• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
CALL-CENTR: МУРОЖААТЛАР ЭЪТИБОРСИЗ ҚОЛМАЙДИ
16.11.2019
2695
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот марказида ташкил этилган “Call-centr”да иш қизғин.  1197 қисқа рақамли бепул телефон қўнғироқлари орқали мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан  тушаётган кўпдан-кўп мурожаатлар - шу йил 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Халқ депутатлари маҳаллик кенгашларга бўладиган сайловларга жамоатчиликнинг қизиқиш тобора ортиб бораётдан яна бир далолат.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот марказида ташкил этилган “Call-centr”да иш қизғин.  1197 қисқа рақамли бепул телефон қўнғироқлари орқали мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан  тушаётган кўпдан-кўп мурожаатлар - шу йил 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Халқ депутатлари маҳаллик кенгашларга бўладиган сайловларга жамоатчиликнинг қизиқиш тобора ортиб бораётдан яна бир далолат.

Сайловчилар, сайланувчилар, сайлов ташкилотчилари-ю журналистлардан тушаётган барча саволларга Марказий сайлов комиссиясининг малакали мутахассислари, сайлов қонунчилиги бўйича тажрибали экспертлар томонидан атрофлича жавоблар, тушунтиришлар берилиб, муаммоларни ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Телефон қулоқчинини тақиб, қалдирғочлардек тизилиб ўтирган йигит-қизларнинг қўли-қўлига тегмайди. Қўнғироқларга ҳушмуомала жавоб қайтариб, саволларга мулойимлик билан аниқлик киритади. Компьютерга ёзиб, жавоб таёрлаши учун экспертга узатади.  Мурожаат этувчиларнинг лаҳжаси эса ҳар хил – ўзбек, қорақалпоқ, рус, ҳатто инглиз тилларида. Тилмочга эҳтиёж йўқ.    

- Бу йигит-қизлар - кўнгилли ёшлар, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг юқори босқич талабалари,   – дейди Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Сайлов қонунчилиги ва замонавий технологиялар бўйича ўқув маркази директорининг ўринбосари, “Call-centr” фаолиятини мувофиқлаштирувчи Авазбек ҚОДИРОВ. – Улар уч-тўрттадан тилни, сайлов қонунчилигини пухта билади. Халқаро матбуот марказида ишонч телефони - “Call-centr” очилганини эшитиб, ёрдамга келишди. Фидойи ёшлар. Шунинг ўзи ҳам мамлакатимиз фуқароларининг, айниқса, ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий онги ва маданияти юксалиб бораётганидан далолатдир.

Суҳбатдошимиздан телефон орқали бўлаётган мурожаатларнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўрадик.

- Телефон орқали мурожаатларни қабул қила бошлаганимизга қарийб бир ой бўлди, - дейди А.Қодиров. – Ўтган вақт мобайнида тушган мурожаатларни таҳлил қилсангиз, уларнинг, ҳақиқатдан ҳам,  ғоят ранг-баранглигига гувоҳ бўласиз.  

Масалан, Хоразм вилоятининг Хонқа туманида яшовчи Ҳуршид Йўлдошев бу йилги сайловлар қайси қонун ҳужжатлари асосида ўтказилаётгани,  22 декабрь куни бўлажак мазкур сиёсий тадбирнинг илгаргиларидан фарқли жиҳатлари билан қизиқди.

Жавобан айтилдики, давлатимиз раҳбари томонидан 2019 йилнинг 25 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексини амалиётга жорий этишга оид қонуннинг имзоланиши  мамлакатимиз миллий сайлов тизимидаги янги даврни бошлаб берди. Жорий сиёсий тадбирнинг аввалгилардан энг муҳим фарқли жиҳатларидан бири ҳам шунда – сайловларнинг илк бор янги Сайлов кодекси асосида ўтказилаётганида. Кодексдан сайловларни умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва принциплар асосида демократик, очиқ-ошкора ва шаффоф ўтказишга хизмат қиладиган ўттиздан ортиқ янги нормалар ва қоидалар жой олган. Амалдаги кўплаб чекловлар бекор қилинган.

Яна бир муҳим янгилик - мамлакатимизнинг миллий сайлов тизимига илк бор Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими (СЖБАТ) ва Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати (СЯЭР) жорий этилмоқда. Бундан мақсад «бир сайловчи – бир овоз” тамойилини тўлиқ ва бехато амалга оширишдан иборат.

Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида яшовчи Саркорбек Назаров: “Депутатликка номзод  кўрсатиш қандай амалга оширилади? Фуқаро сифатида кимлар сайлов жараёнини бевосита кузата олади?” деб сўради.

Ушбу саволга МСК эксперти Баҳром Умаров томонидан қуйидагича жавоб берилди: “Cайлов кодексининг  37-моддасига кўра, номзод кўрсатиш ҳуқуқига фақат сиёсий партиялар эга. Бу йилги сайловларда Марказий сайлов комиссияси томонидан бешта сиёсий партияга Қонунчилик палатаси депутатлари сайловида иштирок этишга ижозат берилди. Булар - Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси.

 Миллий сайлов қонунчилигимизга биноан, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эга. Кузатувдан мақсад - сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шу жумладан сайлов куни овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларида сайлов қонунчилигига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдан иборат.

Бундай кузатувни  Қонунчилик палатаси депутатлигига, маҳаллий кенгашлар депутатлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан кузатувчилар ҳам амалга оширишлари мумкин.

Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидан Йўлдош Бекназаров: “Маҳаллий кенгашлар депутатлигига неча мартагача кетма-кет сайланиш мумкин?”

Эксперт жавоби: Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 90-моддасига кўра, сайлов куни 21 ёшга тўлган ҳамда камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган фуқаролар маҳаллий кенгашлар депутатлигига сайланиш ҳуқуқига эга. Қонунчиликда депутатликка неча марта сайланишни  чеклашга оид қоидалар мавжуд эмас.

Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек туманида яшовчи Саидмурод Йўлдошев: “Кўзи ожиз сайловчилар учун алоҳида сайлов бюллетенлари жорий этиладими?”

Эксперт жавоби: Ўзбекистон  Марказий сайлов комиссияси билан Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти ўртасида шу йилнинг 27 сентябрь куни имзоланган ўзаро ҳамкорлик келишувига мувофиқ тузилган ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилаётган тадбирлар доирасида кўзи ожиз сайловчилар рўйхатдан ўтган округ ва участка сайлов комиссиялари жойлашган ҳудудлар аниқланиб, уларни Брайль алифбосида тайёрланган қолиплар билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳридан Давлатмурод Тожимуродов: “Мамлакатимизнинг хорижий  давлатларда яшаётган фуқароларининг сайловларда  овоз бериш тартиби қандай?”

МСК эксперти Баҳром Умаровнинг жавоби: Сайлов кодексининг 10-моддасида Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкалари тузилиши, уларни муайян округга бириктириш тўғрисидаги масала Марказий сайлов комиссияси томонидан ҳал этилиши белгиланган. Хорижий давлатлардаги сайлов участкалари Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан тузилади.

Жорий йилдаги сайловларнинг муҳим янгиликлардан бири -  хорижда истиқомат қилаётган барча ватандошларимиз овоз бериши учун имконият яратилади. Аввалари бундай сиёсий тадбирда  фақат консуллик ваколатхоналаридан расмий рўйхатдан ўтган ўзбекистонликлар ўзларнинг конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланар эди. Энди эса  чет элда вақтинча ёки доимий яшаётган Ўзбекистоннинг барча фуқаролари  хорижда ташкил этилган сайлов участкаларига мурожаат қилиши ёки Ташқи ишлар вазирлигининг расмий веб-саҳифасидан рўйхатдан ўтиб, сайловларда овоз бериши мумкин.

Мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ҳузурида Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи 53 та сайлов участкаси тузилди.

Хорижда яшаётган Ўзбекистон фуқаролари 2019 йил 22-декабрь куни бўлиб ўтадиган Олий мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловига оид саволларига Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида (www.elections.uz), Тошкент шаҳридаги +99855-502-44-44 рақамли ишонч телефони, шунингдек, “Saylov2019” мобил иловаси орқали зарур маълумотлар олишлари мумкин.

Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидан Манзура Каримова: “Депутат олий маълумотли бўлиши шартми?”- деб сўради.

Саволга А.Қодировнинг ўзи жавоб берди: Сайлов кодексига биноан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига сиёсий партиялар томонидан номзоди кўрсатиладиган фуқаролар албатта олий маълумотга эга бўлиши шартлиги белгиланмаган.

Аммо, депутат замонавий фикрлайдиган, билимли, фидойи, халқпарвар, ватанпарвар инсон бўлмоғи зарур. Шунда халқимиз ва Ватанимиз манфаатларига хизмат қиладиган адолатли қонунлар қабул қилинади. Шунда Ўзбекистонимизни дунёнинг энг илғор давлатлари сафига олиб чиқиш имкониятлари янада кенгаяди.

 

 Юсуф ЖЎРАЕВ,

“Hurriyat” мухбири.

(“Hurriyat” газетаси 2019 йил 13 ноябрь)