• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Котиби Худоёр МАМАТОВнинг брифингдаги НУТҚИ
22.12.2019
2767
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 51-моддасига биноан, бугун соат 8.00 да Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатларининг сайлови мамлакатимиз ҳудудида ташкил этилган 10 минг 260 та сайлов участкаларида, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида бошланиб, сайловчиларнинг овоз бериш жараёни Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси ва сайловга оид норматив ҳужжатларига тўла мувофиқ ва самарали давом этмоқда.

 

МСК Халқаро матбуот маркази.

Соат: 13.00. 2019 йил 22 декабрь.

 

Ассалому алайкум Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

 

Хонимлар ва жаноблар!

 

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 51-моддасига биноан, бугун соат 8.00 да Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатларининг сайлови мамлакатимиз ҳудудида ташкил этилган 10 минг 260 та сайлов участкаларида, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида бошланиб, сайловчиларнинг овоз бериш жараёни Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси ва сайловга оид норматив ҳужжатларига тўла мувофиқ ва самарали давом этмоқда.

 

Марказий сайлов комиссияси ҳамда барча сайлов округлари ва участкалари билан доимий алоқа ўрнатилган. “Янги Ўзбекистон — Янги сайловлар” шиори остида ўтаётган сайловларда, депутатликка номзодлар учун овоз бериш жараёнида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида фуқароларимиз, сайловчиларимиз кўтаринки кайфиятда фаол иштирок этмоқдалар.  

 

Кўриб турганингиздек, Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги 60 та сайлов участкасида ўрнатилган 120 та видеокамера сайловчиларнинг овоз бериш жараёнини Халқаро матубот марказида ўрнатилган мониторда ва Марказий сайлов комиссиясининг интернет тармоғидаги расмий Веб-сайтида тўғридан-тўғри онлайн режимида намойиш қилиб турибди.

 

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари сайловда юксак сиёсий фаолликни намоён этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 96-моддасига биноан, агар сайловчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг ўттиз уч фоизи овоз беришда иштирок этган бўлса, сайлов ўтган ҳисобланади. 

Буни жойлардан ҳозиргача олинган қуйидаги маълумотлар ҳам тасдиқлайди. Ҳозирга қадар сайловчиларнинг  7 миллион 971 минг 252 нафари ёки 42,4 фоизи овоз берди.

Демак жорий сайловлар ўтган деб ҳисобланади ва бу билан барча сайлов жараёни иштирокчиларини, халқимизни табриклайман. 

Сайловлар халқаро меъёрлар ва стандартларга мос миллий сайлов қонунчилигимизга, унда белгиланган очиқлик, ошкоралик ва адолатлилик каби демократик принципларга тўла мос ҳолда ўтказилмоқда. 

Сайлов кодексига биноан, Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси – сайловчи тенг сайлов ҳуқуқига эга. Сайловда эркин ва яширин овоз берилади. Овоз берувчиларнинг хоҳиш-иродаси назорат қилинишига йўл қўйилмайди. 

Сайлов қонунчилиги нормаларига мувофиқ, соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмаган сайловчилар учун участка сайлов комиссиялари овоз беришни ўша сайловчилар турган жойда ташкил этмоқда. 

Сайловларни тўққизта нуфузли халқаро ташкилотидан ҳамда 41 та хорижий мамлакатидан келган 825 нафар халқаро кузатувчилар бевосита кузатиб борамоқда.  

Бундан ташқари, депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқари органларидан ҳам сайловларни бевосита кузатиб бормоқда ва бу кузатув сайловларни қонуний ўтишини таъминлашга хизмат қилмоқда.

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ҳамда ҳудудий сайлов комиссиялари томонидан аккредитациядан ўтказилган миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг минг нафардан зиёд вакиллари, журналистлар сайловлар жараёнини фаол ёритиб бормоқда. Бунинг учун биз уларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз ва жараёнларни холис ёритиб боришларида муваффақият тилаймиз.

Марказий сайлов комиссиясига ҳудудлардан сайлов жараёнига оид маълумотлар келиб тушмоқда.

Умуман олганда сайловлар амалдаги қонунчилик меъёрлари ва халқаро стандартларга тўла мос равишда ўтмоқда.

