• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Сиёсий партиялар учун муҳим синов палласи
19.12.2019
2489
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга сайловлар ҳеч шубҳасиз, йилимизнинг энг муҳим воқеаларидан бири бўлади. Янги Ўзбекистонда ўтаётган янги сайловлар аввалгиларидан тубдан фарқ қилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга сайловлар ҳеч шубҳасиз, йилимизнинг энг муҳим воқеаларидан бири бўлади. Янги Ўзбекистонда ўтаётган янги сайловлар аввалгиларидан тубдан фарқ қилади.

 

Аввало, сиёсий партиялар депутатликка номзодларни сайловчиларнинг кўз ўнгида, меҳнат жамоаларидаги муҳокамаларда танлашди. Ҳар бир номзод ўзининг бўлажак сайловчилари билан эмин-эркин мулоқот қилиб, режаларини очиқ-ошкора баён қилмоқда. Аҳолини қийнаётган энг оғриқли муаммолар бўйича саволларга жавоб бериб, йиллар давомида йиғилиб ётган ўткир масалаларга ҳадиксиз муносабат билдирмоқда.

Бу галги сайловлар айниқса, сиёсий партияларимиз учун жуда муҳим синов бўлиб, овоз бериш натижалари ғалвирни сувдан кўтариб, қайси партиянинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ва маданий-маърифий ҳаётида таъсири ва реал ўрни қай даражада эканлигини рўй-рост аниқлаб беради.

Бугун одамлар аввалгиларга ўхшамайди, халқнинг тафаккур кўзи очилди. Халқимиз энди давлат органлари учун эмас, давлат идоралари оддий одамлар учун хизмат қилиши кераклигининг мантиғини тўғри англаб етган. Улар конституциямизда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликларидан унумли фойдаланмоқдалар.

Бир вақтнинг ўзида ўзбекистонликларда фуқаролик бурч ва масъулиятини ҳис этиш туйғуси ҳам ошиб бораётир. Ҳозир қуруқ ваъда, шиорбозлик, таги пуч умумий олди-қочди мулоҳазалар билан нафақат иш битмайди, балки бу тескари акс-садо беради.

Ҳар бир партия ва номзод мамлакатнинг эртаси ҳамда миллий юксалишимиздаги ўрнини аниқ, дастурий режаларини ҳар жиҳатдан асослаб олган бўлиши керак.

Ҳеч қачон бунчалик кўп хорижий кузатувчи иштирок этган эмас.

Ўзбекистон дунёга очиқлик, амалий ҳамкорлик ва демократик қадриятларга содиқлик сиёсати билан танилмоқда.

Шу боис сайловлар ўзининг шаффофлиги ва қизғин баҳс-мунозаралар руҳидаги кечаётгани билан дунё жамоатчилигида фавқулодда катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу галги сайловларни кузатиш учун хорижлик 825 нафар кузатувчи бевосита иштирок этмоқда. Улар орасида 9 та нуфузли халқаро ташкилот ҳамда 41 та хорижий давлатларнинг вакиллари борлиги эътиборга моликдир.

Етакчи экспертларнинг фикрига кўра, Ўзбекистон сайлов қонунчилигини тизимлаштириб, яхлит Сайлов кодексининг қабул қилгани ўрганишга арзирли фактдир. Сиёсий кураш ва дебатлар майдонининг тўла равишда сиёсий партияларга берилиши, партиялар вакиллари ваколатларининг кенгайиши ҳам аввал кузатилмаган ҳолатдир.

Муқаддам сиёсий партияларнинг сайловолди жараёнларида асосий мақсад ва йўналишлари фарқини бир-биридан ажратиб бўлмас эди. Бу галгида бу ўзига хослик алоҳида-алоҳида намоён бўлаётгани сезилмоқда.

Аввалги сайловларда дебатлар хўжакўрсинга, юринг борайликка ўтган бўлса, бу сафар илк бора очиқ кураш, тафаккур жанги ва ақлий беллашув шаклига киргани ҳам ҳуқуқий ва сиёсий маданият юксалиб бораётганини кўрсатмоқда. Аслида ривожланган демократик давлатлар қаватига чиқишнинг бошқача йўли ҳам йўқ.

 

ИККИ НУТҚ – ХАЛҚНИНГ ТИЛИ ВА ДИЛИДАГИ НУТҚЛАР БЎЛДИ

Йилимизнинг яна бир муҳим воқеалари – ушбу йилда тилимизга давлат тили мақоми берилганига 30 йил тўлиши, Конституциянинг 27 йиллигига бағишланган тантанали байрам маросими ва шу қутлуғ саналар муносабати билан муҳтарам Президентимиз сўзлаган тарихий нутқлари ва халқимиз ғурурининг мисли кўрилмаган юксалиши бўлди.

Тил ҳам, Бош қомус ҳам халқимизнинг озодлиги рамзларидир. Тилини унутган элнинг эртаси бўлмаганидек, қонунларга итоатсиз ерда тартиб ҳам, ривожланиш ҳам бўлмайди.

Улуғ боболаримизга муносиблик, улар меросидан баҳрамандлик, ўзликни англаш шубҳасиз, она тилимиз асосида бўладики, минг афсуски, яқин ўтмишда бу борада ҳам жуда оғир мерос қолди. Етмиш йиллик мустабид оғачилик тузуми таъсири расмий тилимиздан тортиб, кўча гурунгларимизга қадар сингиб кетдики, Президентимиз ўз маърузаларида бундай ғайриодатий амалиётга узил-кесил нуқта қўйиш бўйича дастурий тамойилларни илгари сурдилар. Бош қомусимизга бағишланган нутқда эса адолат, қонун устуворлиги таъминланмас экан, жамият ва давлат бир қадам ҳам олдинга силжий олмаслигини алоҳида таъкидланди.

Бу ўринда гап халқ билан давлат мулоқотининг мутлақо янгича, шу билан таъсирчан йўллари – жамоатчилик назорати ва оммавий ахборот воситалари имкониятларини тўлиқ ишга солиш ҳақида бормоқда.

Ҳар бир амалдор у қандай лавозимда, қайси мартабада бўлишидан қатъий назар, аввало аҳоли олдида ҳисобдорлигини, қонун талабини унутиб қўймаслиги уқтирилди. Оёғи ердан узилган, босар-тусарини билмай қолган, коррупцияга алоқадор мутасаддиларга ортиқ янгиланаётган жамиятда ўрин йўқ. Аммо буни самарали назорат қилиб бориш учун албатта юқоридаги икки шакл ҳеч бир нуқсонсиз ишлашини таъминлаш даркорлиги белгиланди.

Дарҳақиқат, бугун дахлдорлик ҳисси, юрт истиқболи учун куюнчаклик, доим зийраклик ва ҳушёрлик ҳар бир юртдошимиз учун қалб ва виждон амри бўлиши керак. Чунки аслида ҳамма иллатлар ичида энг ёмони – бефарқликдир.

 

ҚЎШ УЙҒУНЛИК – ИЖТИМОИЙ ТАРАҚҚИЁТ БЕЛБОҒЛАРИ

Жамоатчилик назорати ва оммавий ахборот воситалари тўла қонли ишлаши халқнинг ҳуқуқий онги ва қонунчиликдан хабардорлигини таъминлабгина қолмай, барча бўғиндаги бошқарув органлари вакилларининг жиловини қаттиқ тортиб туради. Уларни эзгу иш, фойдали амал билан машғул бўлишини, қонунлар талабига мос келмайдиган хатти-ҳаракатлар, мансабини суиистеъмол қилиш каби салбий ҳолатлардан тийиб туради.

Бу ўзи ҳар қандай ривожланган давлатдан “тепадан буйруқсиз” ҳам пастдан тез ўсиб чиқадиган яшовчан механизмдир. Фақат улар синдирилмаса бўлгани. Шу маънода сўнгги уч йилда журналистларимизга эркин фаолият учун тўсиқларни олиб ташлангани ниҳоятда қувонарли ҳолатдир. Конституция байрамида бу соҳа вакилларига янада кенгроқ шарт-шароитлар ва ҳуқуқий кафолат тизими тақдим этилиши ҳақидаги фикрлар инқилобий ўзгаришларга очилган катта йўлдир.

Жамоатчилик назорати собиқ тузум пайтида “давлат назорати”, “халқ назорати” ниқоби остида шундай йўлга қўйилган эдики, фуқароларни доимий равишда кузатиш, тирноқ тагидан кир ахтариш, одамлар, турли ташкилотлар ўртасида ишончсизлик кайфиятини юзага келтириш, бир сўз билан айтганда, ҳар қандай ижобий ишнинг белига тепиш эди, десак муболаға бўлмайди. Эндиликда бўлса, назорат виждон ишига, миллий юксалиш йўлидаги фидойиликка, эл фаровонлигини таъминлаш борасидаги ташаббускорлик-жонбозликка айланмоқда.

Дунёнинг ривожланган мамлакатларида жамоатчилик назорати бир неча йўналишларда ташкил этилади. Давлатнинг асосий қонунида давлат органлари ўз фаолиятидан жамоатчиликни доимий равишда хабардор қилиб туриш, фуқароларнинг турли сўров ва мурожаатларига ўз вақтида ва аниқ жавоб қайтариш белгиланади.

Ўзбекистон тажрибасида жамоатчилик назорати боис, фуқаролар маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органлари фаолияти, турли йиғинлар, учрашувлар, жамоатчилик эшитувлари орқали ўз қарашлари ва танқидий мулоҳазаларини баён қилмоқда. Муаммоларни ҳал этиш бўйича таклифларини билдиришмоқда. Дунёда ўхшаши йўқ Халқ қабулхоналари орқали давлат-жамият-шахс муносабатларини ўзаро уйғунлаштиришда эл-улус билан очиқ мулоқот қилиш механизми сермаҳсул ишламоқда.

Аммо мудом халқнинг дарду ташвишлари ва ватан равнақини ўйлаётган ҳурматли Президентимиз Асосий қонунимиз қабул қилинган кунга бағишланган айёмда бу ишларни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш бўйича янги талабларни илгари сурдилар.

Бинобарин, ҳар биримиз танқидий таҳлил, ютуқ ва камчиликларга тўғри баҳо бериш, ички ҳисобдорлик, ижтимоий масъулият юки билан яшамас эканмиз, ислоҳотлар кутилган натижасини бермайди. Шу сабабли илгари сурилаётган оммавий қўш уйғунлик фалсафаси халқимизнинг орзу-умидлари ифодаси – ижтимоий тараққиётнинг мустаҳкам белбоғлари бўлиб қолади.

 

Худоёр Маматов,

Юридик фанлар доктори, профессор

ЎзA