• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Ўзбекистонга ЕХҲТ ДИИҲБнинг сайлов жараёнларини кузатиш буйича тўлақонли миссияси ташриф буюрди
25.11.2019
5273
2019 йилнинг 23 ноябрь куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ДИИҲБ) сайлов жараёнларини кузатиш буйича тўлақонли миссияси жорий йил 22 декабрда мамлакатимизда бўлиб ўтадиган сайловларни кузатиш мақсадида юртимизга ташриф буюрди.

2019 йилнинг 23 ноябрь куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ДИИҲБ) сайлов жараёнларини кузатиш буйича тўлақонли миссияси жорий йил 22 декабрда мамлакатимизда бўлиб ўтадиган сайловларни кузатиш мақсадида юртимизга ташриф буюрди.

Миссияни италиялик Каэтана Де Зулуэта Оутрам бошқаради. Миссия таркибидан сиёсий, сайловлар, юридик ва ОАВ масалалари бўйича экспертлар ўрин олган.

Халқаро кузатувчилардан иборат делегация аъзолари Марказий сайлов комиссияси раҳбарияти билан учрашди.

Учрашув чоғида, мамлакатимизда сайлов қонунчилиги халқаро стандартлар ва ижобий хорижий амалиётга мувофиқ такомиллаштириб борилаётганлигига алоҳида урғу берилди. Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов бу борада сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, сайлов комиссиялари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича норматив ҳуқуқий ҳужжатлар муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Хусусан, республикада сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилди. СЯЭР асосида Сайлов жараёнини бошқариш бўйича ахборот тизими (СЖБАТ) жорий этилди. У ўз ичига бир қатор вазифаларни қамраб олган. Жумладан, бу тизим фуқароларни сайлов участка комиссияларига тақсимлаш, сайловчини ўзи яшаб турган жойга алоқадор участка ҳақида маълумот олиш ҳамда округ ва участка сайлов комиссиялари фаолиятини осонлаштириш имкониятини беради.

Жорий йилги сайловларда 20 млн 600 мингга яқин сайловчининг овоз бериши кутилмоқда. Уларнинг 2 млндан ортиғини биринчи марта сайловда қатнашадиган ёшлар ташкил этади.

Қолаверса, 2019 йил мамлакатимиз тарихида илк бор сайлов билан боғлиқ барча ҳуқуқий меъёрларни ўз ичига қамраб олган яхлит қонун ҳужжати – Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси қабул қилинди. Ушбу муҳим ҳужжатни ишлаб чиқиш жараёнида 50 дан ортиқ хорижий давлатнинг сайлов қонунчилиги таҳлил қилинди. Кенг жамоатчилик муҳокамаси ва халқаро ташкилотлар экспертизасидан ўтказилиб, ҳаётга татбиқ этилди. Мамлакат телерадиоканаллари ва босма ОАВларида 17 200га яқин кўрсатув, эшиттириш, мақола ва хабарлар эълон қилинди, дейилди мулоқот давомида.

Шу йилнинг июль ойида Марказий сайлов комиссияси томонидан юртимизда ўтказилажак муҳим сиёсий тадбирни очиқ ва ошкора, умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартларига мувофиқ равишда ўтказиш бўйича комплекс тайёргарлик кўрилди. Ушбулар инобатга олиниб, халқаро мажбуриятлардан келиб чиққан ҳолда сайлов жараёни ва бўлажак сайловларга ҳозирлик кўришни баҳолаш учун ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси вакиллари таклиф этилган эди.

Ўшанда республикамизда бўлган ЕХҲТ ДИИҲБнинг Эҳтиёжларни баҳолаш бўйича миссия (ЭБМ) мамлакатда эркин ва демократик сайловлар ўтказилишини таъминлаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирларни ижобий баҳолади.

Хусусан, ЕХҲТ ДИИҲБ ЭБМнинг ҳисоботида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида иқтисодиёт ва давлат бошқаруви соҳасида, шу жумладан валютани тартибга солишни либераллаштириш, виза режимини соддалаштириш ва қўшнилар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш, бир қанча сиёсий маҳбусларни озод этиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимидаги узоқни кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотларнинг янги босқичи кенг кўламли миссияни жўнатиш учун асос бўлиши таъкидланган эди.

Ҳисоботда сайловлар сайлов қонунчилиги сезиларли даражада янгиланган шароитда ўтиши алоҳида таъкидланган. Ўзбекистон томонидан жазони ўташ жойларида сақланаётган айрим тоифадаги шахсларнинг сайловларда иштироки борасидаги чекловларнинг олиб ташлангани; тўғридан-тўғри сайлов принципларига зид бўлган Қонунчилик палатасидаги ўринлар учун квоталар институтининг бекор қилингани ва ЕХҲТнинг яна бошқа бир қатор тавсиялари бажарилгани ижобий баҳоланган эди.

Айтиш ўринлики, мамлкатимизга ташриф буюрган сайловни кузатиш миссияси сайловни баҳолашда ЕХҲТ мажбуриятлари, демократик сайлов ўтказилишининг халқаро стандартлари ва талаблари ҳамда миллий қонунчиликка таянади. Кузатувчилар сайлов кампанияси тадбирларини, сайлов маъмурияти ва мутасадди ташкилотлар фаолиятини, қонунчиликка риоя қилиш жараёнларини кузатади. Экспертлар сайлов тадбирлари оммавий ахборот воситалари томонидан ёритилишини мониторинг қилиб боради.

ЕХҲТ ДИИҲБ Кузатувчилари чекланган миссиясининг ўттизга яқин кузатувчиси қатнашган аввалги парламент сайловларидан фарқли ўлароқ, бўлажак сайловларда уч юзга яқин вакил иштирок этиши кутилмоқда. Сайлов куни кузатувчилар сайлов участкаларининг очилиши, овоз бериш жараёни, овозларни санаш ва унинг натижаларини тақдим қилиш жараёнларини кузатади.


Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати