Америка Қўшма Штатларининг Халқаро стратегик тадқиқотлар уюшмаси президенти Грегори Купли Оролбўйида бўлиб, сайлов жараёнлари билан танишди.
Жаҳонда машҳур аналитик ва тарихчи Нукус шаҳридаги 16-сайлов участкасида бўлиб, сайловчиларга яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирди. Участка сайлов комиссияси аъзолари билан суҳбатлашди ва ўзини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Мазкур сайлов участкасида жами 2 минг 80 нафар сайловчи рўйхатга олинган бўлиб, шундан 17 нафари муддатидан олдин овоз берган. Халқаро кузатувчи шунингдек, Мўйноқ туманидаги 360-сайлов участкасига ҳам ташриф буюрди.
Латвиялик халқаро кузатувчи Ольга Павук бугун Нукус шаҳридаги қатор сайлов участкаларида бўлди.
– Ўзбекистондаги сайловларда иккинчи марта иштирок этишим, – дейди халқаро кузатувчи Ольга Павук. – Дарҳақиқат бу йилги сайловлар уюшқоқлик билан ўтаётганининг гувоҳи бўлдим. Айрим сайлов участкаларида сайловчиларнинг соат 8 дан олдин келиб турганлиги бунинг яққол исботидир. Бу сўнгги йилларда мамлакатингизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ижобий самараси деб биламан.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА