердилар.
Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати