• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Кузатувчилар қандай ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга?
18.12.2019
3170
Келаётган якшанба, 22 декабрь куни мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайлов жараёнларининг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш ва сайлов қонунчилиги талабларига амал қилган ҳолда ўтказилишида кузатувчиларнинг ўрни катта.

Келаётган якшанба, 22 декабрь куни мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайлов жараёнларининг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш ва сайлов қонунчилиги талабларига амал қилган ҳолда ўтказилишида кузатувчиларнинг ўрни катта.

Бўлажак сайловларда маҳаллий ва хорижий кузатувчиларнинг иштироки билан боғлиқ масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ўқув маркази директори, юридик фанлари доктори, профессор Шуҳрат ФАЙЗИЕВ билан суҳбатлашдик.

– Сайлов жараёнларини кузатишнинг аҳамияти, мақсади ва вазифалари қандай?


– Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек ҳар бир сайлов участкасида сайлов куни овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларида кузатувчи қатнашиш ҳуқуқига эга.

Кузатувнинг мақсади - биринчидан, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шу жумладан сайлов куни овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларида сайлов қонунчилигига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, иккинчидан, сайлов жараёнларининг барча босқичларида очиқлик ва ошкораликни таъминлашдан иборат.

Сайлов комиссиялари кузатувчини мандати ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатига асосан рўйхатга олгандан кейин унга ўз ваколатларини тўлақонли ҳамда тўсқинликсиз амалга ошириши учун шароит яратиб беради. Кузатувчиларнинг сайлов жараёнининг барча босқичларида иштироки билан боғлиқ қоида-талаблар Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси ва Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари билан тасдиқланадиган низомларида белгиланган.

– Кимлар сайлов комиссиялари фаолиятини кузатиш ваколатига эга?

– Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 8-моддасига асосан сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси депутатлигига, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан кузатувчилар иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, шунингдек бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар ўз фаолиятини тегишли комиссиялар томонидан берилган мандатлар асосида амалга оширади.

Сиёсий партия аъзоси ёки тарафдори ёхуд сиёсий партияга хайрихоҳ ҳар қандай Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқароси сиёсий партиядан кузатувчи бўлиши мумкин.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли), унинг ўринбосари, маслаҳатчиси, шунингдек фуқаролар йиғини органларининг бошқа мансабдор шахслари кузатувчи бўлиши мумкин.

– Сайлов қонунчилигида маҳаллий ва хорижий (халқаро) кузатувчиларнинг ваколатлари ва фаолият кўрсатиш тартиби белгиланган. Улар сайлов жараёнларини кузатишда қандай ҳуқуқларга эга?

– Сайловга оид қонун ҳужжатларида сайлов жараёнларини кузатиш ҳуқуқига эга шахслар яъни, маҳаллий ва хорижий (халқаро) кузатувчилар ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

сайлов комиссияларининг мажлисларида ҳозир бўлиш; номзодлар кўрсатишга бағишланган йиғилишларда, номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларида иштирок этиш; сайлов участкасида ҳозир бўлиш, тайёргарлик ишларининг боришини, яширин овоз бериш кабиналарининг ёки хоналарининг жойлаштирилишини ва сайлов қутиларининг муҳрланишини, фуқароларнинг рўйхатга олинишини, сайлов бюллетенларининг уларга берилишини кузатиш; сайлов куни овоз бериш жараёнини кузатиш; муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти ва жойи ҳақида хабардор бўлиш ҳамда ушбу жараённи кузатиш; сайловчининг турган жойида унинг рухсати билан овоз бериши жараёнини кузатиш; овозлар санаб чиқилаётганда ва сайлов комиссиясининг баённомаси тузилаётганда ҳозир бўлиш; сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг тегишли сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган кўчирма нусхаларини сўраш ва олиш; кузатув олиб бориш давомида ўзи ёллаган таржимон ҳамроҳлигида бўлиш; сайлов жараёни ва овоз беришнинг яширинлигини бузмасдан фото, видео, аудио ёзувларни амалга ошириш (қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойлари, ҳарбий қисмлар, даволаш муассасалари бундан мустасно); кузатув натижалари бўйича оммавий ахборот воситалари вакилларига мурожаат қилиш; сайловолди ташвиқоти белгилари бўлмаган, фамилияси, исми ва отасининг исми, ўзи вакиллик қилаётган ташкилотнинг номи кўрсатилган кўкрак нишонлари тақиш; округ сайлов комиссияси томонидан участка сайлов комиссияларидан овозларни санаб чиқиш натижалари тўғрисидаги баённомаларни қабул қилиб олиш ҳамда округ бўйича сайлов натижаларини аниқлаш жараёнида ҳозир бўлиш; қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида, ҳарбий қисмларда тузилган сайлов участкаларидаги сайлов жараёнини кузатиш хоҳиши тўғрисида округ сайлов комиссиясига сайловга камида уч кун қолганда хабар бериш; агар сайлов участкасида сайловга оид қонунчилик ва халқаро нормалар талаблари бузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблаш учун асослар бўлса, ўз кузатувлари тўғрисида ушбу участка сайлов комиссияси аъзоларига уларнинг ишига аралашмаган ҳолда маълум қилиш, шунингдек юқори турувчи сайлов комиссияларига хабар бериш; сайлов тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ҳақида ҳамда сайловга тайёргарлик кўриш ва унинг ўтказилиши бўйича ўз фикрини баён қилиш.

– Кузатиш ҳуқуқига эга шахсларга қандай ҳаракатларни амалга ошириш ман этилган?

– Маҳаллий ва хорижий (халқаро) кузатувчиларга қуйидагилар тақиқланади:

сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида бўлиш; фуқароларга таъсир ўтказиш, бирон-бир ташвиқот материалини ёки адабиётини тарқатиш; сайловчилардан улар қандай овоз берганлигини суриштириш ёки сайловчиларга сайлов бюллетенига белги қўйишда бирон-бир тарзда ёрдам кўрсатиш; сайлов комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан сайлов қутиларини муҳрлашга, уларни очишга, овозларни санаб чиқишга аралашиш.

Шуни таъкидлаш лозимки, ушбу қоида-талабларнинг жорий этилиши сайлов жараёни иштирокчилари ҳисобланган сайловчилар, сайлов комиссиялари,сиёсий партиялар ва уларнинг номзодлари, оммавий ахборот воситалари томонидан сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни сайлов қонунчилиги талаблари асосида эркин, холис, мустақил ва ошкора ҳамда адолатли ўтишига хизмат қилади.

– Хорижий (халқаро) кузатувчиларни таклиф этиш ва уларни аккредитация қилиш тартибини изоҳлаб берсангиз?

– Хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчиларнинг фаолияти Сайлов кодекси, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси 2019 йил 19 сентябрдаги 938-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси сайловларида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар тўғрисидаги низом билан (Марказий сайлов комиссиясининг www.elecshion.uz сайтига, “Saylov2019” мобил иловасига қаранг), шунингдек умум эътироф этилган халқаро стандартлар ва халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикаси қўшилган ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Сайлов қонун ҳужжатларига асосан, мамлакатимизда сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинганидан сўнг Марказий сайлов комиссияси хорижий давлатлар сайлов органлари ва халқаро ташкилотларга Ташқи ишлар вазирлиги орқали таклифнома юборади. Ташқи ишлар вазирлиги ўз ташаббусига кўра ёки давлат ҳокимияти органлари, вазирликлар, идоралар, илмий-тадқиқот институтлари, бошқа ташкилот ва муассасалар таклифларига кўра сайловларга хорижий (халқаро) кузатувчиларни таклиф этади.

Хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар ҳам сайловларда хорижий (халқаро) кузатувчи сифатида иштирок этиш истагини изҳор этиб, Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат этиши мумкин. Сайловда хорижий (халқаро) кузатувчи сифатида иштирок этиш учун таклиф этилган, шунингдек бундай истакни изҳор этган хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ўз кузатувчиларининг рўйхати, шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари нусхалари, электрон фото суратлари ва анкеталарни Ташқи ишлар вазирлигига тақдим қилади.

Хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар тегишли ҳужжатларни овоз бериш кунидан камида ўн беш кун олдин тақдим этиши лозим бўлади.

Ташқи ишлар вазирлиги тегишли хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар кузатувчиларининг ҳужжатларини илова қилган ҳолда МСКга тақдимнома киритади. МСК беш кунлик муддатда хорижий (халқаро) кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисида қарор қабул қилади. Аккредитация қилинган хорижий (халқаро) кузатувчига тегишли мандат беради. Ушбу мандат хорижий (халқаро) кузатувчи сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ўз фаолиятини амалга ошириши учун асос ҳисобланади. Аккредитация қилинган хорижий (халқаро) кузатувчиларнинг рўйхати Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

– Хорижий (халқаро) кузатувчиларнинг сайлов жараёни босқичларидаги мажбуриятлари сайлов қонун ҳужжатларида қандай белгиланган?

