Жорий йилнинг 23 декабрь куни Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот марказида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилари миссияси иштирокида пресс-брифинг бўлиб ўтди.
ШҲТ Бош котиби ўринбосари, ШҲТ кузатувчилар миссияси раҳбари Се Сяоюн сайловларни кузатиш бўйича хулосаларни баён қилди.
Унда ШҲТ Ташқи ишлар вазирлиги таклифига биноан ҳамда Марказий сайлов комиссияси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини кузатиш бўйича Ўзбекистонга келган ШҲТ кузатувчилари делегацияси ўзининг эллигинчи юбилей миссияси фаолиятини муваффақиятли якунлаганлигини эътироф этишди.
ШҲТ миссияси аъзолари Ўзбекистондаги парламент ва маҳаллий кенгашларга сайловларни кузатиш учун жорий йил 16 декабрь куни келишган.
Се Сяоюн миссия таркибида Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Хитой, Покистон, Тожикистон каби давлатлардан 20 нафар кузатувчи экспертлар борлигини айтиб ўтди.
Сайлов кунига қадар миссия кузатувчилари сайловга тайёргарлик жараёнлари билан танишган. Делегация раҳбарининг қайд этишича, Ўзбекистон давлати томонидан сайловнинг демократик талаблар асосида ўтиши учун барча зарур шарт-шароит таъминлаб берилган.
-“Сайловгача бўлган жараёнда халқаро стандартларга мувофиқ келадиган, сайловга оид бир неча қонунларни яхлитлаштирган Сайлов кодекси қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов билан боғлиқ барча ташкилий ишлар яхши амалга оширилган.
Миссия вакиллари Тошкент, Фарғона, Наманган, Андижон, Самарқанд, Бухоро вилоятларидаги турли сайлов участкаларида бўлиб, тайёргарликни ҳам, сайлов қандай ўтказилганини ҳам бевосита кузатишди.
Сайловчиларнинг эркин овоз бериши учун барча имкониятлар яратилганини, айниқса имконияти чекланган шахсларга ҳам зарур шароитлар таъминлангани эътиборга лойиқ. Хорижий давлатлардаги фуқароларга ҳам овоз бериш учун максимал қулайлик яратилган. Муддатидан олдин овоз бериш учун ҳам зарурий чоралар кўрилган.
Сайлов куни муҳрланган сайлов қутилари, сайлов участкаларида видеокузатув йўлга қўйилганига бевосита гувоҳ бўлдик.
Аҳоли сайловларда фаол иштирок этди. Миссия кузатувчиларига сайловдан олдин ҳам, сайлов куни ҳам ҳеч қандай эътироз ва шикоятлар билдирилмади.” – деди Се Сяоюн.
ШҲТ кузатувчилари миссияси раҳбари Ўзбекистонда сайловлар шаффоф, демократик тарзда муваффақиятли ўтганини эътироф этар экан, халқимизни бу ютуқ билан табриклади.