• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Депутатлар Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни кўриб чиқдилар
22.01.2020
1466
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида янги шаклланган парламент қуйи палатаси депутатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни кўриб чиқдилар.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, парламент қуйи палатаси депутатлари Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни кўриб чиқиши ва маъқуллаши керак. Шунга асосан, 2020 йил 22 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида янги шаклланган парламент қуйи палатаси депутатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни кўриб чиқдилар.

Мажлисда алоҳида қайд этилганидек, мамлакатимиз Президентининг шу йил 20 январь куни Қонунчилик палатасидаги маърузасида парламент фаолиятини такомиллаштириш, тўғридан-тўғри амал қиладиган, халқ манфаатларини назарда тутадиган қонунларни қабул қилиш, умуман олганда, жамият ҳаётининг турли жабҳаларини изчил ривожлантиришга қаратилган устувор вазифалар белгилаб берилди. Шунингдек, таъсирчан парламент назоратини олиб бориш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Парламентнинг ҳозирги ривожланиш босқичида давлатимиз раҳбарининг тавсиялари билан амалиётга жорий этилаётган демократик институтлар ва парламент назорати шаклларидан бири янги Ҳукумат таркибини Қонунчилик палатасида муҳокама қилиш ва маъқуллашни амалга оширишдир.

Бундай тартиб давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг халқ вакиллари ва жамият ҳамда фуқаролар олдида масъуллигини янада оширади. Шу маънода, Ҳукумат аъзолигига номзодларнинг Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилиши ва маъқулланиши халқ ҳокимиятчилигининг яққол ифодасидир. Бу, ўз навбатида, жойлардаги муаммоли масалаларни қисқа фурсатда ҳал этиш, шунингдек, қонунлар нормаларининг самарали қўлланишида ҳам муҳим омил бўлиб қолмоқда.

Шуни қайд этиш жоизки, парламент қуйи палатасида қарор топган янги амалиёт асосида Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг масъул қўмиталарида, сўнгра сиёсий партиялар фракциялари йиғилишларида дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Мажлисда Ҳукумат аъзосининг лавозимига номзодларнинг ҳар бири Вазирлар Маҳкамасининг ҳаракатлар дастури билан ўзаро боғлиқ бўлган, истиқболга мўлжалланган мақсадли аниқ кўрсаткичлар ва натижаларга эришиш борасидаги ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, ташкилий-техник чора-тадбирларни назарда тутувчи ҳаракатлар режасини тақдим этдилар.

Шундан сўнг савол-жавобларга ўтилди.

Ҳукумат аъзолигига номзоди кўрсатилганлар парламент аъзолари томонидан кўтарилган долзарб масалалар ҳамда саволларга атрофлича жавоб қайтардилар. Улар эътиборига мазкур лавозимга киришганидан сўнг вазирликлар билан парламент ўртасидаги муносабатлар янада фаол ва самарали бўлишини билдирдилар.

Савол-жавоб ва қизғин муҳокамалардан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бош вазирнинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари, вазир ва давлат қўмиталари раислигига номзодларни маъқуллаш ҳақида тегишли қарорлар қабул қилдилар.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланганидан кейин ўз вазифаларини бажаришга киришадилар.