– Сайлов қонунчилигида нафақат кузатувчиларнинг ҳуқуқлари балки, уларнинг мажбуриятларининг белгиланиши катта аҳамиятга эга ҳисобланади. Хорижий (халқаро) кузатувчиларнинг сайлов жараёни босқичларидаги мажбуриятлари қўйидагилардан иборат:

ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, қонунларига, жумладан Ўзбекистонда бўлиш қоидаларига, сайловни ташкил этиш ва ўтказиш борасидаги халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган нормаларига амал қилиш; сайлов устидан халқаро кузатувни амалга ошириш борасидаги ўз вазифаларини холислик, сиёсий бетарафлик принципларига амал қилган ҳолда бажариш, сайлов комиссиялари, давлат органлари, мансабдор шахслар, сайлов жараёни иштирокчиларига нисбатан қандай бўлмасин бирон-бир тарзда афзаллик билдиришдан воз кечиш; барча даражадаги сайлов комиссияларига, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига ҳамда бошқа ташкилотларга кирганида МСК томонидан берилган мандатни шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан биргаликда кўрсатиш; ўз хулосаларини ўтказилган кузатув ва ҳақиқий материаллар билан асослантириш.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, хорижий (халқаро) кузатувчиларга юқорида санаб ўтилган мажбуриятларга амал қилишдан ташқари сайлов жараёнларидаги иштироки давомида қуйидагилар ман этилади: сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида бўлиш; фуқароларга таъсир ўтказиш, бирон бир ташвиқот материалини ёки адабиётини тарқатиш; сайловчилардан улар қандай овоз берганлигини суриштириш ёки сайловчиларга сайлов бюллетенига белги қўйишда бирон бир тарзда ёрдам кўрсатиш; сайлов комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан сайлов қутиларини муҳрлаш, уларни очиш, овозларни санаб чиқиш жараёнига аралашиш; бирон бир партия ёки номзодга тегишли рамзий тусдаги белгиларни тақиб ёки олиб юриш; сайлов куни ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиш.

– Сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари ҳамда оммавий ахборот вакилларининг сайлов жараёнларидаги иштироки ва кузатишдаги фаолияти қандай бўлади?

– Сайлов кодексининг 34-моддасида сиёсий партияларнинг ваколатли вакилларининг сайловларда иштироки белгиланган ва бу сайлов жараёнининг фаол иштирокчиси ҳисобланган сиёсий партиялар учун муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партия сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун ваколатли вакил тайинлашга ҳақли.

Сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари шахсини тасдиқловчи ҳужжатни, сиёсий партия томонидан берилган ҳужжатни ва тегишли сайлов комиссиясининг мандатини ўз ёнида олиб юриши шарт.

Мазкур кодекснинг 35-моддасига мувофиқ оммавий ахборот воситаларининг вакиллари сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларни ёритиш, сайлов куни овоз бериш биноларида ҳозир бўлиш, шу жумладан овозларни санаб чиқиш чоғида ҳозир бўлиш ҳуқуқига эга.

Оммавий ахборот воситалари вакилларининг ваколатлари Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари томонидан берилган ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак.

Бошқа давлатларнинг оммавий ахборот воситалари вакилларини Марказий сайлов комиссияси аккредитациядан ўтказади.

– Бўлажак парламент ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларда хорижий (халқаро) кузатувчиларнинг кафолатлари ва бу борада уларга яратиладиган шарт-шароитлар қандай бўлиши керак?

– Хорижий (халқаро) кузатувчиларнинг ваколат муддати уларга мандат берилган кундан бошланади ва сайлов якунлари расман эълон қилинган куни тугайди. Хорижий (халқаро) кузатувчилар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиши вақтида Ўзбекистон Республикаси ҳимояси остида бўладилар ва уларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланади. Хорижий (халқаро) кузатувчилар ўз фаолиятларини мустақил равишда амалга оширадилар.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, МСК, округ сайлов комиссиялари, участка сайлов комиссиялари ўз ваколатлари доирасида хорижий (халқаро) кузатувчилар фаолиятига кўмаклашади.

Сайлов комиссиялари хорижий (халқаро) кузатувчини мандати ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатига асосан рўйхатга олгандан кейин унга ўз ваколатларини тўлақонли ҳамда тўсқинликсиз амалга ошириши учун шароит яратиб беради.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий кенгашларга бўладиган сайлов жараёнларида кузатиш институтининг жорий этилиши ва барча босқичларда маҳаллий ва хорижий кузатувчиларнинг иштирокининг таъминланиши, ўз навбатида, сайловларни очиқ, ошкора ва демократик тамойиллар асосида ўтишини кафолатлашга хизмат қилади.

 

ЎзА мухбири Муаттар РЎЗИБОЕВА суҳбатлашди