Шу билан бирга, айрим сайлов участкаларида сайлов маълум бир қонунбузилишларга йўл қўйилаётгани тўғрисида хабарлар келмоқда.

Хусусан,  бир сайловчи томонидан 2 ёки 3 нафар сайловчи ўрнига бюллетень берилгани, сайловолди ташвиқоти олиб борилгани, оилавий овоз беришга шароит борлиги ҳақида мурожаатлар бўлди.

Аниқ мисолларга эътиборларингизни қаратсам: “Чирчиқ шахридаги 197 ва 198 сайлов участкаларида Чирчиқ шаҳар кенгашига номзод ДАФТИРОВ САРДОР РАВШАН ўғли 1991 йилда туғилган “Адолат” СДПдан номзод ташвиқот тадбирларини олиб бораётганлиги” ҳақида мурожаат бўлди, зудлик билан назоратга олинди ҳамда Прокуратура органларига юборилди. Натижаси ҳақида қўшимча ахборот берилади. Эслатиб ўтамиз 21-декабрдан бошлаб сайловолди ташвиқотини олиб бориш Сайлов кодексига мувофиқ тўхтатилган.

“Қўйлиқ туманидаги 374-сайлов участкасида Экология партияси кузатувчиси ҳар бир сайловчи 3 тадан бюллетен олиб, урнага ташлаяпти деб участкада жанжал кўтармоқда” деган мурожаат бўлди. Буни ўрганиш натижасига кўра жанжал ушбу кузатувчи тушунмаганлиги оқибатида келиб чиққан у билан ИИВ ходимлари ва комиссия аъзолари ҳамкорлигитда тушунтириш олиб борилди. Чунки, 3 та сайлов Олий Мажлис ҚПга, Вилоятга ва туманга сайлов, шундай экан ҳар бир сайловчига 3 тадан бюллетень, яъни ОМ ҚП депутатлигига номзодлар учун битта, Вилоят кенгаши депутатлигига номзод учун битта ва туман ёки шаҳар кенгаши депутатлигига номзод учун биттадан бюллетень берилади. Бундай тушунмовчиликларга ўз ўрнида зудлик билан аниқлик киритилди.

“Бекобод туманидаги 260-сайлов участкаларида оилавий овоз беришга ҳаракатлар бўлаётганлиги ҳақида мурожаат бўлди”. Бироқ, бу ҳаракатлар УСК аъзолари томонидан ўз вақтида бартараф этилган. Бундай ҳолатларга умуман йўл қўйилмаслигини, ҳар бир сайловчи бир овозга эга эканлигини яна бир бор таъкидлаймиз.

Яна бир бора барча округ ва участка сайлов комиссиялари эътиборига эслатиб ўтамиз:

Сайлов кодексининг 60-моддасига асосан агар сайлов комиссиялари фаолиятида сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши аниқланган тақдирда тегишли сайлов комиссиялари такрорий сайловни ўтказиш туўғрисида қарор чиқариши мумкин.

Мазкур қонун талаби Марказий сайлов комиссияси томонидан қатъий таъминланади. Шунинг учун барча сайлов комиссиялари аъзоларига Сайлов кодекси талабларига қатъий риоя қилишларини сўраб ўтамиз.

 

Марказий сайлов комиссиясида фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш ҳамда ОАВда узатилаётган маълумотларни мониторинг қилиш бўйича штаб шакллантирилган. Улар сайлов қонунчилигининг ҳар қандай бузилиши ҳақидаги ахборотни зудлик билан ўрганиб, таҳлил қиладилар ва асослар бўлса тегишлича қонуний чора кўрилишини таъминлайдилар.

Бу борада Марказий сайлов комиссияси, ҳудудлардаги сайлов комиссиялари томонидан прокуратура органлари ва маъмурий суд идоралари билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Фурсатдан фойдаланиб ҳамма кузатувчилардан, хорижий ва маҳаллий кузатувчилардан барча сайлов участкаларида овоз бериш жараёнларини ҳам, овозларни санаш ва натижаларни чиқариш жараёнларини ҳам фаол кузатиб боришларини сўраб қолар эдик.

 

Эътиборингиз учун раҳмат!